Коррупция ҳар қандай давлат ва жамият ривожига салбий таъсир кўрсатувчи хавфли омил, бу омил туфайли давлатнинг ривожланиши секинлашади, бу иллат жамиятни турли йўллар билан исканжага ола бошлайди, натижада ҳукумат тизими ишдан чиқади, демократик институтларга путур етади, қонун устуворлигига жиддий зиён етказади, инсон ҳуқуқлари бузилади, унинг салбий таъсири остида фуқароларнинг адолатга, ҳақиқатга ва давлат органларига ишончи йўқолади, жамиятда инсоният хавфсизлигига таҳдид солувчи уюшган жиноятчилик, терроризм каби салбий ҳодисалар илдиз отади.
“Коррупция” атамасининг лўғавий маъноси ҳам лотинча “оруптио” сўзидан олинган бўлиб, пора бериб сотиб олиш, маънавий жиҳатдан бузилиш, ишдан чиқиш деган маъноларни англатади, қонун ҳужжатларида коррупция тушунчасига қуйидагича таъриф берилган, шахснинг ўз мансаб ёки хизмат мавқеидан шахсий манфаатларини ёхуд ўзга шахсларнинг манфаатларини кўзлаб моддий ёки номоддий наф олиш мақсадида қонунга хилоф равишда фойдаланиши, худди шунингдек бундай нафни қонунга хилоф равишда тақдим этишдир, соддароқ қилиб айтганда, коррупция мансабдор шахснинг қонунчилик ва ахлоққа зид равишда ўзининг бошқарув ваколатларидан фойдаланиб, шахсий мақсадда фойда олиш учун давлат ҳокимиятини суистеъмол қилишдир.
Коррупциянинг тарихи антик даврларга бориб тақалади, қадимги Юнонистон ва Мисрда оддий халқни оқосоқоллар ва амалдорларга совға саломлар беришдан бошланган бу коррупция ҳозирги даврга қадар давом этмоқда. Коррупцияни келиб чиқиш сабабларини аниқлаш унга қарши курашишнинг самарали йўлларини топиш бўйича мутахассислар, турли институтлар ва халқаро ташкилотлар томонидан юзлаб, минглаб тадқиқотлар ўтказилиб келинмоқда, ўзига хос рейтинлар тузилиб, ҳатто коррупциянинг хилма хил кўринишидаги формулалар ҳам ишлаб чиқилган, лекин ҳанузгача барча давлатлар ва миллатлар учун асқотадиган ягона ечим топишганича йўқ.
Тадқиқотчилар коррупцияни асосий сабаблари сифатида тўртта омилни кўрсатадилар.
Биринчичси иқтисодий сабаблар, бу ҳақда Мухтарам Президентимиз ҳам ўзларининг чиқишларида кўп маротаба сўз юритиб келади,бунда иқтисодий фаолиятга нисбатан турли хил чеклашлар, амалдорларнинг кенг, назоратдан холи, чекланмаган ёки рухсат бериш ёхуд тақиқилаш ваколатлари коррупцияга замин яратади. Шу билан боғлиқ ҳолда йирик маблағларга эга бўлган айрим ишбилармонлар ўз даромадларини кўпайтириш мақсадида ва рақобатда алоҳида имтиёзларга эга бўлиш учун ҳукумат амалдорларини пора эвазига сотиб олиб, уларни ўз ихтиёрларига буйсундиришга интиладилар.
Иккинчиси ҳуқуқий сабаблар. Коррупциянинг ривожи қонунларнинг сифатига боҳлиқдир. Мукаммал бўлмаган, номигагина қабул қилинган,бўшлиқлардан иборат қонунлар ишламайди ва айрим уддабуронлар бундан усталик билан фойдаланадилар.
Учинчиси-давлат бошқарув тизимидаги нуқсонлар, демократик институтларнинг кучсизлиги, ОАВ га нисбатан цензурани мавжудлиги, жамоатчилик назоратини йўқлиги бунинг натижасида ҳукумат фаолиятининг ёпиқлиги.
Тўртинчиси.Ижтимоий сабаб ёки жамиятдаги муҳит аҳолининг ҳуқуқий билими, маданият даражаси маънавияти, уюшқоқлиги ва жамоат фаоллигини пастлиги.
