Shan. Fev 14th, 2026

Ҳар бир тадбиркор ўз тадбиркорлик фаолиятини амалга ошириш жараёнида бошқа тадбиркорлик фаолияти субъектлари билан фуқаролик-ҳуқуқий муносабатга киришиб, муайян ҳуқуқ ва мажбуриятларга эга бўлишади. Қувонч билан эътироф этиш лозимки, мазкур муносабатлардаги аксарият мажбуриятлар тарафлар томонидан инсофли равишда тўлиқ ва сифатли адо этилади.

Таъкидлаш ўринлики, Ўзбекистон Республикаси Иқтисодий процессуал кодексига кўра, тадбиркорлик фаолияти субъектлари ўртасида фуқаролик-ҳуқуқий муносабатлардан келиб чиқадиган низолар иқтисодий судлар томонидан кўриб чиқилади.

Эътиборингизни суд амалиётида кўрилган бир низога қаратмоқчиман.

Хусусан, Ўзбекистон Савдо-саноат палатаси Навоий вилояти ҳудудий бошқармаси «О.З» оилавий корхонаси (даъвогар номи қисқартирилган, бундан буён матнда даъвогар деб юритилади) судга даъво аризаси билан мурожаат қилиб, «Д.М» масъулияти чекланган жамияти (жавобгар номи қисқартирилган, бундан буён матнда жавобгар деб юритилади)дан 275.257.349 сўм асосий қарз, 137.628.647 сўм пеняни ундиришни сўраган.

Ишдаги материаллардан ва суд муҳокамасида аниқланишича, тарафлар ўртасида 13.10.2022 йилда 169/22-сонли шартнома тузилган.

Шартнома шартига кўра, “етказиб берувчи” шартномага мувофиқ “сотиб олувчи”га шартномада кўрсатилган қурилиш моллари маҳсулотини етказиб бериш, “сотиб олувчи” эса маҳсулотни қабул қилиш ва унинг ҳақини тўлаш мажбуриятини ўз зиммасига олган.

Даъвогар томонидан шартномавий мажбуриятларини бажариш мақсадида 13.10.2022 йилдаги 285-сонли ҳисоб-фактурага асосан 64.424.606,40 сўмлик, 20.10.2022 йилдаги 289-сонли ҳисоб-фактурага асосан 210.832.742,20 сўмлик, жами 275.257.349 сўмлик маҳсулотлар даъвогар томонидан жавобгарга етказиб берилган бўлсада, тўловлар амалга оширилмасдан мазкур сумма доирасида қарздорлик юзага келишига йўл қўйилган.

Ваҳоланки, шартноманинг 3.2-бандига кўра, ҳисоб-китоб пул кўчириш йўли билан олдиндан 30 фоиз маблағни тўлаши ва маҳсулот қабул қилинган пайтдан бошлаб 3 кун ичида қолган қисмини тўлаш йўли билан амалга оширилиши келишилган.

Қарздорлик суммасини тўлаб бериш тўғрисидаги даъвогарнинг талабномаси жавобгар томонидан оқибатсиз қолдирилган.

Натижада Палата даъвогар манфаатида жавобгарга нисбатан қарздорлик суммасини ундириш тўғрисида даъво аризаси билан судга мурожаат қилган.

Суднинг ҳал қилув қарори билан жавобгардан даъвогар фойдасига 58.591.000 сўм асосий қарз, 15.000.000 сўм пеня, олдиндан тўланган 37.500 сўм почта харажати, давлат бюджетига 8.257.720 сўм давлат божи суммалари ундириб берилиб, даъвогар тадбиркорнинг манфаати суд йўли билан ишончли ҳимоя қилинди.

Жавобгар шартномавий мажбуриятини бажармаганлиги натижасида даъвогар фойдасига асосий қарздан ташқари, тўлов кечиктирилган кунлар учун ҳисобланган пеня ҳамда ишни судда кўриш билан боғлиқ суд харажатларини ҳам тўлашга мажбур бўлди.

Энг асосийси эса, тарафлар ўртасидаги доимий ҳамкорликка путур етди, ўзаро ишонч йўқолди.

Зеро, Фуқаролик кодексининг 9-моддасида, фуқаролик ҳуқуқларини амалга ошириш бошқа шахсларнинг ҳуқуқларини ҳамда қонун билан қўриқланадиган манфаатларини бузмаслиги шартлиги, фуқаролик ҳуқуқий муносабатлари иштирокчиларининг ҳалол, оқилона ва адолат билан ҳаракат қилиши, фуқаролар ва юридик шахслар ўз ҳуқуқларини амалга оширишда жамиятнинг маънавий тамойиллари ва ахлоқий нормаларини ҳурмат қилишлари, тадбиркорлар эса —  кераклиги назарда тутилган.

Хулоса ўрнида таъкидлаш лозимки, қонун талаблари асосида тузилган шартнома бўйича олинган мажбурият бажарилиши шарт. Мажбуриятнинг ўз вақтида, тўлиқ ва сифатли равишда бажарилиши ўзаро ишончнинг мустаҳкамланишида, ҳамкорликнинг узоқ вақт давом этишида ҳамда бу орқали ўз тадбиркорлик фаолиятининг ривожланиши ва кенгайишида муҳим омилдир.

 

Шерзод Ғофуров,

Навоий туманлараро иқтисодий суди раиси

 

Бегзод Джумаев,

Навоий туманлараро иқтисодий суди судьяси

By admin

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan