Shan. Fev 14th, 2026

Суднинг ҳал қилув қарори суд раислик қилувчи томонидан муҳокамаси тугалланган суд мажлисининг ўзида ўқиб эшиттирилади. Суд муҳокамаси тугалланган суд мажлисида қабул қилинган ҳал қилув қарорининг фақат хулоса қисми ўқиб эшиттирилади. Ҳал қилув қарорининг ўқиб эшиттириладиган хулоса қисми ҳал қилув қарорини қабул қилишда иштирок этган барча судялар томонидан имзоланиши ва ишга қўшиб қўйилиши керак. Ҳал қилув қарорини тўлиқ ҳажмда тузиш ва имзолаш беш кундан кўп бўлмаган муддатга кечиктирилиши мумкин. Суд мажлисида раислик қилувчи ҳал қилув қарори ўқиб эшиттирилганидан кейин ишда иштирок этувчи шахслар асослантирилган ҳал қилув қарори билан қачон танишишлари мумкинлиги, уни ишда иштирок этувчи шахсларга юбориш тартибини, шунингдек ҳал қилув қарори устидан шикоят қилиш (протест келтириш) тартибини тушунтириб беради. Иш бўйича ҳал қилув қарори эълон қилинганидан сўнг ҳал қилув қарорини қабул қилган суднинг ўзи уни бекор қилишга ёки ўзгартиришга ҳақли эмас, бундан қонуний кучга кирган суд ҳужжатининг янги очилган ҳолатлар бўйича қайта кўрилиши мустасно. Суд ҳал қилув қарорининг кўчирма нусхаларини топширилганлиги маълум қилинадиган буюртма хат орқали ишда иштирок этувчи шахсларга ҳал қилув қарори эълон қилинган кундан эътиборан беш кун ичида юборади ёки тилхат олиб топширади, ушбу шахсларнинг электрон почта манзиллари мавжуд бўлган тақдирда эса ҳал қилув қарори электрон ҳужжат тарзида юборилиши мумкин. Ушбу Кодексда назарда тутилган ҳолларда ва тартибда суд ҳал қилув қарорининг кўчирма нусхаларини бошқа шахсларга ҳам юборади.

Ҳал қилув қарорини қабул қилган суд қуйидаги ҳолларда қўшимча ҳал қилув қарорини қабул қилади, агар:

1) ишда иштирок этувчи шахслар далиллар тақдим этган бирор-бир талаб бўйича ҳал қилув қарори қабул қилинмаган бўлса;

2) суд ҳуқуқ тўғрисидаги масалани ҳал қилиб, жавобгар амалга ошириши шарт бўлган ҳаракатларни кўрсатмаган бўлса;

3) суд харажатлари тўғрисидаги масала ҳал этилмаган бўлса.

Қўшимча ҳал қилув қарорини қабул қилиш тўғрисидаги масала ҳал қилув қарори қонуний кучга киргунига қадар қўйилиши мумкин. Қўшимча ҳал қилув қарори ишда иштирок этувчи шахсларнинг аризасига ёки суднинг ташаббусига кўра қабул қилиниши мумкин. Суд томонидан қўшимча ҳал қилув қарорини қабул қилиш тўғрисидаги масала мазкур бобда белгиланган қоидалар бўйича суд мажлисида ҳал қилинади. Бироқ тегишли тарзда хабардор қилинган шахсларнинг келмаганлиги қўшимча ҳал қилув қарорини қабул қилиш тўғрисидаги масалани кўришга тўсқинлик қилмайди. Қўшимча ҳал қилув қарори асосий ҳал қилув қарори билан бирга қонуний кучга киради. Қўшимча ҳал қилув қарори устидан асосий ҳал қилув қарори билан бирга шикоят қилиниши (протест келтирилиши) мумкин. Қўшимча ҳал қилув қарорини қабул қилиш рад этилган тақдирда, ажрим чиқарилади. Ҳал қилув қарори ноаниқ бўлган тақдирда, ишни ҳал қилган суд ишда иштирок этувчи шахсларнинг аризасига, шунингдек суд ҳал қилув қарорининг ижроси ўз зиммасига юклатилган органлар ва давлат ижрочисининг аризасига кўра ҳал қилув қарорини унинг мазмунини ўзгартирмаган ҳолда тушунтиришга ҳақли. Ҳал қилув қарорини тушунтириш тўғрисидаги ариза ишда иштирок этувчи шахсларни, давлат ижрочисини ёки суд ҳужжатини ижро этиш зиммасига юклатилган бошқа органларни хабардор қилган ҳолда суд мажлисида кўрилади. Бироқ мазкур шахсларнинг келмаганлиги аризани кўришга тўсқинлик қилмайди. Ҳал қилув қарорини тушунтириш тўғрисидаги ариза у берилган кундан эътиборан ўн кунлик муддатда кўриб чиқилади. Ҳал қилув қарорини тушунтириш ҳақида ёки тушунтиришни рад қилиш тўғрисида ажрим чиқарилади. Ажрим устидан шикоят қилиниши (протест келтирилиши) мумкин.

 

Зафар Тухтаев,

Навоий туманлараро маъмурий судининг судьяси

By admin

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan