Жиноят ишлари бўйича Хатирчи туман судининг 2025 йил биринчи ярим йиллигига
мўлжалланган иш режасининг 3 банди ижроси таъминлаш мақсадида туман судининг тергов
судяси А.Норбеков томонидан Хатирчи туман ИИБ ҲПБ бўлими
ва ЙҲХБ ҳодимлари иштирокида семинар машғулоти ўтказилди.
Йиғилишда туман суди тергов судяси А.Норбеков сўзга чиқиб, мамлакатимизда суд-ҳуқуқ тизимини янада такомиллаштириш,
қонун устуворлигини таъминлаш бўйича амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар юзасидан гапириб
ўтиб, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2024 йил 10 июндаги “Тезкор-қидирув
ҳамда тергов фаолиятида шахснинг ҳуқуқ ва эркинликларини ишончли ҳимоя қилиш кафолатларини
янада кучайтириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ПФ-89-сонли Фармони мазмун-моҳиятини
тушунтириб, фармонга кўра, 2025 йил 1 январдан бошлаб жиноят ишлари бўйича судга
қадар иш юритув даврида процессуал қарорларга санкция бериш масаласи жиноят ишлари
бўйича туман, шаҳар судларида алоҳида судьялар – тергов судьялари томонидан кўриб
чиқилиши тартиби жорий этилиб, жиноят ишлари бўйича туман, шаҳар судларида тергов
судьяси лавозими киритилганлиги, шунингдек, тергов судьяларига маъмурий ҳуқуқбузарликлар
тўғрисидаги ишларни кўриб чиқиш ваколати берилганлиги тўғрисида тушунтиришлар берди.
Маърузачи суриштирув органи томонидан маъмурий ҳуқуқбузарликка
оид иш ҳужжатларини юритиш ва расмийлаштириш жараёнида йўл қўйилаётган хато ва камчиликлар,
маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисидаги баённомани тузиш, баённома мазмуни ва
жўнатиш тартибига тўхталиб ўтди.
Ҳуқуқбузарлик содир этган шахс баённомани имзолашдан бош тортган тақдирда,
баённомага бу ҳақда ёзиб қўйилиши, ҳуқуқбузарлик содир этган шахс баённоманинг мазмуни
юзасидан баённомага илова қилинадиган тушунтириш ва мулоҳазаларини беришга, шунингдек
мазкур баённомага имзо чекишдан бош тортиш сабабларини баён этишга ҳақлилиги, суриштирув
органи ходими томонидан баённомани тузиш вақтида ҳуқуқбузарга МЖтКнинг 294-моддасида
назарда тутилган унинг ҳуқуқ ва бурчлари тушунтириши ва бу хусусида баённомага ёзиб
қўйиши лозимлиги таъкидлаб ўтилди.
Шундан сўнг, туман судининг тергов судьяси Ўзбекистон Республикаси МЖтКнинг
282-моддаси тартибида маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисидаги баённомани жўнатиш тартибига
тўхталиб ўтди.
Жумладан, баённома бошқа ҳужжатлар ва иш бўйича ашёвий далиллар билан бирга
ҳуқуқбузарлик содир этилган ёки аниқланган пайтдан бошлаб бир суткадан кечиктирмай
маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисидаги ишларни кўриб чиқиш ваколатига эга бўлган орган
(мансабдор шахс)га юборилиши ҳамда маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисидаги баённомага
илова қилиниши лозим бўлган ҳужжатлар тўғрисида гапириб ўтди.
Шунингдек, туман судининг тергов судьяси А.Норбеков туман ИИБ ҲПБ бўлими ва ЙҲХБ
ходимларига келгусида ҳуқуқбузарликларни олдини олиш, аниқлаш, ҳуқуқбузарларга жазо
муқаррарлигини таъминлаш мақсадида жиноят иши қўзғатиш рад қилинган маъмурий ишларни
судда ишни кўриш муддатини инобатга олиб, қисқа муддатларда судга тақдим этиш, тўпланган
ҳужжатлар электрон маълумотлар базасига тўғри киритилиши ҳамда маъмурий ҳуқуқбузарлик
тўғрисидаги иш материалларини МЖтКнинг 281-282-моддалари талабларига риоя қилган
ҳолда расмийлаштирилиши лозим эканлигини таъкидлаб ўтди.
Норбеков Аслиддин,
Жиноят ишлари бўйича Хатирчи туман судининг тергов судьяси