Коррупция ҳар қандай давлат ва жамият ривожига жиддий салбий таъсир кўрсатувчи хавфли омил, барча мамлакатларга тахдид солувчи салбий ижтимоий ҳодиса ҳисобланади, шу сабабдан бу иллатга бутун дунё қарши курашади бу борада, БМТ томонидан 12 та, Европа Итифоқи томонидан 8 та, МДХ томонидан 6 та йирик ҳужжатлар қабул қилинган, БМТ бош ассамбелиясини 21.11.2003 йилдаги резолюциясига асосан 2004 йилдан бошлаб “9-декабр Бутунжаҳон коррупцияга қарши курашиш куни” сифатида нишонланиб келинмоқда.
Мамлакатимизда коррупциянинг олдини олиш ва унга қарши муросасиз курашишнинг илғор халқаро стандартларга асосланган ҳуқуқий тизим яратилган. Ўзбекистон Республикасининг “Коррупцияга қарши кураш тўғрисида”ги, “Давлат бошқарув органларининг фаолиятининг очиқлиги тўғрисида”ги, “Давлат харидлари тўғрисида”ги “Жамоатчилик назорати тўғрисида”ги каби қонунлар, Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Ўзбекистон Республикасида коррупцияга қарши курашиш тизимини янада такомиллаштириш тўғрисида”ги, “Судьяларнинг чинакам мустақиллигини таъминлаш ҳамда суд тизимида коррупциянинг олдини олиш самарадорлигини ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги “Коррупцияга қарши курашиш фаолиятини самарали ташкил этишга доир қўшимча чора тадбирлар тўғрисида”ги, «Коррупцияга қарши муросасиз муносабатда бўлиш муҳитини яратиш, давлат ва жамият бошқарувида коррупциявий омилларни кескин камайтириш ва бунда жамоатчилик иштирокини кенгайтириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги ўнлаб Фармон ва Қарорлари шулар жумласидандир.
Мазкур қонун ҳужжжатлари асосида коррупциявий хавфларни аниқлаш ва тизимли таҳлил қилиш, уларни келтириб чиқарувчи омилларни бартараф қилиш учун масъул бўлган алоҳида орган Коррупцияга қарши курашиш агентлиги ташкил этилди, шунингдек коррупцияга қарши кураш бўйича Республика идоралараро комиссияси тузилди. Давлат органлари ва ташкилотларининг фаолиятида очиқлик, ошкоралик ва шаффофликни таъминлаш ҳамда мансабдор шахсларнинг аҳоли олдидаги ҳисобдорлигини йўлга қўйиш орқали давлат бошқарувида самарали ва таъсирчан жамоатчилик назоратини амалга ошириш учун зарур шароитлар яратилди. Давлат ҳокимияти органлари ва йирик хўжалик юритувчи субъектларда коррупцияга қарши ички назорат тузилмалари фаолияти йўлга қўйилди.
Республикамизда Коррупцияга қарши курашиш агентлиги томонидан юритиладиган «Коррупцияга оид жиноятларни содир этишда айбдор деб топилган шахсларнинг очиқ электрон реестри” жорий этилмоқда,қонунчиликка асосан эндиликда реестрга киритилган шахслар, давлат хизматига кириш ва давлат мукофотлари билан тақдирланиши, сайланадиган ва алоҳида тартибда тайинланадиган лавозимларга номзодларининг кўрсатилиши, давлат органлари ҳузуридаги жамоатчилик кенгашлари ҳамда идоралараро коллегиал органларнинг аъзоси бўлиши, улар томонидан таъсис этилган ва (ёки) улар иштирокчиси ҳисобланган тадбиркорлик субъектлари давлат харидларида ва давлат-хусусий шериклик тўғрисидаги битимда иштирокчи (ижрочи) сифатида қатнашиши, шунингдек, давлат активларини хусусийлаштириш билан боғлиқ тендер ва танлов савдоларида иштирок этиши, давлат улуши 50 фоиздан юқори бўлган ташкилотлар ҳамда давлат таълим муассасаларида раҳбарлик лавозимларида фаолият юритиши тақиқланади.
