Навоий туманлараро иқтисодий суди ташаббуси билан тўловга қобилиятсизлик тўғрисидаги иқтисодий ишлар, уларнинг суд томонидан кўриб чиқилишида вужудга келаётган мавжуд муаммолар ва уларнинг ечими юзасидан Давлат активларини бошқариш агентлиги Навоий вилоят бошқармаси маъмурий биносида семинар ўтказилди.
Мазкур тадбирда Навоий туманлараро иқтисодий суди судьялари, Давлат активларини бошқариш агентлигининг тўловга қобилиятсизлик жараёнини юритиш бошқармаси бошлиғи, Агентликнинг Навоий вилоят бошқармаси ходимлари ва тугатиш бошқарувчилари қатнашди.
Семинар давомида Навоий туманлараро иқтисодий судининг иш юритувида тугатиш ишлари муддати бир йилдан ошган 21 та тўловга қобилиятсизлика оид ишлар мавжудлигини, ушбу ишлар таҳлил қилинганда тугатиш бошқарувчилари томонидан ўз хизмат вазифаларини белгиланган тартибда, муддатда ва сифатли бажаришга етарлича эътибор қаратилмаётганлиги танқидий равишда таъкидлаб ўтилиб, тугатишга доир ишларни қонунчиликда белгиланган тартибда ва муддатда амалга оширишга жиддий эътибор қаратиш лозимлиги таъкидлаб ўтилди.
Шунингдек, семинарда иқтисодий судларда тўловга қобилиятсизлик тўғрисидаги ишларнинг кўриб чиқилишида вужудга келаётган мавжуд муаммолар ва уларнинг ечими, “Тўловга қобилиятсизлик тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонуни ҳамда иқтисодий судлар томонидан “Тўловга қобилиятсизлик тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонуни нормаларини қўллашнинг айрим масалалари тўғрисидаги Пленум Қарорининг мазмун-моҳияти ва аҳамияти тўғрисида тушунтиришлар берилди.
Семинар давомида тугатиш бошқарувчилари томонидан тўловга қобилиятсизликка оид ишларни ўз вақтида якунлаш, оралиқ ҳисоботларни тақдим этиб бориш, хулосаларни белгиланган муддатларда тақдим этиш, қонунда белгиланган нормаларга тўлиқ риоя этиш, коррупциявий ҳолатларга йўл қўймаслик, Давлат активларини бошқариш агентлиги Навоий вилоят худудий бошқармаси томонидан эса тугатиш бошқарувчилари фаолиятини назорат қилиб бориш лозимлиги тўғрисида тушунтиришлар берилди.
Учрашув қизғин баҳс-мунозара шаклида давом этиб, тадбирда иштирокчилар ўзларини қизиқтирган саволларга атрофлича жавоб олишди.
Шерзод Ғофуров,
Навоий туманлараро иқтисодий суди раиси
Акбар Хамидов,
Навоий туманлараро иқтисодий суди судьяси