Skip to content
Shan. Apr 19th, 2025

Ҳаммамизга маълумки, табиат – инсониятнинг энг бебаҳо бойлигидир. Бу бебаҳо бойликларини асраб-авайлашга ҳамда атроф-муҳит мусаффолигини сақлашга барчамиз бирдек масъулмиз.

Бугун мамлакатимизда атроф-муҳитни муҳофаза қилиш, уни асраб-авайлаш, зарарли таъсирлардан ҳимоя қилиш бўйича изчил ишлар олиб борилмоқда.

Дарҳақиқат, она табиатни асраб-авайлаш орқали уни келажак авлодга бор софлигича етказишга жиддий эътибор қаратиш энг долзарб масалалардан бири бўлмоқда.

Хусусан, Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 66-моддасига мувофиқ, мулкдор ўзига тегишли бўлган мол-мулкка ўз хоҳишича эгалик қилади, ундан фойдаланади ва уни тасарруф этади. Мол-мулкдан фойдаланиш атроф-муҳитга зарар етказмаслиги, бошқа шахсларнинг, жамият ва давлатнинг ҳуқуқларини ҳамда қонуний манфаатларини бузмаслиги кераклиги назарда тутилган.

Ушбу Конституцион нормадан келиб чиқиб, “Табиатни муҳофаза қилиш тўғрисида”ги, “Экологик экспертиза тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонунлари ҳамда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг “Атроф-муҳитга таъсирни баҳолаш механизмини янада такомиллаштириш тўғрисида”ги қарорларининг қабул қилинганлиги ҳам атроф-муҳитни асраб-авайлашда муҳим ҳуқуқий асос бўлмоқда.

Афсуски, ҳозирги кунда юқоридаги қонун талабларига амал қилмаслик ҳолатлари ҳам учраб турмоқда.

Эътиборингизга атроф муҳитни муҳофаза этиш ҳақидаги қонунларни бузилиши юзасидан кўрилган ишлардан бирига қаратмоқчимиз.

Хусусан, даъвогар Навоий вилоят экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши бошқармаси судга даъво аризаси билан мурожаат қилиб, жавобгар “T” масъулияти чекланган жамиятидан 15.300.400 сўм компенсация тўлови ва 3.900.000 сўм пеня ундиришни сўраган.

Жавобгар Ўзбекистон Республикаси ҳудудида атроф табиий муҳит ифлослантирилганлиги ва чиқиндилар жойлаштирилганлиги учун компенсация тўловлари тўловчиси бўлиб ҳисобланади.

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2021 йил 12 апрелдаги 202-сон қарори билан тасдиқланган Низом”нинг 27-бандида, III ва IV тоифаларга мансуб компенсация тўловчи субъектлар томонидан атроф табиий муҳитни ифлослантирганлик ва чиқиндиларни жойлаштирганлик учун компенсация тўловлари йилига бир марта, ҳисобот давридан кейинги йилнинг 5 февралигача амалга ошириши белгиланган.

Аниқланишича, жавобгар Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2020 йил 7 сентябрдаги “Атроф-муҳитга таъсирни баҳолаш механизмини янада такомиллаштириш тўғрисида”ги 541-сонли қарорига кўра атроф муҳитга таъсир кўрсатишнинг III тоифасига мансуб бўлган.

Бироқ жавобгар томонидан юқоридаги компенсация тўловлари белгиланган муддатларда тўланмаган.

Даъвогар компенсация тўловини амалга ошириш ҳақида жавобгарга огоҳлантириш хати юборган бўлса-да, бироқ жавобгар томонидан даъвогарнинг огоҳлантириш хатига муносабат билдирилмаган.

Юқоридаги Низомнинг 35-банди, саккизинчи хатбошисида давлат экология қўмитаси ва унинг ҳудудий органларида компенсация тўловларини ундириш билан боғлиқ бўлган даъволарни суд органларига тақдим этиш ҳуқуқи мавжудлиги қайд этилган.

Шу боис даъвогар ушбу ҳуқуқдан фойдаланган ҳолда компенсация тўловлари ва унга ҳисобланган пеняни ундириш бўйича Учқудуқ туман иқтисодий судига мурожаат қилган.

Ўзбекистон Республикаси Фуқаролик кодексининг 236-моддасига кўра, мажбуриятлар мажбурият шартларига ва қонун ҳужжатлари талабларига мувофиқ, бундай шартлар ва талаблар бўлмаганида эса – иш муомаласи одатларига ёки одатда қўйиладиган бошқа талабларга мувофиқ лозим даражада бажарилиши керак.

Даъвогарнинг талаби ишдаги мавжуд далиллар билан ўз тасдиғини топганлиги, жавобгар Низом талабларига мувофиқ компенсация тўловларини амалга ошириши лозим бўлган субъектлар қаторига кириши ва тўловларни белгиланган муддатларда тўламаганлиги сабабли, суд жавобгардан даъвогар фойдасига 15.300.400 компенсация тўлови ва 3.900.000 сўм миқдорида пеня ундириш ҳақида қарор қилган.

2024 йил давомида атроф муҳитни муҳофаза этиш ҳақидаги қонунларни бузилиши юзасидан кўрилган ишларни таҳлил қилсак, Учқудуқ туман иқтисодий суди томонидан ушбу тоифадаги жами 40 та ишлар мазмунан кўрилган бўлиб, 38 таси даъво талаби асосли бўлганлиги сабабли қаноатлантирилган бўлса, 1 таси қарздор томонидан қарздорлик тўлиқ бартараф этилгани учун рад этилган ҳамда 1 та иш, иш юритувдан тугатилган.

Бундан ташқари, мазкур тоифадаги ишлар бўйича жойларда тарғибот тадбирлари ўтказилиб, фуқароларга атроф табиий муҳитга эҳтиёткорона муносабатда бўлиш ва унга зарар етказмаслик юзасидан тегишли тушунтиришлар бериб келинмоқда.

Хулоса қилиб айтганда, атроф-муҳит муҳофазасига барчамиз бирдек масъулмиз.

 

Тошмуродов Лутфулла,

Навоий вилоят судининг судьяси

 

Турдиев Дилшод,

 

Учқудуқ туман иқтисодий судининг раиси

By admin

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan