Shan. Fev 14th, 2026

Ўзбекистон Республикаси Иқтисодий процессуал кодекси (бундан буён матнда ИПК деб юритилади)да даъво тақдим этиш, иш қўзғатиш асослари, даъво аризасининг шакли ва мазмуни, даъво аризасининг ва унга илова қилинган ҳужжатларнинг кўчирма нусхаларини юбориш, шунингдек агар қонунда айрим тоифадаги низолар учун уларни судгача ҳал қилиш тартиби белгиланган ёхуд бу тартиб шартномада назарда тутилган бўлса, мазкур тартибга риоя этилганлигини тасдиқловчи далиллар даъво аризасига илова қилиш юзасидан нормалар мавжуд бўлиб, ушбу қонунчилик талабларига даъво аризаси билан судга мурожаат қилаётган тараф, албатта, риоя қилиши лозим.

Бироқ, айрим ҳолларда мазкур норма талабларига амал қилинмасдан иқтисодий судга даъво аризаси бериш ҳолатлари учраб турмоқда.

Ушбу мақоламиз орқали эса суд амалиётида кўрилган бир иқтисодий иш мисолида йўл қўйилган қонунбузилиш ҳолатига тўхталмоқчимиз.

Туман ҳокимлиги (даъвогар номи қисқартирилган, бундан буён матнда даъвогар деб юритилади) судга даъво аризаси билан мурожаат қилиб, “Ш.О” фермер хўжалиги (жавобгар номи қисқартирилган, бундан буён матнда жавобгар деб юритилади)га нисбатан “Ер участкасини узоқ муддатли ижарага олиш шартномаси”ни бекор қилишни сўраган.

         Суднинг ажрими билан даъво аризаси кўрмасдан қолдирилган.

Бунинг сабаби эса мазкур даъво аризасини кўриш жараёнида даъвогарнинг масъул ходими томонидан ўз меҳнат фаолиятида бир қатор хато-камчиликларга йўл қўйилганлиги, бунинг оқибатида қонунчилик талаблари бузилганлиги бўлиб, бунинг оқибатида даъвогар манфаатларига зарар етказилиб, келгусида мазкур ҳолатларни олдини олишга жиддий эътибор қаратиш лозим бўлиб ҳисобланган.

Хусусан, иш ҳужжатларидан кўринишича, жавобгар томонидан 9 гектар ер майдонида балиқчилик ташкил қилинмаганлиги, ер участкасидан белгиланганидан бошқа мақсадларда самарасиз фойдаланиб келаётганлиги асоси билан даъвогар судга даъво аризаси билан мурожаат қилиб, тарафлар ўртасида тузилган шартномани бекор қилишни сўраган.

Ўзбекистон Республикаси Фуқаролик кодекси (бундан буён матнда ФК деб юритилади) 382-моддасининг биринчи ва иккинчи қисмларига кўра, агар ушбу Кодексда, бошқа қонунларда ёки шартномада бошқача тартиб назарда тутилган бўлмаса, шартнома тарафларнинг келишувига мувофиқ ўзгартирилиши ва бекор қилиниши мумкин.

ФК 384-моддасининг иккинчи қисмига биноан, бир тараф шартномани ўзгартириш ёки бекор қилиш ҳақидаги таклифга иккинчи тарафдан рад жавоби олганидан кейингина ёки таклифда кўрсатилган ёхуд қонунда ёинки шартномада белгиланган муддатда, бундай муддат бўлмаганида эса – ўттиз кунлик муддатда жавоб олмаганидан кейин, шартномани ўзгартириш ёки бекор қилиш ҳақидаги талабни судга тақдим этиши мумкин.

Бироқ, жавобгарга 19.08.2025 йилда 321-сонли огоҳлантириш хати берилган бўлиб, унда шартномани ўзгартириш ёки бекор қилиш ҳақидаги таклиф билдирилмаган, балки ер майдони туман ҳокимлиги заҳирасига қайтариб олинаётганлиги маълум қилинган. Шунингдек, мазкур огоҳлантириш хати даъвогар томонидан ва унинг номидан эмас, балки шартнома томони бўлиб ҳисобланмаган, шартномани бекор қилиш юзасидан огоҳлантириш ёки таклиф бериш ваколати мавжуд бўлмаган Кадастр агентлиги Навоий вилояти бошқармаси Туман бўлимининг номидан расмийлаштирилиб, тақдим қилинган. 

