Суд тизими мустақил бўлмас экан, жамиятимизда
ривожланиш бўлмайди, Янги Ўзбекистонда ҳар қандай баҳсли масалага адолатли ечим
фақат одил суд томонидан топилиши керак. Судьялар ишига ҳар қандай аралашув
кескин жазоланади, уларнинг хавотирсиз ишлаши учун барча зарур шароитлар
яратилади. Қанчалик қийин бўлмасин, суд тизимидаги ислоҳотларимизни албатта
давом эттирамиз.
Ш.М.Мирзиёев.
Ўтган
давр мобайнида Ўзбекистонда барча соҳалар қатори суд-ҳуқуқ йўналишида ҳам кенг
кўламли ишлар амалга оширилди. Мазкур йўналишнинг муҳим бир қисми бўлган суд
тизимидаги илоҳотлардан кўзланган асосий мақсад суд ҳокимиятини чинакам
мустаққилигини таъминлаш, суд тизимини такомиллаштириш, уни том маънодаги инсон
ҳуқуқлари ҳимоячисига ва адолат қўрғонига айлантириш ҳисобланади.
Дастлаб Ўзбекистон Республикаси Президентининг
“Судлар фаолиятига замонавий ахборот-коммуникация технологияларини янада
кенгроқ жорий этиш чора тадбирлари тўғрисида”ги 2017 йил 30 августдаги ҳамда
“Суд ҳокимияти органлари фаолиятини рақамлаштириш чора–тадбирлари тўғрисида”ги 2020
йилнинг 3-сентябрдаги қарорларига
асосан судлар фаолиятида замонавий технологияларни кенг жорий этилиши замирида,
судга мурожаат қилишни эркинлаштириш, одил судловга эришиш даражасини ошириш
ҳамда судлар фаолиятида очиқлик ва шаффофликни таъминлаш имкони фуқароларга амалда
яратиб берилди.
Соҳадаги
барча ислоҳотлар бир нарсага – судларда
очиқлик, адолат устуворлигини таъминлашга қаратилмоқда.
Ушбу
ислоҳотларни давомчиси сифатида, 2025 йил йил 21 август куни Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Судлар фаолиятига сунъий интеллект технологияларини жорий
этиш орқали одил судловга эришиш даражасини ошириш ҳамда суд тизимининг моддий-техник
таъминотини яхшилашга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги
140-сонли Фармони қабул қилинди.
Судлар
фаолиятига сунъий интеллект технологияларини жорий этиш ҳамда рақамлаштириш жараёнларини
жадаллаштириш, шунингдек, судларда фуқаролар ва тадбиркорлик субъектлари учун қулай шарт-шароитлар яратиб
беришнинг келгуси йиллардаги устувор мақсадлари этиб қуйидагилар белгиланди:
-биринчидан,
суд ишларини юритишда қоғоз
шаклидан воз кечиш мақсадида “Рақамли суд” концепцияси асосида ишларнинг юритилишини босқичма-босқич тўлиқ электрон шаклга ўтказиш;
-иккинчидан,
фуқаролар
ва тадбиркорлик субъектларига кўрсатиладиган интерактив электрон хизматлар
турларини ошириб бориш, суд ҳужжатларидан нусха олиш, суд ишлари билан танишиш, аризанинг судга тааллуқлилиги ва судловга тегишлилигини
аниқлаш,
сунъий интеллект ёрдамида суд харажатларини ҳисоблаш имкониятини яратиш, шунингдек, суд томонидан тақиқланган манба ва контентларнинг электрон реестрини юритиш;
-учинчидан,
судлар фаолиятига сунъий интеллект технологияларини жорий этиш учун зарур
техник инфратузилма яратиш, шунингдек, ушбу йўналишдаги норматив-ҳуқуқий
базани такомиллаштириш бўйича чоралар кўриш;
-тўртинчидан,
Олий суднинг ахборот тизимлари негизида суд ҳужжатлари архиви модулини ишлаб чиқиш ва амалиётга жорий этиш;
-бешинчидан,
судлар фаолиятини рақамлаштириш бўйича «Кибер ҳуқуқ» йўналишида илмий тадқиқотлар ўтказиш, шунингдек, судьялар ва суд аппарати ходимларининг рақамли саводхонлиги ва малакасини
доимий ошириб бориш;
-олтинчидан,
иқтисодий
судлар тузилмасини оптималлаштириш орқали уларнинг фаолияти самарадорлигини ошириш ва ягона суд амалиётини
шакллантириш;
-еттинчидан,
“Рақамли
суд” концепцияси асосида босқичма-босқич суд мажлиси залларини ташкил этиш ҳамда аҳоли ва судьялар учун қулай ва замонавий шарт-шароитлар яратиш, шунингдек, судьялар ва суд
ходимларининг ижтимоий ҳимоясини кучайтириш.
Адолатли
қарорлар қабул қилишга қодир бўлган, мустақил, турли хил таъсирларга қарши тура
оладиган юксак малакали, ҳаёт тажрибасига эга судьялар корпусини шакллантириш
бугунги кун талабидир. Мамлакатимиз раҳбари ўз маърузасида суд ходимлари олдига
бу борада қатъий ва адолатли мезонларни белгилаб берди, яъни судьянинг онгида – адолат, тилида –
ҳақиқат, дилида- поклик бўлиши кераклигини таъкидлади.
Суд
ҳокимиятини чинакам мустақиллигини, фуқаролар ҳуқуқ ва эркинликларининг ишончли
ҳимоясини таъминлаш ҳамда одил судловга эришиш даражасини ошириш суд-ҳуқуқ
тизимини ислоҳ қилиш соҳасида давлат сиёсатининг асосий устувор йўналишлари
ҳисобланади.
Лутфулла Тошмуродов,
Навоий вилоят судининг судьяси