Shan. Fev 14th, 2026

Президентимиз таъкидлаганидек, “суд биносига келган ҳар бир инсон Ўзбекистонда адолат борлигига ишониб чиқиб кетиши керак”. Дарҳақиқат, суд-ҳуқуқ тизими жамиятда қонун устуворлиги ва ҳақиқат барқарорлигининг кафолати, инсон ҳуқуқлари ҳимоясининг мустаҳкам қалқонидир. Шу боис Янги Ўзбекистон шароитида судларни ҳақиқий маънода адолат қўрғони этиш мақсадида 2025 йил давомида суд соҳасида кенг қамровли ислоҳотлар амалга оширилди. Йил якунида мазкур соҳада эришилган ютуқларга назар солсак, давлатимиз раҳбари ташаббуси билан бир нечта муҳим фармон ва қарорлар қабул қилинди, суд тизими фаолиятини тубдан такомиллаштиришга қаратилган қонун ҳужжатлари ҳаётга татбиқ этилди.

Суд-ҳуқуқ соҳасидаги энг муҳим янгиликлардан бири – “Рақамли суд” концепциясининг амалга татбиқ этилиши бўлди. 2025 йил 21 август куни Президент томонидан махсус фармон – “Судлар фаолиятига сунъий интеллект технологияларини жорий этиш орқали одил судловга эришиш даражасини ошириш ҳамда суд тизимининг моддий-техник таъминотини яхшилашга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги фармон қабул қилинди.

Судларни рақамлаштириш ва электрон адолатни таъминлашга қаратилган барча ислоҳотлар одил судлов таъминлашда мутлақо янги даврни бошлаб берди.

Энди юртимиз фуқаролари судни ҳақиқий адолат манбаи сифатида кўриб, ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилишда тезкор, шаффоф ва самарали электрон тизимга эга бўлмоқдалар. Бу, шубҳасиз, “суд – адолат қўрғони” тамойилининг амалий ижросидир.

Суд адолат қўрғони бўлиши учун, албатта, унинг “қалъачилари” – судьялар юксак малака ва ҳуқуқий маданиятга эга бўлиши зарур. Шу мақсадда 2025 йилда судьялар корпусини шакллантириш тизими тубдан янгиланди. Давлатимиз раҳбари 2025 йил 21 август куни яна бир муҳим ҳужжат – “Одил судлов соҳасида юқори малакали кадрлар тайёрлаш тизимини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Президент фармонини имзолади. Ушбу фармонга мувофиқ, Судьялар олий мактаби негизида янги таҳсил муассасаси – Ўзбекистон Республикаси Одил судлов академияси ташкил этилди.

ушбу ислоҳотлар натижасида судьяликка номзодларни саралаш ва тайёрлаш жараёни тубдан янгиланди. Энди фақат юксак билим ва малакага эга, психологик жиҳатдан барқарор, хорижий ҳуқуқий тафаккурни ҳам англай оладиган мутахассислар судья лавозимига тавсия этилади. Фармон билан судьялар корпусини шакллантиришнинг замонавий талаблари ва шаффоф механизми яратилди, бу эса келгусида адолат посбонларининг янада салоҳиятли бўлишини таъминлайди. Айни ислоҳот “суд – адолат қўрғони” деган шиорнинг моҳиятига ҳам тўла мос бўлиб, адолат қўрғонининг истиқболдаги мустаҳкамлиги айнан шу малакали кадрларга боғлиқдир.

Шу жараённи давом эттирувчи муҳим қадам сифатида, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2025 йил 24 ноябрдаги “Судьялар ҳамжамияти органлари фаолиятининг самарадорлиги ва очиқлигини ошириш ҳамда суд мустақиллиги кафолатларини янада кучайтириш чора-тадбирлари тўғрисида” Фармони қабул қилинди. Ушбу Фармон судлар ҳамжамияти органлари фаолиятини янада самарали ва шаффоф қилиш, суд мустақиллиги кафолатларини мустаҳкамлашга қаратилган янги чора-тадбирларни ўз ичига олади.

Фармонда судьялар мустақиллигини кучайтириш учун қатор ҳуқуқий тадбирлар белгиланган. Судьяларга манфаатлар тўқнашуви ва ўз истагига кўра қайта тайинланмаслик кафолатини кучайтириш мақсадида, уларни навбатдаги 10 йиллик муддатга тайинлаш тартиби бекор қилинади. Энди номзодлар биринчи маротаба 5 йилга, кейинчалик муддатсиз (умрбод) лавозимга тайинланади. Бу судьяларнинг мустақиллигига тўсқинлик қилувчи ижро ваколатларини камайтиришга хизмат қилади.

2025 йил давомида амалга оширилган мазкур ислоҳот ва қарорлар “Суд – адолат қўрғони” ғоясини амалда рўёбга чиқаришга қаратилган улкан қадамлардир. Суд-ҳуқуқ тизимида қабул қилинган президент фармонлари ва қарорлари натижасида одил судловни таъминлаш механизми тубдан янгиланди: судлар фаолияти рақамлашди, инсон омили таъсири камайди, судьялар ҳамкасблиги мустаҳкамланди ва уларнинг масъулияти ошди, фуқароларнинг судга ишончи орта бошлади. Энг муҳими, ҳар бир инсон ўз ҳақ-ҳуқуқини суд орқали ҳимоя қилишда адолатга эришиши учун асос яратилди.

 

Анвар Насриев,

Фуқаролик ишлари бўйича Зарафшон туманлараро суди судьяси

By admin

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan