Ер, ер ости бойликлари, сув, ўсимлик ва ҳайвонот дунёси ҳамда бошқа табиий ресурслар умуммиллий бойликдир, улардан оқилона фойдаланиш зарур ва улар давлат муҳофазасидадир.
Ер қонунда назарда тутилган ҳамда ундан оқилона фойдаланишни ва уни умуммиллий бойлик сифатида муҳофаза қилишни таъминловчи шартлар асосида ва тартибда хусусий мулк бўлиши мумкин.
Ушбу мақолада “Ўзбошимчалик билан эгаллаб олинган ер участкаларига ҳамда уларда қурилган бинолар ва иншоотларга бўлган ҳуқуқларни эътироф этиш тўғрисида”ги нормаларни қўллаш масаласи ёритилади.
Ўзбошимчалик билан эгаллаб олинган ер участкаларига ҳамда уларда қурилган бинолар ва иншоотларга бўлган ҳуқуқларни эътироф этиш тоифасидаги ишларни кўришда судлар биринчи навбатда Ўзбекистон Республикаси Конституцияси, Ўзбекистон Республикаси “Мулкчилик тўғрисида” ЎРҚ-152-сонли Қонуни, Ўзбекистон Республикаси “Ўзбошимчалик билан эгаллаб олинган ер участкаларига ҳамда уларда қурилган бинолар ва иншоотларга бўлган ҳуқуқларни эътироф этиш тўғрисида”ги ЎРҚ-937-сонли Қонуни, Ўзбекистон Республикасининг Ер, Фуқаролик, Уй-жой ва Шаҳарсозлик кодекслари, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 08.06.2021 йилдаги “Ер муносабатларида тенглик ва шаффофликни таъминлаш, ерга бўлган ҳуқуқларни ишончли ҳимоя қилиш ва уларни бозор активига айлантириш чора-тадбирлари тўғрисида” ПФ-6243-сонли Фармони, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 14.04.2022 йилдаги “Давлат ер ва кадастр назоратини амалга ошириш тартиби ҳамда Давлат геодезия назоратини амалга ошириш тартиби тўғрисидаги низомларни тасдиқлаш ҳақида” 183-сонли қарори нормалари қўлланилади.
Шунингдек, ушбу ишларни кўришда Ўзбекистон Республикаси Олий хўжалик суди Пленумининг 19.11.2010 йилдаги “Мулк ҳуқуқини тан олишга оид ишларни кўришда иқтисодий судлар томонидан қонун ҳужжатлари қўлланилишининг айрим масалалари тўғрисида” 220-сонли қарори, Ўзбекистон Республикаси Олий суди Пленумининг “Судларда ерга оид низоларни кўришда қонунчилик ҳужжатлари нормаларини қўллашнинг айрим масалалари тўғрисида” 20.11.2023 йилдаги 28-сонли қарорида берилган тушунтиришлардан келиб чиқади.
Биринчи навбатда эътибор бериладиган норматив-ҳуқуқий ҳужжат бу Ўзбекистон Республикаси Фуқаролик кодекси (бундан буён матнда ФК деб юритилади)нинг 182-моддаси. Унга мувофиқ, мулк ҳуқуқининг вужудга келиш асослари қуйидагилардан иборат: меҳнат фаолияти; мол-мулкдан фойдаланиш соҳасидаги тадбиркорлик ва бошқа хўжалик фаолияти, шу жумладан мол-мулкни яратиш, кўпайтириш, битимлар асосида қўлга киритиш; давлат мол-мулкини хусусийлаштириш; мерос қилиб олиш; эгалик қилиш ҳуқуқини вужудга келтирувчи муддат; қонун ҳужжатларига зид бўлмаган бошқа асослар.
ФК 11-моддаси биринчи қисмининг иккинчи хатбошисида фуқаролик ҳуқуқлари ҳуқуқни тан олиш йўли билан ҳимоя қилиниши белгиланган. Ўзбекистон Республикаси Иқтисодий процессуал кодекси (бундан буён матнда ИПК деб юритилади) 26-моддаси биринчи қисмининг 6-бандига кўра иқтисодий суд мулк ҳуқуқини тан олиш тўғрисидаги низоларни ҳал этади.
