Ўзбекистон Республикаси Иқтисодий процессуал кодекси 200-моддасининг биринчи қисмига мувофиқ, ишни кўриш вақтида давлат органининг ёки бошқа органнинг, юридик шахснинг, мансабдор шахснинг ёки фуқаронинг фаолиятида қонун ҳужжатлари бузилганлиги аниқланган тақдирда, уларнинг ишда иштирокидан қатъи назар, суд хусусий ажрим чиқаришга ҳақлидир.
Шунингдек, қонунчиликда суднинг асосий вазифалари фуқароларнинг Ўзбекистон Республикаси Конституцияси ва бошқа қонунлари, халқаро шартномаларида, шунингдек инсон ҳуқуқлари тўғрисидаги халқаро ҳужжатларда кафолатланган ҳуқуқлари ҳамда эркинликларини, давлат ва жамоат манфаатларини, юридик шахслар ҳамда якка тартибдаги тадбиркорларнинг ҳуқуқлари ва қонун билан қўриқланадиган манфаатларини ҳимоя қилишдан иборатлиги назарда тутилган.
Зеро, жамиятда аҳолининг ҳуқуқий билими ва маданиятининг юксак даражада бўлиши ҳамда шахснинг ўзга фуқаролар ҳуқуқ ва манфаатларини ҳурмат қилган ҳолда ўз ҳуқуқларини амалга ошириши ҳуқуқбузарлик ва жиноятчиликнинг одини олишдаги энг муҳим омиллардан биридир.
Айни шу мақсадда Санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги қўмитаси Навоий вилояти бошқармаси Зарафшон шаҳар бўлими ходимлари иштирокида бўлиб ўтган йиғилишда Зарафшон туманлараро иқтисодий судининг 4-2102-2401/765-сонли иқтисодий иши юзасидан қабул қилинган хусусий ажримининг мазмун-моҳияти, назорат қилувчи орган сифатида қонунчилик талабларига риоя қилинмаганлик ҳолатлари батафсил тушунтириб ўтилиб, келгусида тадбиркорлик фаолияти субъектларига нисбатан ўтказиладиган текширишларда мазкур хусусий ажримда қайд этилган хато-камчиликка йўл қўймаслик ва Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2022 йил 13 сентябрдаги ПҚ-374-сон қарорининг иловаси билан тасдиқланган “Назорат қилувчи органлар томонидан тадбиркорлик субъектлари фаолиятида текширувлар ва профилактика тадбирларини ўтказиш тартиби тўғрисида”ги Низом талабларига қатъий риоя қилиш таъкидланди.
Бундан ташқари, мазкур тадбирда Жиноят ишлари бўйиа Зарафшон шаҳар суди ва Фуқаролик ишлари бўйича Зарафшон туманлараро суди судьялари ҳам иштирок этишиб, суд-ҳуқуқ тизимида амалга оширилган ислоҳотлар, коррупция, жиноятчилик ва ҳуқуқбузарликни олдини олиш, мазкур қилмишлар учун жавобгарлик ва жазо, оилавий ажримларнинг келиб чиқиш сабаблари, уни олдини олиш, меҳнат қонунчилигини тўғри қўллаш юзасидан батафсил тушунтириш берилди.
Тадбир давомида сўнгги вақтларда ёшлар ўртасида айниқса психотроп моддаларни тарқатиш ва истеъмол қилиш, ижтимоий тармоқларда таъқиқланган сайтларга кириш, ўғирлик, безорилик каби жиноятчилик сони ошиб бораётганлиги, ёш оилаларнинг ажрими кўпайиб, бегуноҳ фарзандлар ота ёки она меҳридан айрилиб қолаётганлиги энг ҳавотирли ҳолат эканлиги алоҳида қайд этилиб, мазкур ҳолатларни олдини олишда барча бирдек масъул эканлиги таъкидлаб ўтилди.
Шунингдек, йиғилганларга судьялар томонидан янги таҳрирдаги Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг ва Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2025 йил 3 январдаги “2025-йилда республика маҳаллаларида хавфсиз муҳитни яратиш ва ҳуқуқбузарликларнинг барвақт олдини олиш тизими самарадорлигини янада ошириш бўйича чора-тадбирлар тўғрисида”ги ПҚ-1-сон Қарори мазмун моҳияти, Коррупция ва одам савдосига қарши курашиш, бундай жиноятлар учун қонунчиликда назарда тутилган жазо чоралари ҳақида батафсил тушунтириш берилди.
Тадбир сўнгида судьялар томонидан йиғилганларга ўзларини қизиқтирган ҳуқуқий соҳага оид саволларига жавоб берилди.
Шерзод Ғофуров,
Зарафшон туманлараро иқтисодий судининг раиси
Анвар Исоков,
Жиноят ишлари бўйича Зарафшон шаҳар судининг раиси
Дилобар Эргашева,
Жиноят ишлари бўйича Зарафшон шаҳар судининг тергов судьяси
Анвар Насриев,
Фуқаролик ишлари бўйича Зарафшон туманлараро судининг судьяси