LЎтган даврда фуқаролар ва тадбиркорларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини суд йўли билан ишончли ҳимоя қилиш ва судларнинг чинакам мустақиллигини таъминлаш борасида кенг кўламли ислоҳотлар амалга оширилди.
Мамлакатимизда суд-ҳуқуқ тизимида амалга оширилаётган ислоҳотлар ҳамда суд
ҳокимияти органлари фаолиятида замонавий ахборот технологияларини кенг жорий
этиш орқали фуқаролар ва тадбиркорлик фаолияти субъектларига бузилган ҳуқуқлари
ва қонун билан қўриқланадиган манфаатларини суд йўли билан ҳимоя қилиш учун
судга мурожаат қилиш соддалаштирилди, судларнинг очиқлиги ва шаффофлигини
таъминлашда ижобий ютуқларга эришилди. Бунинг натижасида фуқаролар,
тадбиркорлар ва инвесторларнинг судга бўлган ишончи янада мустаҳкамланиб, қонунийлик
мустаҳкамланди ва иқтисодиёт янада ривожланмоқда.
Бу эса амалга оширилаётган ислоҳотлар шунчаки эмас, балки халқ манфаати
йўлида олиб борилаётганлигини кўрсатиб турибди.
Албатта, бу борада сўнгги йилларда қабул қилинган қонун ҳужжатлари
қаторида Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йил 7 декабрдаги
“Судьяларнинг чинакам мустақиллигини таъминлаш ҳамда суд тизимида коррупциянинг
олдини олиш самарадорлигини ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ПФ–6127-сон, 2023
йил 16 январдаги “Одил судловга эришиш имкониятларини янада кенгайтириш ва
судлар фаолияти самарадорлигини оширишга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги
ПФ–11-сон ва “Одил судлов фаолиятини амалга оширишни самарали ташкил этиш
бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги ПФ–12-сон Фармонлари ҳамда 2020 йил 3
сентябрдаги “Суд
ҳокимияти органлари фаолиятини рақамлаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ПҚ-4818-сон Қарори ҳам муҳим ҳуқуқий асос бўлиб
хизмат қилмоқда.
Таъкидлаш ўринлики, мамлакатимизда аҳоли сони кундан кунга ўсиб
бормоқда, иқтисодиёт ривожланмоқда, давлатимизнинг очиқлик сиёсати натижасида
инвесторларнинг юртимизга бўлган ишончи ортмоқда ва мустаҳкамланмоқда,
тадбиркорларимиз эса имкон қадар ўз маҳсулотларини чет эллларга экспорт
қилишмоқда, бу борада фуқаро ва тадбиркорлар ўртасида турли кўринишдаги
муносабатлар ўрнатилмоқда. Мазкур жараёнда эса айрим ҳолларда фуқаролик,
оммавий ва бошқа ҳуқуқий муносабат иштирокчилари ўртасида низолар келиб чиқиб,
мазкур низоларни суд йўли билан ҳал этиш ва судга мурожаат қилиш зарурати пайдо
бўлмоқда.
Таҳлиллар шуни кўрсатмоқдаки, мазкур низоларни ҳал қилиш мақсадида
даъво аризалари билан судларга мурожаат қилиш кўрсаткичлари ортиб бормоқда.
Албатта, бугунги кунда ҳар бир инсон ёки тадбиркор учун энг қимматли
жиҳатлардан бири – бу вақтдир. Айни шу боисдан ҳам шахсларнинг турли сабаблар
билан судда кўпроқ вақт давомида кутиб қолиши уларнинг норозилигига сабаб
бўлиши мумкин. Бундан ташқари, низоларни ҳал қилиш юзасидан судларга мурожаат
қилиш кўрсаткичларининг кўпайиши судларда иш ҳажмининг ортишига ҳамда ўз
навбатида ишларни кўриб чиқиш муддатлари ва вақтини чузилишига олиб келади.
Шундай экан бугунги кунда судда иш юритишнинг асосий мақсади ҳам судга мурожаат
қилган ҳар бир шахснинг қимматли вақтини олмасдан туриб, унинг масаласини ўз
вақтида кўриб чиқишга, бунда самарали восита ва усуллардан, хусусан замонавий
ахборот технологияларидан кенг фойдаланиш орқали мурожаатларни тегишли тартибда
қабул қилишга ва фуқароларнинг турли кўринишдаги сарсонгарчиликларини олдини
олишга қаратилмоқда.
Мазкур мақсадларга эришиш учун амалга оширилган ислоҳотлар натижасида судларга
масофадан туриб мурожаат қилиш, суд мажлисларида видеоконференцалоқа тизимидан
фойдаланиб иштирок этиш, судьялар ўртасида ишларни автоматик тарзда тақсимлаш,
суд қарорларини Интернет тармоғида эълон қилиш, ижро ҳужжатларини электрон
шаклда мажбурий ижрога юбориш тизимлари жорий этилганлиги алоҳида аҳамиятлидир.
Албатта, мазкур ислоҳот ва имкониятлар судга мурожаат қилишни янада
осонлаштиради ва соддалаштиради ҳамда фуқароларнинг бу борадаги турли
кўринишдаги қийинчиликларини олдини олишга, суднинг очиқлиги ва шаффофлигини
таъминлашга хизмат қилади.
Юқорида қайд этилган вазифалар ва чора-тадбирлар суд ҳокимиятининг
чинакам мустақиллигини, очиқлигини ва шаффофлигини таъминлаш, суднинг нуфузини
ошириш, суд тизимини такомиллаштиришга, фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини суд
йўли билан ишончли ҳимоя қилишга қаратилганлиги билан ҳам муҳимдир.
Хулоса ўрнида шуни таъкидлаш керакки, суд-ҳуқуқ соҳасида амалга
оширилаётган ушбу ислоҳотлар мамлакатимизда қонун устуворлигини ва ижтимоий
адолатни таъминлашга қаратилгани билан алоҳида аҳамият касб этади.
Мазкур эзгу мақсадни рўёбга чиқаришда эса судьялар зиммасига ўта муҳим
вазифа – одил судловни Конституция ва қонунларимиз ҳамда адолат тамойилларига
қатъий риоя қилган ҳолда амалга ошириш юклатилади.
Зеро, Президентимиз таъкидлаганидек, “Суд остонасига
қадам қўйган ҳар бир инсон, Ўзбекистонда адолат ҳукм сураётганига тўла ишонч
ҳосил қилиши керак”.
Шерзод Ғофуров,
Зарафшон туманлараро иқтисодий суди раиси