Мазкур тоифадаги даъво аризасини иш юритишга қабул қилиш жараёнида мулк ҳуқуқини тан олиш жисмоний шахснинг ҳуқуқи ва қонун билан қўриқланадиган манфаатига таъсир этиши мумкинлиги кўринса ИПК 154-моддасининг 1-бандига мос ҳолда рад этилади (ИПК 110-моддасининг 1-бандига мувофиқ тугатади).
Мулк ҳуқуқини тан олиш ҳақидаги ишда низоли ҳолат мавжуд бўлса юридик аҳамиятга эга бўлган фактларни аниқлашда низо ва тарафлар бўлмайди.
Мулкка эгалик ҳуқуқини тасдиқловчи ҳужжатнинг илгари мавжуд бўлганлиги, бироқ у йўқолган ва тиклаш мумкин бўлмаганлиги тегишли далиллар билан исботланган тақдирда мулкка эгалик ҳуқуқини эмас, балки мулкни аризачига эгалик ҳуқуқи асосида тегишли эканлигини тасдиқловчи ҳужжатлар бўлганлик факти тасдиқланишига қаратилиши керак.
Мулк ҳуқуқини вужудга келтирувчи шартнома ёки бошқа ҳужжатни нотариал тасдиқлаш ёхуд уни давлат рўйхатидан ўтказиш талаб қилинган ҳолда, нотариусга ёки давлат рўйхатидан ўтказиш учун тегишли давлат органига мурожаат қилинмасдан, судга мулк ҳуқуқини тан олиш ҳақида даъво киритилса, даъво талабини қаноатлантириш рад қилинади. Бундай ҳолда даъвогарга нотариус ёхуд мулкка бўлган ҳуқуқни давлат рўйхатидан ўтказувчи тегишли давлат органига мурожаат қилиш ҳуқуқи тушунтирилиши лозим.
Мулк ҳуқуқини тан олиш ҳақидаги даъво талабини қаноатлантиришнинг рад этилиши даъвогарнинг бошқа асослар бўйича қайтадан судга мурожаат қилишига тўсқинлик қилмайди.
Агар судга нотариус ёхуд тегишли давлат органи томонидан олди-сотди шартномаси (ёки бошқа ҳужжат)ни тасдиқлаш ёки рўйхатдан ўтказиш рад этилганлиги асос қилиниб, мулк ҳуқуқини тан олиш ҳақида даъво киритилса, уни қаноатлантириш рад қилинади. Бундай ҳолда даъвогарга нотариуснинг нотариал ҳаракатни амалга оширишни рад қилиш тўғрисидаги қарори ёки шартнома (ёки бошқа ҳужжат)ни тегишли давлат органининг рўйхатдан ўтказишни рад этиши устидан судга шикоят қилиш ҳуқуқи тушунтирилади.
ФК 187-моддасининг биринчи қисмига кўра, мулкдор бўлмаган, лекин кўчмас мол-мулкка ўн беш йил давомида ёки бошқа мол-мулкка беш йил давомида ўзиники каби ҳалол, ошкора ва узлуксиз эгалик қилган шахс бу мол-мулкка мулк ҳуқуқини олади (эгалик қилиш ҳуқуқини вужудга келтирувчи муддат).
Бу муддатнинг ўтиши сабабли мулкка эгалик қилиб турган шахс мулк ҳуқуқини тан олиш тўғрисидаги даъво аризаси билан судга мурожаат қилса, аввалги мулкдор иш бўйича жавобгар сифатида жалб этилади.
Агар ишни кўриш жараёнида қурилманинг ўзбошимчалик билан қурилганлиги аниқланса, суд ФКнинг 187-моддасига асосан бундай қурилмага мулк ҳуқуқини белгиламайди, ФК 212-моддасининг тўртинчи қисмидаги ҳолатлар бундан мустасно.
Аввалги мулкдор мавжуд бўлмаса ёки у мулкка амалда эгалик қилган шахсга номаълум бўлса, бу шахс мулк ҳуқуқини тан олиш тўғрисидаги даъво аризаси билан эмас, балки эгалик қилиш ҳуқуқини вужудга келтирувчи муддат давомида мулкдан ўзиники каби ҳалол, ошкора ва узлуксиз эгалик қилганлиги фактини аниқлаш тўғрисидаги ариза билан судга мурожаат қилишга ҳақлидир. Бу ҳолатда мулкка бўлган ҳуқуқни давлат рўйхатидан ўтказувчи тегишли орган ишга манфаатдор шахс сифатида жалб қилинади.