2022 йил 1 январдан бошлаб, давлат хизматчилари, давлат улуши 50 фоиздан юқори бўлган ташкилотлар, давлат корхоналари ва муассасалари раҳбарлари ва ўринбосарлари, уларнинг турмуш ўртоғи ва вояга етмаган фарзандларининг даромадлари ва мол-мулкини мажбурий декларация қилиш тизими жорий этилади.
Республикамизда коррупцияга қарши курашувчи идоралар томонидан коррупциянинг ҳар қандай кўринишларига нисбатан жавобгарлик муқаррарлигини таъминлаш учун барча куч ва воситаларни сафарбар этмоқда, бундай ҳуқуқбузарлик учун кескин жавобгарлик чоарларини қўллаш масаласи қатъий ҳисобга олинган, дарҳақиқат коррупцияга қарши курашиш, бу соҳада самарали чора тадбирлар ишлаб чиқиш масалалари давлатимиз раҳбарининг ҳам доимий диққат марказидадир.
Шуни алоҳида таъкидлаш лозимки, бу борада олиб борилаётган ишлар билан асло хотиржамликка берилиб бўлмайди, суд статистикасига мурожаат этадиган бўлсак, 2024 йил давомида вилоятимизда жиноят ишлари бўйича судлар томонидан коррупция билан боғлиқ кўриб чиқилган 563 та жиноят иши кўрилган бўлиб, (521) та шахсга нисбатан жазо тайинланиб ҳукм чиқарилганлиги, шулардан 15 нафари 60 ёшдан ошган шахслар, 85 нафари аёллар эканлиги, энг ачинарлиси шу жиноят иштирокчиларини орасида 107 нафар ёшларнинг мавжудлиги, коррупция деб аталган иллатга қарши курашиш нақадар долзарб эканлигидан далолат беради.
Коррупцияга аралашган, бу жирканч иллатга қўл урган одам учун улуғ нарсалар, муътабар туйғуларни қадри йўқолади,бундай одамлар ҳаётда ҳамма нарсани сотиб олиш ёки сотиш мумкин деб уйлайди, улар иймон эътиқодга ишонмайди, айни пайтда бундай кимсаларга ҳеч нарсани ишониб топшириб бўлмайди. Биз учун қадрли бўлган ҳадиси шарифда ҳам пора олувчини ҳам, берувчини ҳам ва унга далолат қилувчини ҳам лаънатланганлиги бу ҳаракатларни содир этиш ислом ва шариатда ҳам нақадар оғир гуноҳ саналишидан далолат беради.
Коррупция балосидан қутулиш, жамиятни унинг чангаликдан озод этиш ҳақида ҳаммамиз уйлашимиз, бунинг заруриятини ҳар биримиз юрагимиздан ўтказишимиз, унга қарши қатъий курашишимиз керак. Бу курашни кундалик ҳаётимиздаги оддий ҳолатлардан бошлашимиз зарур Ўзимизга зарур бўлган қандайдир танқис маҳсулотни олиш учун навбатни тезлаштириш, яхшироқ жойга ишга кириш, шифокорни рози қилиш ёки рейтинг дафтарчасига яхши баҳо қўйдириш ва шу каби вазиятларда нафақат ўзимизни муносиб тутишимиз, балки атрофимиздагиларни дўстимиз, ҳамкасбимиз қўни қўшнимиз ва жамоатни бу нарсадан қайтаришимиз лозим бўлади.Жамиятимиздаги ҳар қандай жараёнга лоқайд муносабтда бўлмаслик барчамизнинг устувор бурчимиз бўлиши зарур. Зеро мухтарам юртбошимиз таъкидлаганидек “Коррупцияга қарши курашда ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идоралар қанчалик ҳаракат қилмасин, ҳалқимиз бу жирканч иллатга муросасиз бўлмас экан,таъсирчан жамоатчилик назоратини ўрнатмас экан, бу балога қарши самарали курашни ташкил эта олмаймиз”.
Аллаев Абдулло Садуллоевич,
Навоий вилоят судининг раиси
Турғун Қаҳҳоров,
Навоий вилоят судининг судьяси