Шуни таъкидлаш жоизки, мамлакатимизда бола ҳуқуқларини
ҳимоя қилиш ва кафолатлашнинг ҳуқуқий асослари яратилди. Энг муҳими, бу ҳуқуқий
асосларнинг мазмун-моҳиятига бола ҳуқуқлари ҳимояси борасидаги миллий ва умуминсоний
ғоялар баб-баравар сингдирилди.
Ўзбекистон Бола ҳуқуқлари тўғрисидаги конвенцияга 1992
йил 9 декабрда қўшилган бўлиб, Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг мазкур
Конвенция талабларига қатъий риоя этиб келмоқда.
Мазкур ҳужжатда инсониятнинг узвий
бўлаги сифатида тан олинган болаларнинг фуқаролик, сиёсий, ижтимоий, иқтисодий
ҳуқуқлари кафолатланган.
Сўнги йилларда юртимизда бола
ҳуқуқлари кафолатларини мустаҳкамлаш бўйича бир қатор норматив-ҳуқуқий
ҳужжатлар қабул қилинди.
Конституциямизнинг 77-моддасига
биноан, ота-оналар ва уларнинг ўрнини босувчи шахслар ўз фарзандларини вояга
етгунига қадар боқиши, уларнинг тарбияси, таълим олиши, соғлом, тўлақонли ва
ҳар томонлама камол топиши хусусида ғамхўрлик қилишга мажбурдирлар.
Давлат ва жамият етим болаларни
ҳамда ота-онасининг васийлигидан маҳрум бўлган болаларни боқишни, тарбиялашни,
уларнинг таълим олишини, соғлом, тўлақонли ва ҳар томонлама камол топишини
таъминлайди, шу мақсадда хайрия фаолиятини рағбатлантиради.
Конституциямизнинг 78-моддасига
асосан, боланинг ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларини таъминлаш
ҳамда ҳимоя қилиш, унинг жисмоний, ақлий ва маданий жиҳатдан тўлақонли
ривожланиши учун энг яхши шарт-шароитларни яратиш давлатнинг мажбуриятидир.
Оналик, оталик ва болалик давлат томонидан муҳофаза қилинади.
Бугунги кунда Ўзбекистонда «Бола
ҳуқуқларининг кафолатлари тўғрисида», «Вояга етмаганлар ўртасида назоратсизлик
ва ҳуқуқбузарликларнинг профилактикаси тўғрисида»ги ва «Болаларни уларнинг
соғлиғига зарар етказувчи ахборотдан ҳимоя қилиш тўғрисида»ги қонунлар амал
қилиб келинмоқда.
Булардан ташқари, 2024 йил 14
ноябрда «Болаларни зўравонликнинг барча шаклларидан ҳимоя қилиш тўғрисида»
қонуни қабул қилиниб, 2025 йил 15 майдан кучга кириши белгилаб қўйилди.
Болаларнинг ҳуқуқлари ва
манфаатларини ҳимоя қилиш бўйича ихтисослаштирилган институт яқин вақтга қадар
мавжуд эмасди. Шу маънода, Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили
(омбудсман) ўринбосари-Бола ҳуқуқлари бўйича вакил лавозимининг жорий этилиши
маъқулланганлиги ниҳоятда муҳимдир.
Ўзбекистонда 18 ёшгача бўлган шахс
бола деб тан олинади. Ўн саккиз ёшга тўлмаган болаларнинг ҳуқуқлари ва қонун
билан қўриқланадиган манфаатларини судда уларнинг қонуний вакиллари_ота-оналари, уларни фарзандликка
олганлар, ҳомийлар ёки васийлар ҳимоя қилади.
Лекин маълум ёшдаги болалар айрим
ҳуқуқларини мустақил амалга ошириши мумкин.
Жумладан, болаларнинг давлат
органларига бевосита қилган мурожаатларини кўриб чиқиш кафолатланган. Бола
тўлиқ муомала лаёқатига эга эмаслиги важлари билан бу турдаги мурожаатларни
кўрмасдан қолдиришга йўл қўйилмайди.
Яна бир мисол: айтайлик, ўн саккизга
ёшга тўлмаган шахсларга алимент тўлаш ҳақида ота-она ўртасида келишув
бўлмаганда ёки алимент ихтиёрий равишда тўламаганда ота-онадан бирортаси ҳам алимент
ундириш тўғрисида судга мурожаат қилмаган. Бундай ҳолларда, 14 ёшга тўлган бола
ўзининг таъминоти учун ота ёки онадан ёхуд ота-онаси билан бирга яшамаётган
бўлса, бир вақтнинг ўзида ота-онанинг ҳар иккаласидан қонунда белгиланган
миқдорда алимент ундириш тўғрисида даъво қўзғатишга ҳақли.
Конвенциянинг 3-моддасида, болани
ижтимоий қўллаб-қувватлаш, суд, маъмурий
бошқарув ва қонунчилик органлари томонидан қарорлар қабул қилишда
боланинг энг устун манфаатлари кўзланиши тавсия қилинган.
ЮНИСЕФ тавсиясига кўра, бола
манфаатларида судларга киритилган даъволар бож ва бошқа тўловлардан озод
қилиниши мақбул ҳисобланади.
Шу маънода, юртимизда болаларни
ҳимоя қилиш мақсадида судларга ариза билан мурожаат қилишда даъвогар давлат божи тўловлардан озод
этилиши билан боғлиқ берилган имтиёз ҳам халқаро андозаларга тўла муносибдир.
Давлатимиз раҳбари таъкидлаганидек,
«Биз учун жамиятда бегона бола йўқ ва бўлмаслиги керак. Ҳаммаси ўзимизнинг,
Ўзбекистонимизнинг болалари. Вақтида меҳр кўрсатсак, ишга, илмга, касбу-ҳунарга,
эзгу фазилатларга ўргатсак, уларни йўлини очиб берсак, эртага фойдаси ўзимизга,
жамиятимизга тегади».
Нурбек
Умаров,
Навоий вилоят судининг судьяси