Эгалик қилиш ҳуқуқини вужудга келтирувчи муддат асосида мулк ҳуқуқини тан олиш тўғрисидаги ишларни кўришда эътиборга олинадиган ҳолатлар қўйидагилардан иборат:
–– мол-мулкка эгалик қилиш ҳалол ҳисобланади, агар мол-мулкка эгалик қилишнинг асослари ғайриқонуний бўлмаса;
–– мол-мулкка эгалик қилиш ошкора ҳисобланади, агар шахс мол-мулк унинг эгалигида эканлигини яширмаса. Шахс томонидан мол-мулкни сақлаш учун қаратилган чораларнинг кўрилиши ушбу мол-мулкни яшириш ҳисобланмайди;
–– эгалик қилиш узлуксиз ҳисобланади, агар эгалик қилиш ФКнинг 187-моддасида назарда тутилган муддат давомида узлуксиз бўлса. Мол-мулкнинг бошқа шахсга вақтинча эгалик қилиш учун берилиши мазкур муддатнинг узилишига олиб келмайди;
–– мол-мулкка ўзиники каби эгалик қилиш шартномасиз эгалик қилишни англатади. Шу муносабат билан мол-мулкка эгалик қилиш шартномавий мажбуриятлар (ижара, сақлаш, ҳақсиз фойдаланиш ва бошқалар) асосида амалга оширилган ҳолларда ФКнинг 187-моддаси қўлланилмайди.
Эгалик қилиш ҳуқуқини вужудга келтирувчи муддатнинг ўтиши туфайли мулк ҳуқуқи вужудга келганида аввалги мулкдор мулк ҳуқуқини йўқотади.
Ўзбошимчалик билан қурилган бино ва иншоотларга мулк ҳуқуқини тан олиш ҳақидаги талаб низоли бўлганлиги сабабли, у юридик аҳамиятга эга бўлган фактларни аниқлаш тўғрисидаги аризаларни кўриш учун белгиланган тартибда эмас, балки даъво тартибида, ФКнинг 212-моддаси қоидаларига қатъий риоя этилган ҳолда кўриб чиқилиши керак.
ФК 212-моддасининг тўртинчи қисмига мувофиқ иморат қурилган ер участкасининг мулкдори бўлган, унга умрбод мерос сифатида эгалик қилаётган, доимий эгалик қилаётган ва фойдаланаётган шахснинг ҳам ўзбошимчалик билан қурилган иморатга нисбатан мулк ҳуқуқи суд томонидан эътироф этилиши мумкин.
ФК 212-моддаси бешинчи қисмининг мазмунига кўра, ўзбошимчалик билан қурилган иморатнинг сақлаб қолиниши бошқа шахсларнинг ҳуқуқлари ва қонун билан қўриқланадиган манфаатларини бузмайдиган ёки фуқароларнинг ҳаёти ва соғлиғига хавф туғдирмайдиган бўлса, ушбу иморатга нисбатан мулк ҳуқуқи юқорида келтирилган модданинг тўртинчи қисмига асосан суд томонидан тан олиниши мумкин.
Шу боис, ўзбошимчалик билан қурилган иморатга нисбатан мулк ҳуқуқини тан олиш ҳақидаги талаб билан судга мурожаат қилинганда, даъвогар қурилган иморатлар архитектура ва қурилиш нормалари ҳамда қоидаларига жавоб бериши, иморатнинг сақлаб қолиниши бошқа шахсларнинг ҳуқуқлари ва қонун билан қўриқланадиган манфаатларининг бузилишига сабаб бўлмаслиги ёхуд фуқароларнинг ҳаёти ва соғлиғига хавф туғдирмаслигини исботлаб бериши лозим.
Қайд қилинган ҳолатларни суд ўз ташаббуси билан ишга бошқа давлат органларини жалб қилмасдан, улардан тегишли далилларни талаб қилмасдан, балки даъвогар томонидан тақдим қилинган далилларни ИПКда белгиланган тартибда текшириш йўли билан аниқлайди. Зарур ҳолларда, даъвогар томонидан тақдим қилинган далилларнинг ҳаққонийлигини текшириш мақсадида, суд тегишли давлат органларининг вакилини мутахассис сифатида жалб қилишга ҳақли.
Агар даъвогар қайд этилган ҳолатларни исботлаб бера олмаса, бундай ҳолда даъво асоссиз ҳисобланади ва уни қаноатлантириш рад қилинади.
