Фуқароларнинг судларга бўлган мурожаатларини улар учун қулай бўлган жойда қабул қилинишини таъминлаш, суд-ҳуқуқ тизимидаги ислоҳотлар, қонунчиликка киритилган ўзгартиришлар ва уларнинг мазмун-моҳиятини аҳолига тушунтириш, шунингдек “Менинг маҳаллам-менинг судьям” ғояси остида Зарафшон шаҳридаги А.Навоий МФЙда сайёр учрашув ташкил этилди.
Мазкур сайёр қабул жиноят ишлари бўйича Зарафшон шаҳар судининг раиси А.Исоқов ва тергов судьяси Д.Эргашева, Зарафшон туманлараро иқтисодий суди раиси Ш.Ғофуров томонидан ўтказилиб, аҳолининг мурожаатлари тингланди ва уларга ҳуқуқий тушунтиришлар берилди.
Сайёр қабулдан сўнг фуқароларга маҳалла ҳудудида содир этилган ҳуқуқбузарликлар тўғрисида кўрилган ишлар мисолида маълумотлар берилиб, келгусида мазкур салбий ҳолатларнинг олдини олиш юзасидан зарур тавсиялар бериб ўтилди.
Шунингдек, йиғилганларга суд раислари томонидан янги таҳрирдаги Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг мазмун моҳияти, Коррупция ва одам савдосига қарши курашиш, бундай жиноятлар учун қонунчиликда назарда тутилган жазо чоралари ҳақида батафсил тушунтириш берилди.
Шерзод Ғофуров,
Зарафшон туманлараро иқтисодий судининг раиси
Анвар Исоков,
Жиноят ишлари бўйича Зарафшон шаҳар судининг раиси
Дилобар Эргашева,
Жиноят ишлари бўйича Зарафшон шаҳар судининг тергов судьяси