Skip to content
Jum. Apr 18th, 2025

Навбаҳор туман ҳокимлиги биносида Навбаҳор туманлараро иқтисодий суди раиси Б.Джумаев ҳамда фуқаролик ишлари бўйича Навбаҳор туманлараро суди раиси А.Хамраев бошчилигида “Судларда ерга оид низоларни кўришдаги мавжуд муаммолар” мавзусида семинар ўтказилди.

Мазкур тадбирда турли соҳа вакиллари, хусусан, туман ҳокимлиги, Кадастр агентлиги, Давлат кадастрлар палатаси, Агросаноат мажмуи устидан назорат қилиш инспекцияси, фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари кенгаши, прокуратура, адлия, солиқ идоралари масъул ходимлари ҳамда ҳуқуқшунослар иштирок этди.

Семинарда, Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 68-моддасига кўра ер, ерости бойликлари, сув, ўсимлик ва ҳайвонот дунёси ҳамда бошқа табиий ресурслар умуммиллий бойликдир, улардан оқилона фойдаланиш зарур ва улар давлат муҳофазасида эканлиги тўғрисида атрофлича сўз юритилди.

Ер кодексининг 31-моддасига мувофиқ, юридик ва жисмоний шахсларнинг ер участкасига бўлган ҳуқуқи жойнинг ўзида чегаралар белгиланганидан, ер участкаларининг планлари ва тавсифлари тузилиб, ер участкаларига бўлган ҳуқуқ давлат рўйхатига олингандан кейин вужудга келади.

Навбаҳор туманлараро иқтисодий судига 2024 йил давомида ерга оид 18 та иқтисодий иш кўрилиб, мазкур ишларнинг 2 таси рад этилган, 1 таси қайтарилган, 4 таси бошқа судларга юборилган, 11 таси қаноатлантирилган.

Ўзбекистон Республикаси Олий суди Пленумининг 2023 йил 20 ноябрдаги “Судларда ерга оид низоларни кўришда қонунчилик ҳужжатлари нормаларини қўллашнинг айрим масалалари тўғрисида”ги 28-сонли Пленум Қарорининг 8-бандида ерга оид ҳуқуқий муносабатлардан келиб чиқадиган низолар тааллуқлилигига кўра фуқаролик ишлари буйича судлар ёки иқтисодий судлар томонидан кўрилиши хусусида маълумот берилди.

Мазкур семинар ҳокимлик, корхона, ташкилот ва муассасалар томонидан ерга оид низолар бўйича судларга даъво аризалари киритилишида, талабларни тўғри қўйиш, судгача тартибга риоя этиш, даъво аризаларига тегишли ҳужжатларни илова этиш ҳамда даъво аризаси бўйича суд ҳаражатлари тўғрисида амалдаги қонун нормалари ва тартибларига риоя этиб, уларнинг қонуний киритилишига хизмат қилиши билан аҳамиятли бўлди.

 

Бекзод Джумаев,

Навбаҳор туманлараро иқтисодий судининг раиси

 

Акрам Хамраев,

Фуқаролик ишлари бўйича Навбаҳор туманлараро судининг раиси

By admin

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan