Ҳар бир
тадбиркор ўз тадбиркорлик фаолиятини амалга ошириш жараёнида бошқа тадбиркорлик
фаолияти субъектлари билан фуқаролик-ҳуқуқий муносабатга киришиб, муайян ҳуқуқ
ва мажбуриятларга эга бўлишади. Қувонч билан эътироф этиш лозимки, мазкур
муносабатлардаги аксарият мажбуриятлар тарафлар томонидан инсофли равишда тўлиқ
ва сифатли адо этилади.
Афсуски, айрим
ҳолатларда олинган мажбурият ижро этувчи томонидан бажарилмасдан эътиборсиз қолдирилади.
Натижада бу тарафларнинг ўзаро муносабатига ўзининг салбий таъсирини кўрсатиб, энг
нозик жиҳат ҳисобланган ўзаро ишончнинг йўқолишига ҳамда тарафлар ўртасида низо
пайдо бўлишига олиб келади.
Таъкидлаш
ўринлики, Ўзбекистон Республикаси Иқтисодий процессуал кодексига кўра,
тадбиркорлик фаолияти субъектлари ўртасида фуқаролик-ҳуқуқий муносабатлардан
келиб чиқадиган низолар иқтисодий судлар томонидан кўриб чиқилади.
Эътиборингизни
суд амалиётида кўрилган бир низога қаратмоқчиман.
Хусусан, Ўзбекистон
Савдо-саноат палатаси Навоий вилояти ҳудудий бошқармаси «REGISTON» хусусий
корхонаси (бундан буён матнда даъвогар деб юритилади) манфаатида судга даъво
аризаси билан мурожаат қилиб, «SHIMOLIY PLATINA» масъулияти чекланган жамияти
(бундан буён матнда жавобгар деб юритилади)дан 28.854.933 сўм асосий қарз ва
14.427.466 сўм пеняни ундиришни сўраган.
Ишдаги
ҳужжатлардан кўринишича, тарафлар ўртасида 28.02.2022 йилда 62-сонли ва
01.01.2023 йилда 69-сонли олди-сотди шартномаси тузилган.
Шартнома шартига
кўра, “ижрочи” шартномада келтирилган жадвалга мувофиқ ёқилғи маҳсулотларини
етказиб бериши, “мижоз” эса ушбу маҳсулотларни қабул қилиб олиш ва унинг ҳақини
тўлаш мажбуриятини ўз зиммасига олган.
Даъвогар томонидан шартномавий мажбуриятларини бажариш мақсадида ёқилғи
маҳсулотлари жавобгарга етказиб берилган бўлиб, ҳисоб-фактуралар жавобгар
томонидан эътирозсиз тасдиқланиб қабул қилинган ва қисман тўловлар амалга
оширилган бўлсада, жавобгар томонидан 28.854.933 сўмлик қарздорлик тўланмасдан қолинган.
Қарздорлик
суммасини тўлаб бериш юзасидан даъвогарнинг талабномалари жавобгар томонидан
эътиборсиз қолдирилган.
Натижада палата
даъвогар манфаатида жавобгарга нисбатан қарздорлик суммасини ундириш тўғрисида
даъво аризаси билан судга мурожаат қилинган.
Суднинг ҳал
қилув қарори билан жавобгардан 28.854.933 сўм асосий қарз ундирилиб, даъвогар тадбиркорнинг манфаати суд йўли
билан ишончли ҳимоя қилинди.
Жавобгар
шартномавий мажбуриятини бажармаганлиги натижасида даъвогар фойдасига асосий
қарздан ташқари, тўлов кечиктирилган кунлар учун ҳисобланган пеня ҳамда ишни
судда кўриш билан боғлиқ суд харажатларини ҳам тўлашга мажбур бўлди.
Энг асосийси
эса, мазкур ҳолатлар тарафлар ўртасидаги доимий ҳамкорликка ва ўзаро ишончга
ўзининг салбий таъсирини таъсир кўрсатди.
Зеро, Фуқаролик
кодексининг 9-моддасида, фуқаролик ҳуқуқларини амалга ошириш бошқа шахсларнинг
ҳуқуқларини ҳамда қонун билан қўриқланадиган манфаатларини бузмаслиги шартлиги,
фуқаролик ҳуқуқий муносабатлари иштирокчиларининг ҳалол, оқилона ва адолат
билан ҳаракат қилиши, фуқаролар ва юридик шахслар ўз ҳуқуқларини амалга
оширишда жамиятнинг маънавий тамойиллари ва ахлоқий нормаларини ҳурмат
қилишлари, тадбиркорлар эса — иш одоби қоидаларига ҳам риоя этишлари кераклиги
назарда тутилган.
Хулоса ўрнида
таъкидлаш лозимки, қонун талаблари асосида тузилган шартнома бўйича олинган
мажбурият бажарилиши лозим. Мажбуриятнинг ўз вақтида, тўлиқ ва сифатли равишда
бажарилиши ўзаро ишончнинг мустаҳкамланишида, ҳамкорликнинг узоқ вақт давом
этишида ҳамда бу орқали ўз тадбиркорлик фаолиятининг ривожланиши ва кенгайишида
муҳим омилдир.
Шерзод Ғофуров,
Зарафшон туманлараро иқтисодий суди раиси