Skip to content
Pay. Apr 10th, 2025

Барчамизга маълумки, мулк ижараси тушунчасига бевосита Ўзбекистон Республикаси Фуқаролик кодекси (бундан буён матнда ФК деб юритилади) нинг 535-моддасида таъриф берилган бўлиб, унга кўра мулк ижараси шартномаси бўйича ижарага берувчи ижарага олувчига ҳақ эвазига мол-мулкни вақтинча эгалик қилиш ва фойдаланиш ёки фойдаланиш учун топшириш мажбуриятини олади деб белгилаб қўйилган.

Шу ўринда айтиш жоизки, мулк ҳуқуқини субъектларига бевосита давлат ҳам кириши, бу ҳақда ФК нинг 168-моддасида қатъий белгилаб қўйилган.

Давлат мулкини ижарага беришни ҳуқуқий асослари эса Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2009 йил 8 апрелдаги “Давлат мулкини ижарага бериш тартибини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги 102-сонли Қарори (бундан буён матнда Қарор деб юритилади) билан тасдиқланган “Давлат мулкини ижарага бериш тартиби тўғрисида” Низомда тўлиқ ёритиб берилган.

Ҳозирги кунда иқтисодий судлар томонидан кўриб чиқиладиган низоларнинг аксарияти мулк ижараси муносабатларидан, айниқса давлат мулкини ижарага бериш қоидаларига риоя қилмаслиги оқибатлари юзасидан келиб чиқадиган низолардан иборат. Шу ўринда Навоий вилоят суди томонидан кўриб чиқилган иқтисодий иш ҳақида фикр юритмоқчиман.

Даъвогар Давлат активларини бошқариш агентлиги ҳузуридаги Бўш турган объектлардан самарали фойдаланишни ташкил этиш марказининг Навоий вилоят ҳудудий бошқармаси (бундан буён матнда даъвогар деб юритилади) Кармана туманлараро иқтисодий судига даъво аризаси билан мурожаат қилиб, жавобгар “Навоий Кон-Металлургия Комбинати” давлат корхонаси (бундан буён матнда жавобгар деб юритилади)дан 48.011.178 сўм ижара ҳақи ундиришни сўраган.

Кармана туманлараро иқтисодий судининг 2022 йил 11 февралдаги ҳал қилув қарорига кўра, даъвогарнинг даъво талаби қаноатлантирилиб, жавобгардан даъвогар фойдасига 48.011.178 сўм икки карра ижара тўлови ва олдиндан тўланган 21.600 сўм почта харажати ҳамда республика бюджетига 960.223 сўм давлат божи ундирилган.

Бундан норози бўлган жавобгар апелляция шикояти бериб, унда суднинг ҳал қилув қарорини бекор қилишни ҳамда даъво талабларини рад қилиш тўғрисида янги қарор қабул қилишни сўраган.

Навоий вилоят суди иқтисодий ишлар бўйича судлов ҳайъати томонидан 2022 йил 14 апрелда иш кўриб чиқилиб, судлов ҳайъати қуйидаги асосларга кўра биринчи инстанция судининг ҳал қилув қарорини ўзгаришсиз, апелляция шикоятини қаноатлантирмасдан қолдиришни лозим топди.

Жавобгарга тегишли 15-сонли омборхона Навоий шаҳар, Спутник қўрғони, Бунёдкор МФЙ ҳудудида жойлашган.

Бўш турган объектлардан самарали фойдаланишни ташкил этиш маркази Навоий вилоят ҳудуддий бошқармаси ходимлари 2021 йил  19 апрель куни Навоий шаҳри, Бунёдкор МФЙ ҳудудида жойлашган нотурар объектларда хатлов ўтказган ва НКМК балансидаги давлат объекти ҳисобланадиган омборхона биноси “SANDIDA TREYD” МЧЖ томонидан уч томонлама ижара шартномаси расмийлаштирмаган ҳолда фойдаланиб келаётганлиги аниқланган.

Қарорнинг 6-банди, иккинчи хатбошисида, давлат мулкини ижара шартномаси тузмасдан ижарага бериш, ижара шартномасида ижарага берилган мулкнинг параметрлари ва сони атайлаб нотўғри қайд этилганлиги, бунинг натижаси ижара тўловининг яширилишига олиб келганлиги ҳолати аниқланган тақдирда марказ бузилиш аниқланган санадан бошлаб уч иш куни мобайнида, белгиланган тартибда давлат мулкидан фойдаланганлик даври учун ижара тўловини икки баравар миқдорда ҳисоблаб чиқади ва уни ундириш учун тегишли ҳужжатларни балансида сақловчига тақдим этади деб кўрсатилган.

Даъвогар қарор талабларидан келиб чиқиб, 2021 йил 1 июнда жавобгарга 2021 йил 1 январь кунидан 18 апрель кунига қадар ҳисобланган ижара тўлови суммасини икки баравари миқдорини 15 кунлик муддат ичида ихтиёрий тўлаб бериш ҳақида 05-05/95-сонли талабнома билан мурожаат қилган.

