Тадбиркорлик фаолияти субъектлари бўлган фуқаролар, юридик шахслар, чет эллик инвесторлар тадбиркорлик фаолиятида эркин иштирок этиши ва ундан манфаатдор бўлиши учун кафолатлар ҳамда шароитлар яратиб берилганлиги, уларнинг ишчанлик фаоллиги ҳамда ҳуқуқлари ва қонуний манфаатлари ҳимоя қилиниши давлат томонидан кафолатланиши лозим.
Ўз ўрнида судларга асоссиз равишда даъво аризаси киритиб, ўзганинг мулкини қонунсиз эгалигига олиш ва ундан асоссиз бойлик орттириш даъвогарнинг даъво аризасини қаноатлантиришдан рад этишга сабаб бўлади.
Аниқланишича, 2020 йил 18 августда Нурота туман Давлат хизматлари маркази томонидан 881970-сонли реестр рақами билан қайта рўйхатга олинган МЧЖ Низомига мувофиқ МЧЖнинг Низом жамғармаси 400.000.000 сўмни, шундан таъсисчи Ражабов Ғайрат Асадовичнинг улуши 120.000.000 сўм (ёки 30 фоиз)ни, Lui Qinghuнинг улуши 280.000.000 сўм (ёки 70 фоиз)ни ташкил этган.
“Масъулияти чекланган ҳамда қўшимча масъулиятли жамиятлар тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонуни 8-моддасининг иккинчи қисмига мувофиқ жами улушлари жамият устав фондининг (устав капиталининг) камида ўн фоизини ташкил этадиган жамият иштирокчилари ўз мажбуриятларини қўпол бузаётган ёхуд ўз ҳаракатлари (ҳаракатсизлиги) билан жамиятнинг фаолият кўрсатишига имкон бермаётган ёки уни жиддий тарзда қийинлаштираётган иштирокчини жамиятдан суд тартибида чиқарилишини талаб қилишга ҳақлидирлар.
Даъвогар даъво аризасида МЧЖ таъсисчиси Ғ.Ражабовни МЧЖ таъсисчилари сафидан чиқариш учун унинг устав фонди шакллантирилмаганлиги асос сифатида кўрсатилган.
Банк маълумотлдарига кўра даъвогар Lui Qinghu томонидан жамият устав фондини шакллантириш учун 144.381.507 сўм, жавобгар Ражабов Ғайрат томонидан эса 4.603.000 сўм киритганлиги кўрсатилган.
МЧЖ нинг 2020 йил 18 августдаги 1-сонли умумий йиғилиш баённомаси билан “NUROTA-JIN PENG” масъулияти чекланган жамияти таъсис шартномаси тасдиқланган.
Таъсис шартномасининг IV-бўлимида иштирокчиларнинг улушни киритиш бўйича мажбуриятларини бузганлик учун жавобгарлик белгиланган бўлиб, унга кўра улушини тўлиқ киритмаган иштирокчи жамиятнинг мажбуриятлари бўйича ўз улушининг тўланмаган қисми доирасида солидар жавобгар бўлиши белгилаб қўйилган.
Бироқ, таъсисчилар ўртасида тасдиқланган таъсис шартномасида, улушини тўлиқ киритмаган иштирокчи таъсисчилар сафидан чиқарилиши белгиланмаган.
Даъвогар даъво аризасида жавобгар томонидан устав фондини шакллантириш учун ҳеч қандай улуш шаклидаги пул маблағи ёки мол-мулк киритмаганлигини важ қилиб кўрсатган бўлсада, лекин банклар томонидан берилган маълумотларда жавобгар Ғ.Ражабов устав фондини шакллантириш учун жами 4.603.000 сўм пул маблағлари киритганлиги кўрсатилган.
Бундан ташқари даъвогар томонидан эса 280.000.000 сўм устав фондига киритилиши лозим бўлсада, бироқ даъвогар ҳам устав фондини шакллантириш учун 144.381.507 сўм киритиб, у ўзига тегишли қисмини тўлиқ бажармасдан судга даъво аризаси билан мурожаат қилган.
Қайд этилганлардан ташқари даъвогар даъво аризасига асос қилиб, жамият фаолиятига оид муҳим масалалар юзасидан бир қатор йиғилишлар ўтказилганлиги, жавобгар ушбу йиғилишда иштирок этмасдан жамият манфаатларига жиддий зиён етказиб, жамиятнинг фаолият кўрсатишига жиддий тарзда тўсиқ бўлаётганлигини кўрсатган.
Бироқ, судга даъвогар вакили жамиятда ўтказилган йиғилиш баённомалари, йиғилишларга жавобгар келмасдан тўсиқ бўлганлиги ҳолатлари бўйича тегишли ҳужжатларни тақдим этмади ҳамда иш ҳужжатлари ўрганилганда ҳам мазкур ҳужжатлар аниқланмади.
Хусусан, МЧЖ таъсисчиси Ғ.Ражабовни МЧЖ таъсисчилари сафидан чиқариш учун унинг МЧЖ Таъсис шартномасида ёки Низомида белгиланган айнан қайси мажбуриятни бажармаётганлиги, ўз мажбуриятларини қўпол бузаётганлиги ёхуд ўз ҳаракатлари (ҳаракатсизлиги) билан МЧЖнинг фаолият кўрсатишига имкон бермаётганлиги ёки уни жиддий тарзда қийинлаштираётганлиги, таъсисчи Lui Qinghuнинг ўзи 70 фоиз устав фондини тўлиқ шакллантирмаган бир пайтда 30 фоиз улушга эга бўлган Ғ.Ражабов томонидан устав фонди агар тўлиқ шакллантирилмаган бўлса МЧЖ фаолиятига қандай таъсир кўрсатиши тегишли далиллар билан исботланмаган.
Бундай ҳолда суд даъво талабини асоссиз деб ҳисоблайди ва даъвогарнинг жавобгарга нисбатан таъсисчилар сафидан чиқариш ҳақидаги талабини рад этишни лозим топади.
Лутфулла Тошмуродов,
Навоий вилоят судининг судьяси
Шерзод Ғофуров,
Зарафшон туманлараро иқтисодий судининг раиси