Фуқаролик ишлари бўйича Хатирчи туман судининг биносида очиқ суд мажлиси бўлиб, унда даъвогар Б.Книнг жавобгар З.Шга нисбатан ўзбошимчалик билан қурилган биноларни бузиш ва ер майдонидан чиқариш ҳақидаги даъвоси бўйича қўзғатилган фуқаролик иши мазмунан кўриб чиқилди.
Иш ҳужжатларида мавжуд маълумотлардан аниқланишича, Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси хузуридаги Мажбурий ижро бюроси Хатирчи туман бўлими давлат ижрочисининг 2024 йил 16 январдаги қарорига асосан гаровга қўйилган З.Шга тегишли бўлган, умумий ер майдони 1287.0 кв.м, умумий майдони 15.0 кв.м, фойдали майдони 8.36 кв.м, хоналар сони 2 тадан иборат, кадастр рақами 21:07:01:01:01:4109 бўлган, (26.000.000 сўмга баҳоланган) “Омборхона” биноси сотувга чиқарилган.
2024 йил 9 сентябрь куни ўтказилган электрон-онлайн савдолари натижалари бўйича расмийлаштирилган ОА-1211634-сонли баённомага кўра аукцион ғолиби Б.К кадастр рақами 21:07:01:01:01:4109 бўлган мазкур мулкни 95.160.000 сўмга сотиб олган.
Мажбурий ижро бюроси Хатирчи туман бўлими давлат ижрочисининг 2024 йил 11 ноябрь кунидаги қарорига асосан электрон-онлайн савдоси орқали сотилган кўчмас мулк, Хатирчи туман, “Янгирабод” МФЙ, Фарход кўчасида жойлашган “Омборхона” биноси даъвогар Б.Кга топширилган.
Хатирчи туман, “Янгирабод” МФЙ, Фарход кўчасида жойлашган умумий ер майдони 1287.0 кв.м, умумий майдони 15.0 кв.м, фойдали майдони 8.36 кв.м, хоналар сони 2 тадан иборат “Омборхона” биноси ва унга тегишли 1287,0 кв.м ер майдони даъвогар Б.Книнг номига Давлат кадастр палатаси Хатирчи туман филиали томонидан 18.11.2024 йилда рўйхатдан ўтказилган ва унга мулк ҳуқуқи берилган.
Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 66-моддасига кўра мулкдор ўзига тегишли бўлган мол-мулкка ўз хоҳишича эгалик қилади, ундан фойдаланади ва уни тасарруф этади. Мол-мулкдан фойдаланиш атроф-муҳитга зарар етказмаслиги, бошқа шахсларнинг, жамият ва давлатнинг ҳуқуқларини ҳамда қонуний манфаатларини бузмаслиги керак.
Ўзбекистон Респрубликаси Фуқаролик кодексининг 164-моддасига кўра мулк ҳуқуқи шахснинг ўзига қарашли мол-мулкка ўз хоҳиши билан ва ўз манфаатларини кўзлаб эгалик қилиш, ундан фойдаланиш ва уни тасарруф этиш, шунингдек ўзининг мулк ҳуқуқини, ким томонидан бўлмасин, ҳар қандай бузишни бартараф этишни талаб қилиш ҳуқуқидан иборатдир. Мулк ҳуқуқи муддатсиздир.
Суд юқорида қайд этилган қонун талаблари ва ишда аниқланган ҳолатларни эътиборга олиб, жавобгар даъвогарнинг ўз мулкига эгалик қилиш ва фойдаланишга доир ҳуқуқларини бузиб келгани, ер майдонини бўшатиб бермагани сабабли, даъвонинг жавобгарни ер майдонидан чиқариш ҳақидаги талабини қаноатлантиришни, жавобгар З.Шни даъвогар Б.Кга тегишли бўлган “Янгирабод” МФЙ, Фарход кўчасида жойлашган умумий ер майдони 0,1287 га (1287.0 кв.м ) ер майдонидан чиқаришни, Хатирчи туман “Янгирабод” МФЙ, Фарход кўчасида жойлашган умумий ер майдони 0,1287 га (1287.0 кв.м) ер майдонида қурилган ноқонуний қурилишларни жавобгар З.Шнинг ҳисобидан бузиб бартараф этиш ҳақидаги хулосага келди.
Бир сўз билан айтганда хусусий мулк даҳлсизлигининг қонуний кафолати таъминланди.
Бабақулов Баходир,
Фуқаролик ишлари бўйича Хатирчи туман суди раиси