Pay. Apr 2nd, 2026

Маълумки, Ўзбекистон Республикасида иқтисодий судлар чет давлат судлари ва арбитражларининг қарорларини тан олиш ҳамда ижро этишга қаратиш тўғрисидаги ишларни кўради.

Бу ҳақда Ўзбекистон Республикаси Иқтисодий процессуал кодекси (бундан буён матнда ИПК деб юритилади) 25-моддаси биринчи қисмининг 6-бандида белгилаб қўйилган.

ИПКнинг 31-моддасига мувофиқ, чет давлат судлари ва арбитражларининг қарорларини тан олиш ҳамда ижрога қаратиш тўғрисидаги ишлар жумласига:

– тадбиркорлик фаолиятини ва бошқа иқтисодий фаолиятни амалга ошириш чоғида юзага келадиган низолар бўйича чет давлат судлари томонидан қабул қилинган қарорни тан олиш ҳамда ижрога қаратиш тўғрисидаги;

– тадбиркорлик ва бошқа иқтисодий фаолиятни амалга ошириш чоғида юзага келадиган низолар бўйича чет эл арбитражлари томонидан қабул қилинган қарорни тан олиш ҳамда ижрога қаратиш тўғрисидаги ишлар киради.

ИПКнинг 32-моддасида эса чет давлат судлари ва арбитражларининг қарорларини тан олиш ҳамда ижрога қаратиш тўғрисидаги ишларни кўриш Қорақалпоғистон Республикаси суди, вилоятлар ва Тошкент шаҳар судлари судловига тегишли эканлиги назарда тутилган.

Қолаверса чет давлатлар судларининг ва арбитражларининг ҳал қилув қарорларини тан олиш ва ижрога қаратиш тўғрисидаги ишларни юритиш тартиби ушбу Кодекснинг алоҳида 33-бобида белгилаб берилган бўлиб, унда чет давлатлар судларининг ва арбитражларининг ҳал қилув қарорларини тан олиш ва ижрога қаратиш, бу ҳақда ариза бериш, аризанинг шакли ва мазмунига қўйиладиган талаблар, уларга илова қилиниши лозим бўлган ҳужжатлар, чет давлат судининг ёки арбитражининг ҳал қилув қарорини тан олиш ва ижрога қаратиш тўғрисидаги аризани қайтариш (253-модда), аризани кўриб чиқиш тартиби (254-модда), чет давлат судининг ва чет эл арбитражининг ҳал қилув қарорларини тан олишни ва ижрога қаратишни рад этиш асослари (255-256-моддалар), бу турдаги ишлар бўйича ажрим чиқариш ва чет давлат судининг ва чет эл арбитражининг ҳал қилув қарорларини ижрога қаратиш тартиблари ҳақидаги нормалар киритилган.

Таъкидлаш керакки, Кодексдаги ушбу нормалар Ўзбекистон Республикаси иқтисодий судлари томонидан Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлиги иштирокчи-давлатлари судларининг ҳал қилув қарорини тан олиш ва ижрога қаратиш ҳақидаги ишларни кўришда ҳам қўлланилади.

Шунинг билан биргаликда МДҲ иштирокчи-давлатлар судларининг ҳал қилув қарорини тан олиш ва ижрога қаратиш тўғрисидаги ишларни кўришда қуйидаги Ўзбекистон Республикасининг халқаро шартномалари ва норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар қўлланилади:

1. Киев шаҳрида 1992 йил 20 мартда имзоланган “Хўжалик фаолиятини амалга ошириш билан боғлиқ низоларни ҳал этиш тартиби тўғрисида”ги Битим (Киев Битими);

2. Минск шаҳрида 1993 йил 22 январда имзоланган “Фуқаролик, оилавий ва жиноий ишлар бўйича ҳуқуқий муносабатлар ва ҳуқуқий ёрдам тўғрисида”ги Конвенция (Минск Конвенцияси);

3. Кишинев шаҳрида 2002 йил 7 октябрда имзоланган “Фуқаролик, оилавий ва жиноий ишлар бўйича ҳуқуқий ёрдам ва ҳуқуқий муносабатлар тўғрисида”ги Конвенция (Кишинев Конвенцияси);

4. Шунингдек, ушбу тоифадаги ишларни кўришда Ўзбекистон Республикаси Олий суди Пленумининг “Чет эллик шахслар иштирокидаги ишларни иқтисодий судлар томонидан кўришда қонунчилик ҳужжатларини қўллашнинг айрим масалалари ҳақида” 2023 йил 20 ноябрдаги 27-сонли қарори (бундан буён матнда 27-сонли Пленум қарори деб юритилади)да берилган тушунтиришларга риоя қилиш лозим.

Бу ҳолатда юқорида санаб ўтилган халқаро ҳужжатлар ва ИПК нормаларини қўллашда ўзаро зиддиятлар бўлса, яъни Киев Битими, Минск Конвенцияси ва Кишинев Конвенциясида ИПКда назарда тутилганидан бошқача қоидалар белгиланган бўлса, Битим ва Конвенцияларда белгиланган қоидалар қўлланилади.

Чунки, ИПКнинг 1-моддасида агар Ўзбекистон Республикасининг халқаро шартномасида Ўзбекистон Республикаси қонунчилигида назарда тутилганидан бошқача қоидалар белгиланган бўлса, халқаро шартнома қоидалари қўлланилиши белгилаб қўйилган.