Агар ўзбошимчалик билан қурилган иморат архитектура ва қурилиш нормалари ҳамда қоидаларига жавоб бериши, иморатнинг сақлаб қолиниши бошқа шахсларнинг ҳуқуқлари ва қонун билан қўриқланадиган манфаатларининг бузилишига сабаб бўлмаслиги даъвогар томонидан исботлаб берилса ёки бу ҳолат суд томонидан аниқланса, низоли иморат фуқароларнинг ҳаёти ва соғлиғига хавф туғдирмаслиги масаласига судлар ҳуқуқий баҳо бериши лозим.
ФКнинг 212-моддасида шахс ўзига қарашли бўлган ер участкасида ўзбошимчалик билан қурган иморатга нисбатан мулк ҳуқуқи суд томонидан эътироф этилиши мумкинлиги назарда тутилмаганлигига қаратиши керак.
Даъвогарда мулк ҳуқуқини тасдиқловчи ҳужжатларни бошқача тарзда олишнинг имконияти бўлмаса ва уни тан олиш учун далиллар етарли бўлсагина, мулк ҳуқуқини тан олиш тўғрисидаги даъво талаби қаноатлантирилиши мумкин.
Агар мулк ҳуқуқини тасдиқловчи ҳужжатлар мавжуд бўлса ёки мулк ҳуқуқини тасдиқлашнинг бошқа имконияти бўлса, бундай ҳолда даъво талабини қаноатлантириш рад қилинади.
Белгиланган тартибда ажратилган ер участкасида қурилган янги бино ва иншоотларга мулк ҳуқуқи давлат рўйхатидан ўтказилган пайтдан бошлаб вужудга келади. Бино ва иншоотларга бўлган мулк ҳуқуқи давлат рўйхатидан ўтказилган тақдирда, мулк ҳуқуқини тан олиш тўғрисидаги даъво талабини қаноатлантириш рад қилиниши лозим.
Мулк ҳуқуқини тан олиш тўғрисидаги даъво талаби қаноатлантирилганда, ҳал қилув қарорининг хулоса қисмида мулкнинг номи, муҳим белгилари ва турган жойи аниқ кўрсатилиши лозим.
Суднинг мулк ҳуқуқини тан олиш ҳақидаги ҳал қилув қарори мулкка бўлган ҳуқуқни давлат рўйхатидан ўтказиш учун асос бўлади.
Қонунчиликда белгиланган тартибда ажратилмаган (реализация қилинмаган), шу жумладан, берилган (реализация қилинган) ер участкасининг чегаралари ваколатли органлар томонидан натурада (жойнинг ўзида) белгиланмаган, ер участкасига бўлган ҳуқуқни тасдиқлайдиган ҳужжатлар олинмаган ҳолда фойдаланилган ер участкаси ўзбошимчалик билан эгаллаб олинган ер участкаси ҳисобланади.
Ер кодексининг 911-моддасига кўра, ўзбошимчалик билан эгалланган ер участкасига, шунингдек қишлоқ хўжалигига мўлжалланган, қурилиш мақсадлари учун ажратилмаган ер участкасида барпо этилган ҳар қандай бино ва иншоотларга нисбатан мулк ҳуқуқини ёки бошқа мулкий ҳуқуқларни белгилашга йўл қўйилмайди, бундан қонунда назарда тутилган ҳоллар мустасно.
Ер участкасини ўзбошимчалик билан эгаллаган, қишлоқ хўжалигига мўлжалланган, қурилиш учун ажратилмаган ер участкасида қонунга хилоф қурилиш объектини барпо этган шахслар инсофли мулкдор деб тан олинмайди, шунга кўра судлар уларга эгалик ҳуқуқини белгилаш ёки мансабдор шахсларга бундай мажбурият юклашга ҳақли эмас.
Шунга кўра, ушбу тоифадаги низоларни кўришда тақдим этилган ҳужжатлар билан чекланмасдан мутахассис жалб этилган (кадастр, архитектор ва бошқа) ҳолда ер майдони тоифаси ва тақдим этилган ҳужжатларни ҳаққонийлиги аниқлаш талаб этилади.
Сабит ЖАКЕЕВ,
Навоий вилоят суди судьяси
Ҳамидулло САЪДУЛЛАЕВ,
Навоий туманлараро иқтисодий суди судьяси