Сайёр суд жараёнларида иштирокчиларга жиноят ва ҳуқуқбузарликларнинг ижтимоий хавфи, жазонинг муқаррарлиги ҳамда бу каби қилмишларнинг инсон тақдирига салбий таъсири ҳақида батафсил маълумотлар берилди.
Тадбир давомида судьялар томонидан Ўзбекистон Республикаси Президентининг сўнгги йилларда қабул қилинган қатор муҳим ҳужжатлари мазмун-моҳияти кенг жамоатчиликка тушунтириб берилди. Хусусан, 2025 йил 21 августдаги “Судлар фаолиятига сунъий интеллект технологияларини жорий этиш орқали одил судловга эришиш даражасини ошириш ҳамда суд тизимининг моддий-техник таъминотини яхшилашга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги Президент фармони суд тизимида очиқлик, шаффофлик ва тезкорликни таъминлашга хизмат қилиши таъкидланди.
Мазкур тадбирдан кўзланган асосий мақсад жиноят йўлига кириб қолган ёки жиноят содир этишга мойил шахсларга қонун олдида жавобгарликнинг муқаррар эканини англатиш, уларни тўғри йўлга қайтариш ҳамда жамиятда ҳуқуқий тартибни мустаҳкамлашдан иборатдир, — дейди жиноят ишлари бўйича Кармана туман суди раиси Бобир Имомов.
Тадбирда давлатимиз раҳбарининг 2026 йил 5 январдаги “Республика маҳаллаларида хавфсиз муҳитни яратиш йўналишида яхлит манзилли ишлаш тизимини жорий этишга қаратилган қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори мазмуни тушунтирилиб, маҳаллаларда профилактика ишларини кучайтириш, аҳоли билан яқин ҳамкорликда ишлаш жиноятчиликнинг барвақт олдини олишда муҳим экани таъкидланди. Шунингдек, коррупцияга қарши курашиш, давлат хизматчилари ва фуқаролар ўртасида ҳалоллик, қонунга итоаткорлик тамойилларини қарор топтириш масалалари ҳам муҳокама қилинди.
Судьялар томонидан коррупциявий ҳуқуқбузарликлар учун белгиланган жавобгарлик чоралари ҳақида ҳуқуқий тушунтиришлар берилди.
Бундай сайёр суд ва ҳуқуқий тарғибот тадбирлари аҳолининг ҳуқуқий онги ва маданиятини ошириш, фуқароларда қонунга ҳурмат туйғусини шакллантириш, энг муҳими, жиноятчилик ва ҳуқуқбузарликларнинг олдини олишда самарали механизм сифатида хизмат қилиши билан аҳамиятлидир.
Бобир Имомов,
Жиноят ишлари бўйича Кармана туман суди раиси