Shan. Fev 14th, 2026

Айрим вазиятлар бўладики, у камдан-кам учрайди, аммо у руй берганда ҳам катта салбий оқибатлар олиб келади ва кишилар ҳаётига жудаям зарарли таъсир кўрсатади.

Ушбу мақолам орқали амалиётимда кузатилган бир низо тафсилотини ёритиб ўтмоқчиман. Бундан мақсад эса тадбиркор учун қимматга тушган эътиборсизликка бошқа кимса йўл қўймаслигидир.

Алишер (исми шарифи ўзгартирилган) катта ниятлар билан ўз тадбиркорлик фаолиятини бошлаб, кўп қаватли турар-жой биносини қуришга киришди. Бунинг учун банкдан катта миқдорда кредит олиб, етмаганига дўст-биродарларидан қарз ҳавола қилди. Турар-жой биносини қисқа муддатларда қуриб, ўз соҳибларига тезроқ топшириш илинжида қурилиш ишлари жадаллик билан бошланди. Фуқаролар ҳам тезкорлик билан олиб борилаётган ушбу қурилишга катта қизиқиш билдиришиб, келгусида хонадонни сотиб олиш бўйича шартномалар тузишиб, тўловларни амалга ошира бошлашди. Ишлар бошланганига кўп вақт бўлмаган бўлсада, кўп ҳажмли ишлар қилинган, кўп қаватли турар-жой биносининг иккинчи қавати кўтарилиб, учинчи қаватидаги қурилиш ишлари бошланганлиги сабабли қурилиши тугалланмаган ушбу бино шаҳар ҳудудида бўй кўрсата бошлаган ва бундан ҳамма хусанд эди.

Бироқ.

Бу хурсандчилик узоққа чўзилмади.

Алишернинг ҳотиржамлигини унинг қурилишига ёндош ҳудуддан кўп қаватли турар-жой биносини қуриш учун аукцион орқали ер майдони сотиб олган Ботирнинг (исми шарифи ўзгартирилган) хабари бузиб юборди.

Чунки, агарда Ботирнинг хабари рост бўлса, шиддат билан амалга оширалаётган қурилиш ишлари деярли учинчи қаватга келиб қолган кўп қаватли турар-жой биноси бузилиши лозим эди.

Қанча меҳнат, қанча машаққат, қанча маблағ.

Шу аснода қурилиш ишлари тўхтаб қолди, Алишер ва Ботир эса мавжуд ҳолатларга аниқлик киритиш аслида ҳақиқат нимадан иборат эканлигини билиш ҳаракатига тушиб кетишди. Аммо, мавжуд ҳолатни тўғирлайдиган бирор-бир натижага эришаолишмади.

Натижада иккала томоннинг баҳс-мунозараси низога айланиб, мазкур низо иқтисодий судга ўзбошимчалик билан қурилаётган қурилишни буздириш мазмунидаги даъво аризаси бериш билан мурожаат қилинишига сабаб бўлди.

Мазкур ишни кўриш жараёнида низонинг мураккаблиги ва ўзига хослиги ушбу низо ортида жавобгар тадбиркорнинг тақдири, фуқароларнинг иқтисодий ва даъвогар тадбиркорнинг мулкий манфаатлари мавжудлиги билан боғлиқ эди, аммо қонун устуворлиги таъминланиши ва иш юзасидан асосли ва қонуний қарор қабул қилиниши одил судловнинг муҳим шартидир.

Бир неча маротаба ўтказилган ва иш юзасидан қурилиш соҳасига алоқадор бўлган барча мутахассислар жалб қилиниб, уларнинг тушунтиришлари олинган суд муҳокамалари жараёнидан ҳамда ишда тўпланган далиллардан хулоса қилиндики, жавобгар кўп қаватли турар-жой биносини ўзининг қурилишига ёндош ҳудуддаги даъвогар томонидан кўп қаватли турар-жой биносини қуриш учун аукцион орқали сотиб олинган ер майдонида эътиборсизлик натижасида қурган ва мазкур ҳолатни мажбурий тартибда бузиб ташламасдан бартараф этиш имкони мавжуд эмас.

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2022 йил 14 февралдаги 71-сон қарорининг 2-иловаси билан тасдиқланган “Тадбиркорлик ва шаҳарсозлик фаолиятини амалга ошириш учун ер участкаларини мулк ҳуқуқи ва ижара ҳуқуқи асосида электрон онлайн-аукцион орқали реализация қилиш тартиби тўғрисида”ги Низомнинг 37-бандида, давлат ордери ёки ер участкасининг ижара шартномаси асосида Кадастр агентлиги Давлат кадастрлари палатасининг туман (шаҳар) филиаллари туман (шаҳар) қурилиш бўлими билан биргаликда уч иш куни мобайнида ер участкаси чегараларини жойида (натурада) белгиланиши, ер участкаси чегараларини киритган ҳолда ер участкаси чегараларини жойида (натурада) белгилаш далолатномасини тайёрлаш ишларини бажариш учун базавий ҳисоблаш миқдорининг икки баравари миқдорида ҳақ ундирилиши ва лотни сотишдан тушган маблағлар ҳисобидан қопланиши назарда тутилган.

Бироқ, мазкур Низом талаби бўйича ер участкаси чегараларини жойида (натурада) белгилаш далолатномаси расмийлаштирилмаган бўлсада, жавобгар томонидан ушбу далолатномани расмийлаштирилиши ва тақдим этилишини ваколатли идоралардан талаб қилмасдан мазкур далолатномасиз қурилиш ишлари амалга оширилган.

Мазкур ҳолатга эса Навоий вилоят қурилиш соҳасида ҳудудий назорат инспекцияси, “ЎзГашкЛити” давлат унитар корхонаси Навоий вилоят филиали, Навоий вилоят қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги бошқармаси Зарафшон шаҳар бўлими ўз ваколатлари доирасидаги лозим даражадаги назоратни амалга оширмаган.

Шу боис суд томонидан даъво аризасини қаноатлантириб, ер майдонида ноқонуний тарзда қурилган қурилиш (қурилиши тугалланмаган кўп қаватли уй-жой биноси)ни мажбурий тартибда буздириш тўғрисида ҳал қилув қарори қабул қилиш билан бир қаторда ишни кўриш вақтида давлат ва бошқа органларнинг фаолиятида аниқланган қонун ҳужжатлари бузилганлиги ҳолати юзасидан хусусий ажрим чиқарилиб, ижро қилиш ва мавжуд ҳолатларга ҳуқуқий баҳо бериш учун Навоий вилоят прокуратурасига юборилган.

Нафақат, жавобгарнинг, балки мазкур қурилиш учун масъул бўлган барча давлат ва бошқа органлардаги мутахассисларнинг эътиборсизлиги, қайсидир маънода ўз меҳнат вазифаларини юқори профессионаллик билан амалга оширмаганлиги бир тадбиркорнинг боши берк кўчага кириб қолишига сабаб бўлган.

Ҳар биримиз, айниқса давлат хизматчилари ҳеч қачон унутмаслиги лозимки, ҳар бир ҳаракатимиз ёки ҳаракатсизлигимиз ортида бир инсон ёки тадбиркор тақдири турибди.

Лутфулло Тошмуродов,

Навоий вилоят суди судьяси

 

Шерзод Ғофуров,

Навоий туманлараро иқтисодий суди раиси

By admin

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan