Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 68-моддасига кўра, ер, ер ости бойликлари, сув, ўсимлик ва ҳайвонот дунёси ҳамда бошқа табиий ресурслар умуммиллий бойликдир, улардан оқилона фойдаланиш зарур ва улар давлат муҳофазасидадир.
Ер билан боғлиқ қатъий қонуний чоралар ердан оқилона фойдаланишга қаратилган конституциявий тамойилларни ҳаётга тўлиқ татбиқ этишга хизмат қилади. Зеро, мамлакатимиз аҳолисининг турмуш фаровонлигини таъминлашда, юртимизнинг иқтисодий салоҳияти юқсалишида ернинг ўрни ва аҳамияти беқиёс.
Бироқ, суд амалиёти таҳлили шуни кўрсатмоқдаки, жисмоний ва юридик шахслар томонидан ерларни ўзбошимчалик билан эгаллаш ва унда ноқонуний қурилмалар қуриш ҳолати кўпайиб бормоқда.
Шунингдек, суд амалиёти таҳлиллари ердан самарали фойдаланиш устидан назорат қилувчи ташкилотлар томонидан ер майдонига нисбатан бўлган ҳуқуқларни бекор қилиш ва уни олиб қўйиш тўғрисидаги даъво аризалари билан иқтисодий судларга мурожаат қилишда кўплаб тизимли хато-камчиликка йўл қўйилаётганлигини кўрсатмоқда.
Бу эса, энг авваламбор, ер қонунчилиги устидан назоратни амалга оширувчи мутасадди идоралар томонидан келгусида ўз фаолияти ва хизмат вазифаларини виждонан, ўз вақтида ва сифатли бажаришга жиддий эътибор қаратиш лозимлигини кўрсатиб туради.
Айни шу мақсадда Навбаҳор тумани “Келажак маркази” биносида Навоий туманлараро иқтисодий суди судьялари, Навбаҳор ва Конимех тумани ҳокимлиги, туман прокуратураси, адлия бўлими, Кадастр агентлиги ва палатасининг туман бўлимлари, туман Агроинспекция ва Қишлоқ хўжалиги бўлими ҳамда бошқа мутасадди идоралар раҳбарлари ва масъул ходимлари иштирокида кенгайтрилган танқидий учрашув ўтказилди.
Учрашувда ер қонунчилиги устидан назоратни амалга оширувчи мутасадди идораларнинг йўл қўяётган хато-камчиликлари суд амалиётидаги мисоллар билан бирма-бир қайд этилиб, бу борада ер соҳасига оид қонунчилик ҳамда Ўзбекистон Республикаси Олий суди Пленумининг 2023 йил 20 ноябрдаги 28-сонли “Судларда ерга оид низоларни кўришда қонунчилик ҳужжатлари нормаларини қўллашнинг айрим масалалари тўғрисида”ги Қарори талабларига қатъий риоя қилиш лозимлиги тушунтириб ўтилди.
Семинар давомида иштирокчилар томонидан берилган саволларга судьялар томонидан тегишли тушунтиришлар бериб ўтилди.
Акбар Хамидов,
Навоий туманлараро иқтисодий суди судьяси
Фахриддин Бахронов,
Навоий туманлараро иқтисодий суди судьяси