Skip to content
Jum. May 23rd, 2025

Ўзбекистон Республикаси Иқтисодий процессуал Кодекси (кейинги ўринларда ИПК деб юритилади)нинг 25-моддасида иқтисодий судга тааллуқли ишлар кўрсатилган бўлиб, унга кўра иқтисодиёт соҳасида юридик шахслар ва якка тартибдаги тадбиркорларнинг ҳуқуқлари юзага келиши, ўзгариши ёки бекор бўлиши учун аҳамиятга эга бўлган фактларни аниқлаш (бундан буён матнда юридик аҳамиятга эга бўлган фактларни аниқлаш деб юритилади) тўғрисидаги ишлар иқтисодий судга тааллуқли ҳисобланади.

ИПКнинг 205-моддасига асосан, суд юридик шахсларнинг ва якка тартибдаги тадбиркорларнинг иқтисодиёт соҳасидаги ҳуқуқларининг юзага келиши, ўзгартирилиши ёки бекор бўлиши учун аҳамиятга эга бўлган фактларни аниқлайди.

Суд:

юридик шахснинг ёки якка тартибдаги тадбиркорнинг кўчмас мулкка ўз хусусий мулки сифатида эгалик қилиши ва ундан фойдаланиши фактини;

юридик шахснинг ёки якка тартибдаги тадбиркорнинг маълум вақтда ва маълум жойда давлат рўйхатидан ўтказилганлиги фактини;

агар юридик шахснинг ҳужжатда кўрсатилган номи, якка тартибдаги тадбиркорнинг фамилияси, исми, отасининг исми юридик шахснинг таъсис ҳужжатида кўрсатилган номига, якка тартибдаги тадбиркорнинг паспортида ёки идентификацияловчи ID-картасида ёхуд туғилганлик тўғрисидаги гувоҳномасида кўрсатилган фамилиясига, исмига, отасининг исмига тўғри келмаса, иқтисодиёт соҳасида амалда бўлган ҳуқуқни белгилайдиган ҳужжатнинг юридик шахсга ёки якка тартибдаги тадбиркорга тегишлилиги фактини аниқлаш тўғрисидаги ишларни кўради.

Суд юридик аҳамиятга эга бўлган бошқа фактларни ҳам, агар қонунчиликда уларни аниқлашнинг бошқача тартиби назарда тутилмаган бўлса, аниқлаши мумкин.

Кодекснинг 206-моддасига кўра, юридик шахс ёки якка тартибдаги тадбиркор юридик аҳамиятга эга бўлган фактларни аниқлаш тўғрисидаги ариза билан судга мурожаат қилишга, фақат ўзида ушбу фактларни тасдиқлайдиган тегишли ҳужжатларни олиш ёки тиклаш имкони бўлмаган тақдирда ва, агар қонунчиликда тегишли фактларни аниқлашнинг бошқача тартиби назарда тутилмаган бўлса, ҳақлидир.

Юридик аҳамиятга эга бўлган фактларни аниқлаш тўғрисидаги ариза аризачининг жойлашган ери ёки яшаш жойи бўйича судга берилади, бундан кўчмас мулкка эгалик қилиш, ундан фойдаланиш ва уни тасарруф этишга оид юридик аҳамиятга эга бўлган фактларни аниқлаш тўғрисидаги аризалар ҳамда кўчмас мулкка бўлган ҳуқуқнинг юзага келиши, ўзгариши ёки бекор бўлиши учун юридик аҳамиятга эга бўлган бошқа фактлар мустасно бўлиб, улар кўчмас мулк жойлашган ердаги судга берилади.

Шунингдек, ушбу тоифадаги ишларни кўришда суд қонунчиликда ушбу фактни аниқлашнинг бошқача тартиби назарда тутилган-тутилмаганлигини, аризачида зарур ҳужжатларни олиш ёки тиклаш учун бошқа имконият бўлган-бўлмаганлигини текширади, аризачи иқтисодиёт соҳасида фаолиятни амалга ошириши муносабати билан ушбу факт унинг учун юридик аҳамиятга эга бўлган оқибатларни келтириб чиқаришини ёки чиқармаслигини белгилайди, талаб этилаётган фактнинг аниқланиши бошқа шахсларнинг ҳуқуқларига таъсир этиши ёки этмаслигини, ҳуқуқ тўғрисида низо келиб чиққан-чиқмаганлигини аниқлайди.

Агар юридик аҳамиятга эга бўлган фактни аниқлаш тўғрисидаги иш бўйича суд муҳокамасида ҳуқуқ тўғрисида низо келиб чиққанлиги аниқланса, суд юридик аҳамиятга эга бўлган фактни аниқлаш тўғрисидаги аризани ИПКнинг 107-моддасининг 7-бандига асосан кўрмасдан қолдиради ва бу ҳақда ажрим чиқаради.

Юридик аҳамиятга эга бўлган фактни аниқлаш тўғрисидаги иш бўйича ҳал қилув қарори ушбу Кодексда белгиланган қоидаларга кўра суд томонидан қабул қилинади.

Суд томонидан юридик аҳамиятга эга бўлган фактни аниқлаш тўғрисидаги ариза қаноатлантирилганда, ҳал қилув қарорининг хулоса қисмида аниқланган факт баён этилади.

Суднинг юридик аҳамиятга эга бўлган фактни аниқлаш тўғрисидаги ҳал қилув қарори тегишли органлар томонидан шундай фактни қайд этиш учун ёки аниқланган факт муносабати билан юзага келадиган ҳуқуқларни расмийлаштириш учун асос бўлади ва ушбу органлар томонидан бериладиган ҳужжатларнинг ўрнига ўтмайди.

 

 

Турдиев Дилшод,

Учқудуқ туман иқтисодий судининг раиси

By admin

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan