Ўзбекистон Республикаси Иқтисодий процессуал кодекси (бундан буён матнда ИПК деб юритилади)да
даъво тақдим этиш, иш қўзғатиш асослари, даъво аризасининг шакли ва мазмуни,
даъво аризасининг ва унга илова қилинган ҳужжатларнинг кўчирма нусхаларини
юбориш, даъво аризасига тегишли ҳужжатларни илова қилиш юзасидан нормалар
мавжуд бўлиб, ушбу қонунчилик талабларига даъво аризаси билан судга мурожаат
қилаётган тараф, албатта, риоя қилиши лозим.
Бироқ, айрим ҳолларда мазкур норма талабларига амал
қилинмасдан иқтисодий судга даъво аризаси бериш ҳолатлари учраб турмоқда.
Ушбу мақоламиз орқали эса суд амалиётида кўрилган бир
иқтисодий иш мисолида йўл қўйилган қонунбузилиш ҳолатига тўхталмоқчимиз.
Навоий давлат Ўрмон
хўжалиги (бундан буён матнда даъвогар деб юритилади) судга даъво аризаси билан
мурожаат қилиб, «Навоий магистрал электр тармоқлари» (бундан буён матнда
жавобгар деб юритилади)дан 86.963.078 сўм асосий қарзни ундиришни сўраган.
Суднинг
4-2101-2501/1310-сонли иши бўйича қабул қилинган 2025 йилнинг 14 апрель
кунидаги ажрими билан даъво аризаси кўрмасдан қолдирилган.
Мазкур даъво аризасини кўриш
жараёнида даъвогарнинг масъул
ходими томонидан ўз меҳнат фаолиятида
бир қатор хато-камчиликларга йўл қўйилганлиги, бунинг оқибатида қонунчилик
талаблари бузилганлиги, даъвогар манфаатларига зарар етганлиги ва келгусида
мазкур ҳолатларни олдини олишга жиддий эътибор қаратиш лозимлиги аниқланган.
Хусусан, даъвогар
жавобгарга нисбатан қарздорликни ундириш юзасидан судга 2025 йил 28 февралдаги
28-сонли даъво аризаси билан мурожаат қилган.
Аммо, мазкур даъво аризаси
даъвогар раҳбари Б.Жумаев номидан бошқа шахс томонидан имзоланган. Бундай
ҳолатда даъво аризаси Б.Жумаев номидан имзолаш ҳуқуқига эга бўлмаган шахс
томонидан имзоланган ҳолатда судга тақдим қилинган.
Агарда даъвогар ходимига
даъво аризасини имзолаш ваколати тегишли тартибда берилган бўлса, у ҳолда даъво
аризаси ўша шахснинг мансаб мавқеи ҳамда фамилияси, исми, отасининг исми
кўрсатилган ҳолда ўзи томонидан имзоланиши ва даъво аризасини имзолаш ваколати
мавжудлигини тасдиқловчи далил даъво аризасига илова қилиниши лозим эди.
Ваҳоланки, ИПКнинг 151-моддасида, даъво аризасига
даъво аризасини имзолаш ваколатини, агар у вакил томонидан имзоланган бўлса,
тасдиқловчи ҳужжатлар илова қилиниши лозимлиги назарда тутилган.
ИПК 107-моддаси биринчи
қисмининг 3-бандига кўра, даъво аризаси имзоланмаган бўлса ёки уни имзолаш
ҳуқуқига эга бўлмаган шахс томонидан ёхуд мансаб мавқеи ёки фамилияси, исми,
отасининг исми кўрсатилмаган шахс томонидан имзоланган бўлса, суд
даъво аризасини кўрмасдан қолдиради.
Шу боис, суд даъво аризаси уни имзолаш ҳуқуқига эга бўлмаган шахс томонидан
имзоланганлиги сабабли даъво аризасини кўрмасдан қолдиришни лозим топган.
“Давлат божи тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси
Қонунининг 18-моддасида, давлат божининг тўлиқ ёки қисман қайтарилиши мумкин
бўлган ҳолатлари қайд этилган бўлиб, мазкур ҳолатлар орасида даъво аризаси
ИПКнинг 107-моддаси биринчи қисмининг 3-бандига кўра кўрмасдан қолдирилганда
давлат божи қайтарилиши мумкинлиги белгиланмаган.
Шунга кўра, суд даъво аризаси кўрмасдан
қолдирилганлиги сабабли ишни кўриш билан боғлиқ суд харажатларини даъвогарнинг
зиммасига юклаб, даъвогар томонидан судга даъво аризасини тақдим қилишда
олдиндан 1.739.276 сўм давлат божи ва 37.500 сўм почта харажати тўланганлигини
инобатга олиб, мазкур суд харажатини даъвогардан ундирмасликни лозим топган.
Бу эса даъво аризасини расмийлаштириш ва судга тақдим
этишда юқорида қайд этилган қонунчилик талаблари даъвогар масъул ходими
томонидан бузилганлиги ва риоя этилмаганлиги оқибатида даъвогар манфаатларига
зарар етказилишига олиб келган.
Ўзбекистон
Республикаси Меҳнат кодекси 300-моддасининг биринчи қисмига кўра, интизомий
жавобгарлик ходим томонидан интизомий қилмиш (ушбу Кодекс 301-моддасининг иккинчи қисми) содир этилганлиги
учун юзага келадиган ва ушбу ходимга нисбатан интизомий жазо чораси
қўлланилишида ифодаланадиган юридик жавобгарликдир.
ИПК 200-моддасининг биринчи қисмига кўра, ишни кўриш
вақтида давлат органининг ёки бошқа органнинг, юридик шахснинг, мансабдор
шахснинг ёки фуқаронинг фаолиятида қонунчилик ҳужжатлари бузилганлиги
аниқланган тақдирда, уларнинг ишда иштирокидан қатъи назар, суд хусусий ажрим
чиқаришга ҳақлидир.
Шунга кўра, суд томонидан юқорида ҳолатлар бўйича
қонунбузилишга йўл қўйилганлигини батафсил ўрганиш мақсадида хусусий ажрим
чиқарилиб, мазкур хусусий ажримда кўрсатилган салбий ҳолатларга даъвогарнинг
келгусидаги фаолиятида йўл қўймаслик мақсадида Навоий давлат Ўрмон хўжалиги
томонидан юқорида қайд этиб ўтилган ҳолатда айбдорни
аниқлаб, унга нисбатан қонунчиликда белгиланган тартибда интизомий жазо
чорасини қўллаш юклатилган.
Албатта, қайд этилган ҳолатларга кўра,
таъкидламоқчимизки, ўз ҳуқуқларимизни бошқа шахсларнинг ҳуқуқларига, жамият ва
давлат манфаатларига зарар етказмаган ҳолда амалга ошириш, мажбуриятларимиз
мавжудлигини унутмаган ҳолда уни тўлиқ ва ўз вақтида бажариш, қонунларимизга
ҳурмат билан муносабатда бўлиш ҳуқуқий маданиятнинг энг муҳим шарти бўлиб, ҳар
биримизни жамиятимизнинг интизомли аъзоси бўлишини таъминлаган ҳолда бизни
жавобгарликдан, ўрни келганда қонуний жазодан асраб туради.
Шерзод
Ғофуров,
Зарафшон
туманлараро иқтисодий суди раиси