Ваҳоланки, тарафлар ўртасида тузилган шартноманинг 20-бандида, томонлардан бири шартномани бекор қилиш мулжали тўғрисида иккинчи томонни шартнома бекор қилиниши сабабларини асосланган ҳолда мулжалланаётган бекор қилиш санасидан уч ой олдин ёзма равишда хабардор қилиши келишилган.

Даъвогар томонидан жавобгарга шартномани бекор қилиш юзасидан 23.12.2025 йилда 01-42-03/482-сонли огоҳлантириш хати берилган бўлиб, ушбу огоҳлантириш хати жавобгарга тақдим этилганидан сўнг шартноманинг 20-бандида келишилган уч ойлик муддат ўтмасдан туриб, ижара шартномасини бекор қилиш тўғрисида судга даъво аризаси билан мурожаат қилинган.

Қайд этилган ҳолатларга кўра, даъвогар томонидан низони судгача ҳал қилиш тартибига риоя қилинмаган.

ИПК 107-моддаси биринчи қисмининг 5-бандига кўра, даъвогар низони судгача ҳал қилиш тартибига риоя этмаган бўлса, башарти бу шу тоифадаги низолар учун қонунда ёки тарафлар шартномасида назарда тутилган бўлса, суд даъво аризасини кўрмасдан қолдиради.

Юқоридагиларга кўра, суд даъво аризасини кўрмасдан қолдиришни лозим топган.

Бунга даъвогар масъул ходими томонидан низони судгача ҳал этиш тартибига риоя қилмаганлиги сабаб бўлганлигини, қайд этилган ҳолатлар ва даъво аризасини тақдим қилишдаги даъвогар масъул ходимининг эътиборсизлигини ҳамда қонунчиликда белгиланган талабларга амал қилмаганлигини инобатга олиб, суд томонидан ишни кўриш билан боғлиқ суд харажатлари Туман ҳокимлигининг зиммасига юклатилиб, даъвогардан давлат бюджетига даъво талабининг кўрмасдан қолдирилган қисми бўйича 4.120.000 сўм давлат божини ундириш лозим топилган.

Юқорида келтирилган ҳолатлар, Туман ҳокимлигининг “Ш.О” фермер хўжалигига нисбатан ижарага олиш шартномасини бекор қилиш тўғрисидаги даъво аризаси асосида қўзғатилган ишда ҳам такрорланган.

Ўзбекистон Республикаси Меҳнат кодекси 300-моддасининг биринчи қисмига кўра, интизомий жавобгарлик ходим томонидан интизомий қилмиш (ушбу Кодекс 301-моддасининг иккинчи қисми) содир этилганлиги учун юзага келадиган ва ушбу ходимга нисбатан интизомий жазо чораси қўлланилишида ифодаланадиган юридик жавобгарликдир.

ИПК 200-моддасининг биринчи қисмига кўра, ишни кўриш вақтида давлат органининг ёки бошқа органнинг, юридик шахснинг, мансабдор шахснинг ёки фуқаронинг фаолиятида қонунчилик ҳужжатлари бузилганлиги аниқланган тақдирда, уларнинг ишда иштирокидан қатъи назар, суд хусусий ажрим чиқаришга ҳақлидир.

Шунга кўра, суд томонидан юқорида ҳолатлар бўйича қонунбузилишга йўл қўйилганлигини батафсил ўрганиш мақсадида хусусий ажрим чиқарилиб, мазкур хусусий ажримда кўрсатилган салбий ҳолатларга даъвогарнинг келгусидаги фаолиятида йўл қўймаслик мақсадида Туман ҳокимлиги томонидан юқорида қайд этиб ўтилган ҳолатда айбдорни аниқлаб, унга нисбатан қонунчиликда белгиланган тартибда интизомий жазо чорасини қўллаш юклатилган.

Албатта, қайд этилган ҳолатларга кўра, таъкидламоқчимизки, ўз ҳуқуқларимизни бошқа шахсларнинг ҳуқуқларига, жамият ва давлат манфаатларига зарар етказмаган ҳолда амалга ошириш, мажбуриятларимиз мавжудлигини унутмаган ҳолда уни тўлиқ ва ўз вақтида бажариш, қонунларимизга ҳурмат билан муносабатда бўлиш ҳуқуқий маданиятнинг энг муҳим шарти бўлиб, ҳар биримизни жамиятимизнинг интизомли аъзоси бўлишини таъминлаган ҳолда бизни жавобгарликдан, ўрни келганда қонуний жазодан асраб туради.

 

Шерзод Ғофуров,

Навоий туманлараро иқтисодий суди раиси

 

Ҳамидулло Саъдуллаев,

Навоий туманлараро иқтисодий суди судьяси

By admin

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan