Алимент
сўзининг маъноси нафақа, таъминот, боқиш учун маблағ маъносини англатади.
Кўпчилик
алимент деганда ота томонидан фарзанди учун тўланадиган маблағни тушунишади,
аслида алиментнинг бир нечта турлари мавжуд бўлиб, булар ота-она томонидан
болалари 18 ёшга тўлгунга, яъни вояга етгунига қадар алимент, ота-она томонидан
вояга етган меҳнатга лаёқатсиз, ёрдамга муҳтож болаларига алимент, ота-она
томонидан фавқулодда ҳолатлар, яъни боланинг оғир шикастланиши, касал бўлиши ва
бошқалар туфайли келиб чиққан қўшимча харажатлар, вояга етган, меҳнатга
лаёқатли болалар томонидан ўз ота-онасига бериладиган моддий ёрдам ҳамда
эр-хотин ёки собиқ эр-хотин томонидан бир-бирига бериладиган моддий ёрдамдан
иборат.
Алимент
мажбурияти ихтиёрий равишда, ўзаро келишувга асосан бажарилади. Агар алимент
мажбурияти бўйича келишувга эришилмаган тақдирда низо суд тартибида ҳал
қилинади.
Вояга
етмаган болаларига алимент тўлаш ва уларга таъминот беришда ота-онанинг
мажбуриятлари тенгдир. Вояга етмаган болаларнинг таъминоти учун алимент суд
томонидан ота-онанинг ҳар ойдаги иш ҳақи ва (ёки) бошқа даромадининг бир бола
учун — тўртдан бир қисми; икки бола учун — учдан бир қисми; уч ва ундан ортиқ
бола учун — ярмиси миқдорида ундирилади.
Ҳар бир
бола учун ундириладиган алимент миқдори қонунчилик билан белгиланган меҳнатга
ҳақ тўлаш энг кам миқдорининг 26,5 фоизидан, яъни бугунги кунда 336.815 сўмдан
кам бўлмаслиги керак.
Ота-она
вояга етган меҳнатга лаёқатсиз, ёрдамга муҳтож болаларига таъминот бериши шарт,
бу ҳолатда ҳам таъминот бериш ота-онанинг келишувига биноан амалга оширилади.
Ота-она ўртасида бундай келишувга эришилмаган тақдирда низо суд тартибида ҳал
қилинади. Алиментнинг миқдори суд томонидан алимент тўлаши шарт бўлган
ота-онанинг оилавий ва моддий аҳволи ҳисобга олиниб, ҳар ойда пул билан
тўланадиган қатъий суммада белгиланади.
Ота-она
фавқулодда ҳолатлар (боланинг оғир шикастланиши, касал бўлиши ва бошқалар) туфайли
келиб чиққан, боланинг таъминоти учун зарур бўлган қўшимча харажатларда иштирок
этиши шарт. Қўшимча харажатларда иштирок этишдан бош тортган ота (она)дан суд
уларнинг оилавий ва моддий аҳволини ҳисобга олиб, қўшимча харажатларни қисман
пул билан тўланадиган қатъий суммада ундириш ҳақида ҳал қилув қарори чиқариши
мумкин.
Вояга
етган, меҳнатга лаёқатли болалар ўз ота-онасига ихтиёрий равишда моддий ёрдам
беришдан бўйин товласалар, таъминот миқдори болаларнинг оилавий ва моддий
аҳволини ҳисобга олган ҳолда суднинг ҳал қилув қарорига асосан белгиланади.
Эр-хотин
бир-бирига моддий ёрдам бериши шарт. Бундай ёрдам беришдан бош тортилган
тақдирда, ёрдамга муҳтож, меҳнатга лаёқатсиз эр ёки хотин, шунингдек хотин
ҳомиладорлик даврида ва ўртада бола туғилган кундан эътиборан уч йил давомида,
ўртадаги ногиронлиги бўлган болани у ўн саккиз ёшга тўлгунига қадар
парваришлашни ёки болаликдан I гуруҳ ногиронлиги бўлган ўртадаги болани
парваришлашни амалга оширган, ёрдамга муҳтож бўлган эр (хотин) ёрдам беришга
қодир бўлган хотиндан (эрдан) суд тартибида таъминот (алимент) олиш ҳуқуқига
эга.
Азизжон Баҳронов,
Навоий вилоят суди судьяси