Жавобгарнинг 2021 йил 6 январдаги жавоб хатида, “SANDIDA TREYD” МЧЖга омборхона ижарага эмас, товарни омборда омонат сақлаш шартномаси асосида махсулотларини сақлаб келаётганлиги кўрсатилиб, талабномага 15-01-04/45-сонли рад жавоби берилган.

Қарорнинг 6-бандининг учинчи хатбошисида, ҳисоблаб ёзилган тўлов суммаси балансида сақловчи томонидан тўланмаган тақдирда давлат мулки жойлашган жойдаги марказ ҳужжатлар балансида сақловчига тақдим этилган санадан бошлаб ўн иш куни ўтгач ҳисоблаб ёзилган тўлов суммасини белгиланган тартибда ундириш учун материалларни судга топширади деб кўрсатилган.

Шу сабабли, даъвогар суддан ижара маркази орқали жавобгарни ижара шартномаси тузмасдан бўш турган бинони фойдаланишга топширганлиги учун икки баравар миқдорида ижара ҳақи ундиришни сўраган.

Қарорнинг 3-бандида, давлат мулки юридик ва жисмоний шахсларга марказлар орқали ижарага берилиши ҳамда 6-банди биринчи хатбошисида, давлат мулкини балансида сақловчиларнинг мансабдор шахслари уларнинг тасарруфида бўлган фойдаланилмаётган давлат мулки тўғрисидаги маълумотлар марказларга ўз вақтида, тўлиқ ва ишончли берилиши учун шахсан жавоб бериши қайд этилган.

Жавобгар эса ўзининг балансида бўлган Навоий шаҳар, Спутник қўрғони, Бунёдкор МФЙ ҳудудида жойлашган 15-сонли омбор бўш турганлиги ҳақида маълумотни даъвогарга бермаган.

Бундай ҳолатда жавобгар ўзига тегишли бўлган Навоий шаҳар, Спутник қўрғони, Бунёдкор МФЙ ҳудудида жойлашган 15-сонли омбор биносини “SANDIDA TREYD” МЧЖга ҳеч қандай ҳужжатларсиз топширганлиги ўз тасдиғини топади.

Судлов ҳайъати жавобгарнинг “SANDIDA TREYD” МЧЖ га бинони омонат сақлаш шартномаси орқали берилган деган важлари билан келишмайди.

Чунки судга қадар шартнома тарафлари шартномага ўзгартириш киритиш ҳақида бир-бирига мурожаат қилмаган ва “SANDIDA TREYD” МЧЖни 15-сонли омборхонадан фойдаланиб келаётганлиги биринчи инстанция судининг дастлаб берилган даъво аризаси бўйича ўтказган сайёр суд мажлисида аниқланган ҳолатлар билан ҳам ўз тасдиғини топган.

ФК нинг 875-моддасида, Омонат сақлаш шартномаси бўйича бир тараф (омонат сақловчи) унга иккинчи тараф (юк топширувчи) берган ашёни сақлаш ва бу ашёни тўла ҳолида қайтариш мажбуриятини олади.

ФК 877-моддасининг биринчи қисмида, Омонат сақлаш шартномаси ёзма равишда тузилиши керак бўлган ҳолларда (ушбу Кодекснинг 108-моддаси) агар ашёнинг сақлашга қабул қилинганлиги омонат сақловчи томонидан юк топширувчига сақлаш тилхати, паттаси, гувоҳномасини, омонат сақловчи имзолаган бошқа ҳужжатни бериш йўли билан тасдиқланган бўлса, шартноманинг ёзма шаклига риоя қилинган ҳисобланади.

Тарафлар ўртасида тузилган омонат сақлаш шартномасида эса шартноманинг муҳим шарти бўлган ашё ҳамда  шартноманинг бошқа белгилари кўрсатилмаган.

Шу сабабли судлов ҳайъати жавобгарнинг апеллция шикоятидаги важлар билан келишмасдан биринчи инстанция судининг ҳал қилув қарорини асосли деб топиб, апелляция шикоятини рад этишни лозим топди.

Мазкур иқтисодий ишда жавобгар томонидан давлат мулкини ижарага бериш қоидаларига риоя қилмаганлиги оқибатида икки карра ижара ҳақи ундирилиб, жавобгарлик масаласи ҳал этилган.

Иқтисодий судлар томонидан мазкур тоифадаги низоларни ҳал этишда, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2009 йил 8 апрелдаги “Давлат мулкини ижарага бериш тартибини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги 102-сонли Қарори ҳамда Ўзбекистон Республикаси Фуқаролик кодекси муҳим рол уйнайди.

 

Тошмуродов Лутфулла,

Навоий вилоят судининг судьяси

 

Ғофуров Шерзод,

Зарафшон туманлараро иқтисодий судининг раиси

By admin

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan