Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 68-моддасига кўра, ер, ерости бойликлари, сув, ўсимлик ва ҳайвонот дунёси ҳамда бошқа табиий ресурслар умуммиллий бойликдир, улардан оқилона фойдаланиш зарур ва улар давлат муҳофазасидадир.
Мазкур Конституциявий норма талаби бевосита тегишли давлат ташкилотлари томонидан бажарилиб, бу борада қонунчилик талабларини бузган шахсларнинг жавобгарлик масалалари кўриб борилади.
Бош Қомусимизнинг 15-моддасида, давлат ва унинг органлари, бошқа ташкилотлар, мансабдор шахслар, фуқаролик жамияти институтлари ҳамда фуқаролар Конституция ва қонунларга мувофиқ иш юритишлари назарда тутилган.
Қуйида суд амалиётида кўрилган бир иш мисолида давлат ташкилоти томонидан қонунчилик талабларига риоя этилмаслигининг ҳуқуқий оқибатлари ҳақида сўз юритилади.
Навоий шаҳар прокуратураси Навоий шаҳар ҳокимлиги (кейинги ўринларда даъвогар деб юритилади) манфаатида жавобгар “28 M2 FACADE DESIGN” масъулияти чекланган жамияти (кейинги ўринларда жавобгар деб юритилади)га нисбатан судга даъво аризаси билан мурожаат қилиб, унда жавобгарга ажратилган жами 100 м.кв ер майдонига доимий фойдаланиш ҳуқуқини бекор қилишни ҳамда ер майдонини олиб қўйишни сўраган.
Биринчи инстанция судининг 2024 йил 20 мартдаги ҳал қилув қарори билан даъво аризаси қаноатлантирилиб, жавобгарнинг ер участкасига бўлган доимий фойдаланиш ҳуқуқи бекор қилинган ва низоли ер майдонини жавобгардан олиб қўйиш белгиланган.
Бундан норози бўлган жавобгар кассация шикоятини бериб, суднинг ҳал қилув қарорини бекор қилиб, даъво талабини рад этиш ҳақида янги мазмундаги қарор қабул қилишни сўраган.
Мазкур шикоятнинг кассация инстанциясида кўриб чиқилишида, даъвогар томонидан ерга оид қонунчилик талаблари бузилганлиги аниқланди.
Хусусан, Ўзбекистон Республикаси Ер кодекси (бундан буён матнда Ер кодекси деб юритилади) 36-моддасининг биринчи қисмида, бутун ер участкасига ёки унинг бир қисмига эгалик қилиш ҳуқуқи ёхуд ундан доимий ёки муддатли фойдаланиш ҳуқуқи, шунингдек ер участкасини ижарага олиш ҳуқуқи қишлоқ хўжалиги эҳтиёжлари учун берилган ер участкасидан бир йил мобайнида ва қишлоқ хўжалиги соҳасига тааллуқли бўлмаган эҳтиёжлар учун берилган ер участкасидан икки йил мобайнида фойдаланилмаганида бекор қилиниши, учинчи қисмида, ер участкасига эгалик қилиш ҳуқуқини ёки ер участкасидан доимий ёхуд вақтинча фойдаланиш ҳуқуқини ушбу модда биринчи қисмининг 6-11-бандларида кўрсатилган ҳолларда тугатиш ушбу Кодекснинг 38-моддасида белгиланган тартибда суд томонидан амалга оширилиши назарда тутилган.
Ер кодексининг 38-моддасининг биринчи қисмида, Ушбу Кодекс 36-моддаси биринчи қисмининг 6-11-бандларида назарда тутилган ҳолларда, шунингдек ер тўғрисидаги қонунчилик бузилган бошқа ҳолларда ерлардан фойдаланиш ва уларни муҳофаза қилиш устидан давлат назоратини амалга оширувчи орган ер эгасини ёки ердан фойдаланувчини олдиндан огоҳлантирганидан кейин туман, шаҳар ҳокимига ер участкасини олиб қўйиш ҳақида тақдимнома киритади. Туман, шаҳар ҳокими тақдимнома асосида бир ойлик муддатда уни олиб қўйиш ҳақида судга даъво аризаси киритиши белгиланган.
Бироқ, Кадастр агентлиги Навоий шаҳар бўлимининг 2023 йил 31 октябрдаги огоҳлантириш хати жавобгарнинг юридик манзилига эмас, балки Зарафшон шаҳридаги бошқа манзилга юборилган.
Шунингдек, Кадастр агентлиги Навоий шаҳар бўлими Навоий шаҳар ҳокимига 2023 йил 26 сентябрь куни 01-15/206-сонли тақдимнома киритган бўлсада, ушбу тақдимнома асосида шаҳар ҳокимлиги томонидан Ер кодексининг 38-моддасида белгилаб қўйилган асос бўйича бир ойлик муддатда ерни олиб қўйиш ҳақида судга даъво аризаси киритилмаган.
Бундан ташқари, Кадастр агентлиги Навоий шаҳар бўлимининг 2024 йил 6 февралдаги огоҳлантириш хати иккинчи маротаба жавобгарнинг юридик манзилига эмас, балки Зарафшон шаҳридаги бошқа манзилга юборилган.
Қолаверса, Кадастр агентлиги Навоий шаҳар бўлими қонун ҳужжатларида назарда тутилмаган орган Навоий шаҳар прокурори номига 2024 йил 6 февраль куни 44-сонли тақдимнома киритиб хатоликка йўл қўйган.
Ўзбекистон Республикаси Иқтисодий процессуал кодекси 107-моддаси 1-қисмининг 5-бандига кўра, суд даъвогар низони судгача ҳал қилиш (талабнома юбориш) тартибига риоя этмаган бўлса, башарти бу шу тоифадаги низолар учун қонунда ёки тарафлар шартномасида назарда тутилган бўлса, даъво аризасини кўрмасдан қолдиради.
Шу боис судлов ҳайъати Навоий шаҳар ҳокимлиги томонидан Ер кодексининг 38 моддасида белгилаб қўйилган тартибга риоя қилмасдан даъво аризаси киритган деб ҳисоблаб, ҳал қилув қарорини бекор қилишни, иш бўйича янги қарор қабул қилиб, даъвонинг ер майдонидан фойдаланиш ҳуқуқини бекор қилиш ҳақидаги қисми кўрмасдан қолдиришни ҳамда даъвонинг ер майдонини олиб қўйиш ҳақидаги қисми қаноатлантиришдан рад этишни, Навоий шаҳар ҳокимлигидан давлат фойдасига 10.200.000 сўм давлат божи ундиришни лозим топган.
Зеро, юқорида таъкидланганидек, қонунчиликда белгиланган талабларга нафақат фуқаролар, балки давлат органлари ҳам риоя этишга мажбурдир.
Лутфулло Тошмуродов,
Навоий вилоят судининг судьяси