Судлар зиммасига давлат ҳокимиятининг бўғинларидан бири – суд ҳокимиятини амалга ошириш каби юксак, шу билан бирга масъулиятли вазифа юклатилган.
Ўзбекистон Республикасида суд тизими ваколатлари, вазифа ва мақсадларига кўра фарқланадиган фуқаролик, жиноий, иқтисодий ва маъмурий суд ишларини юритадиган судлар мажмуидан иборат бўлиб, фуқаролар ва тадбиркорлик субъектлари ҳуқуқ ва манфаатларини ишончли ҳимоя қилиш, одил судловни самарали таъминлаш борасида иқтисодий судларнинг алоҳида ўрни борлигини таъкидлаб ўтиш жоиз.
Давлатимиз раҳбарининг 2025 йил 21 августда қабул қилинган “Судлар фаолиятига сунъий интеллект технологияларини жорий этиш орқали одил судловга эришиш даражасини ошириш ҳамда суд тизимининг моддий-техник таъминотини яхшилашга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги ПФ-140-сон Фармонига кўра, иқтисодий судлар тузилмасини оптималлаштириш орқали улар фаолияти самарадорлигини ошириш ва ягона суд амалиётини шакллантириш келгусидаги асосий мақсадлардан бири этиб белгиланган.
Дарҳақиқат, ҳозирда иқтисодий судлар тузилмасини қайта кўриб чиқиш, уларни замон талабларига мос равишда такомиллаштирилиб бориш зарурати юзага келган эди. Чунки, туманлараро, туман, шаҳар иқтисодий судларида иш юкламаси турлича ва бир хил эмас, бу эса ўз навбатида суд қарорлари сифатига таъсир ўтказмай қолмайди.
Судлар фаолиятида рақамли технологияларни жорий этилиши, жумладан, электрон ариза бериш, суд қарорларини электрон шаклда олиш, видеоконференция орқали масофавий иштирок этиш имкониятлари кенгайтирилган.
Фармонга кўра, 2026 йил 1 январдан бошлаб иқтисодий судларни мақбуллаштириш орқали туманлараро, туман, шаҳар иқтисодий судлари тугатилиб, Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар марказлари ва Тошкент шаҳрида туманлараро иқтисодий судлар фаолиятини йўлга қўйиш режалаштирилган.
Бу ўзгаришлар орқали иқтисодий судлар фаолиятида қуйидаги натижаларга эришилади:
· судлар амалиёти стандартлашиб, ягона суд амалиёти шаклланади;
· судларнинг иш юритиш тартиб-таомиллари бир хиллашиб, ишларни кўриш сифати, тезлиги ошади;
· судлардаги мавжуд ресурслардан тўғри фойдаланилиб, самарадорлик ошади;
· янги ташкил этилаётган туманлараро иқтисодий судлари иқтисодиёт соҳасида қонунийликни мустаҳкамлаш, тадбиркорлар ҳуқуқини ҳимоя қилишда ягона майдон бўлиб хизмат қилади.
Хулоса ўрнида, иқтисодий судлар тузилмасини оптималлаштириш орқали давлат сиёсатининг асосий мақсадларидан бири бўлмиш одил судловни таъминлаш шунингдек, том маънода суд-ҳуқуқ соҳасидаги ислоҳотларнинг янги босқичини бошлаб беради, десак муболаға бўлмайди.
Ш.Зайниев
Одил судлов академияси тингловчиси