Навоий шаҳридаги “Чинор” маҳалла фуқаролари йиғини биносида ажрим ёқасига
келиб қолган оилалар билан навбатдаги сайёр муҳокама ўтказилди.
Тадбирда
фуқаролик ишлари бўйича Кармана туманлараро судининг судьяси
Ғайрат Якубов, вилоят ҳокимининг ўринбосари – Оила ва хотин-қизлар
бошқармаси бошлиғи Малика Мамадиярова ҳамда Навоий шаҳар ҳокими
ўринбосари Насиба Рахимова иштирок этиб, ҳар бир оиланинг муаммосини якка тартибда
таҳлил қилдилар.
Жамиятнинг асоси бўлган оила нафақат икки инсоннинг
иттифоқи, балки келажак авлод камол топадиган муқаддас маскандир. Муҳокама давомида
сўзга чиққанлар оила институтининг жамиятдаги ўрни, ўзаро ҳурмат ва сабр-тоқатнинг
аҳамияти ҳақида тўхталиб ўтдилар.
Учрашувда асосан фарзандларнинг руҳий ҳолати
ва келажаги масаласига алоҳида эътибор қаратилди. Оила бузилиши натижасида энг кўп
азият чекадиган ва жамиятда ўз ўрнини топишда қийналадиган қатлам — бу болалардир.
Ота-онанинг
ўзаро келишмовчилиги сабаб бегуноҳ фарзандларнинг кўз ёши ва уларнинг саргардон
бўлишига йўл қўймаслик ҳар бир виждонли инсоннинг бурчи эканлиги таъкидланди.
Очиқ мулоқот тарзида ўтган муҳокамада жами
13 та оиланинг тақдири кўриб чиқилди:
Ўзаро тушунмовчиликларни бартараф этган 5 та
оила шу ернинг ўзида яраштирилди;
Қолган оилаларга ўзаро муносабатларини қайта
кўриб чиқиш, хатоларини тузатиш ва оилавий бутунликни сақлаб қолиш учун қўшимча
муҳлат берилди.
Суҳбат
давомида малакали психологлар томонидан маслаҳатлар берилиб, судя ва мутахассислар
томонидан ҳуқуқий тушунтиришлар олиб борилди.
Мақсад битта — бирон бир боланинг етим қолмаслиги
ва ҳар бир оилада меҳр-оқибат муҳитини қайта тиклашдир.
Ғайрат Якубов,
Фуқаролик ишлари бўйича Кармана туманлараро судининг
судьяси