Ушбу халқаро ҳужжатларни қўллашда ўзаро номувофиқликлар юзага келганда қандай йўл тутилади, деган ҳақли савол туғилади.

Эслатиб ўтиш жоизки, Киев Битимига Арманистон Республикаси, Беларусь Республикаси, Қозоғистон Республикаси, Қирғизистон Республикаси, Молдова Республикаси (ратификация қилмаган), Россия Федерацияси, Тожикистон Республикаси, Туркманистон, Ўзбекистон Республикаси (Ўзбекистон Республикаси учун 1993 йил 6 майдан кучга кирган), Украина ва Азарбайжон Республикаси қўшилган.

Кишинёв Конвенцияси қабул қилинган пайтда МДҲнинг барча ўн икки мамлакати Минск Конвенцияси иштирокчиси бўлган (Туркманистон Кишинев Конвенциясини имзоламаган, Грузия, Молдова Республикаси ва Украина уни ратификация қилмаган).

Шу сабабли МДҲга аъзо саккизта давлат, яъни Азарбайжон Республикаси, Арманистон Республикаси, Беларусь Республикаси, Қозоғистон Республикаси, Қирғизистон Республикаси, Россия Федерацияси, Тожикистон Республикаси, Ўзбекистон Республикаси учун уларнинг ўзаро муносабатларида Минск Конвенцияси ўрнига Кишинев Конвенцияси нормалари қўлланилса, қолган иккита МДҲга аъзо давлат, яъни Туркманистон ва Украина учун Минск Конвенцияси амал қилади.

Шунингдек, Киев Битими иштирокчиси бўлган МДҲ иштирокчи-давлатлар судларининг ҳал қилув қарорини тан олиш ва ижрога қаратиш тўғрисидаги ишларни кўриб чиқишда ушбу Битим нормаларининг махсус хусусиятларини инобатга олиб, агар ҳуқуқий муносабатлар Киев Битими билан тартибга солинмаган бўлса, ишларни кўришда Кишинёв Конвенцияси нормалари қўлланилиши, Кишинев конвенцияси иштирокчилари бўлмаган МДҲ давлатлари билан муносабатларда Минск Конвенцияси қўлланилишини инобатга олиш шарт.

Қуйида Ўзбекистон Республикаси иқтисодий судлари томонидан Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлиги иштирокчи-давлатлари судларининг ҳал қилув қарорини тан олиш ва ижрога қаратиш билан боғлиқ ишларни кўришда миллий қонунчилик нормаларини ҳамда халқаро шартнома қоидаларини қўллашда эътибор қаратилиши лозим бўлган бир қатор ҳолатларга судлар томонидан кўрилган ишлар мисолида тўхталиб ўтамиз.

1. Жумладан, МДҲ иштирокчи-давлатлар судларининг ҳал қилув қарорини тан олиш ва ижрога қаратиш тўғрисидаги ариза (илтимоснома)ларни қайтаришда:

Хусусан, аризачи “Ф” МЧЖ (Россия Федерацияси) Ўзбекистон Республикаси вилоят суди Иқтисодий судлов ҳайъатига ариза билан мурожаат қилиб, Челябинск вилояти Арбитраж судининг 2021 йил 29 июндаги ҳал қилув қарорини тан олиш ҳамда ижрога қаратишни сўраган.

Суднинг 2022 йил 8 августдаги ажрими билан аризага ИПК 252-моддасининг 2 ва 8-бандларида кўрсатилган ҳужжатлар, яъни, арбитраж муҳокамаси тўғрисидаги битимнинг асли ёки унинг чет давлатнинг ёки Ўзбекистон Республикасининг ваколатли органи томонидан тасдиқланган кўчирма нусхаси ҳамда ҳужжатларнинг белгиланган тартибда тасдиқланган давлат тилидаги таржимаси илова қилинмаганлиги сабабли ариза қайтарилган.

Бунга Россия Федерацияси Челябинск вилояти Арбитраж судининг чет эл арбитражи эканлиги тўғрисида нотўғри хулосага келинганлиги сабаб бўлган.

Бу ҳолатда Россия Федерациясида Арбитраж суди ваколатли давлат суди ҳисобланишига эътибор қаратиш лозим.

Шунингдек, Аризачи Туркманистон Республикасининг “С” акциядорлик тижорат банки Киев Битимининг 7-моддасига асосланиб, иқтисодий судга ариза билан мурожаат қилган ва унда Туркманистон арбитраж судининг 2019 йил 7 февралдаги “Т” номли якка тартибдаги корхона мулкидан ҳамда ушбу корхона таъсисчисининг шахсий мол-мулкидан асосий қарз, банк фоизи ва неустойка ундириш тўғрисидаги ҳал қилув қарорини тан олиш ва ижрога қаратишни сўраган.

Суднинг 2024 йил 20 майдаги ажрими билан ариза унга ИПК 251-моддаси биринчи қисмининг 6 ва 7-бандларида кўрсатилган ҳужжатлар, яъни, аризага чет давлат судининг ҳал қилув қарорини тан олиш ва ижрога қаратиш тўғрисидаги аризанинг кўчирма нусхаси қарздорга юборилганлигини тасдиқловчи ҳужжат ҳамда белгиланган тартибда ва миқдорда давлат божи ҳамда почта харажатлари тўланганлигини тасдиқловчи ҳужжатлар илова қилинмаганлиги сабабли қайтарилган.

Ажримда ИПК 251-моддаси биринчи қисмининг 6 ва 7-бандларидан ташқари Минск Қонвенциянинг 2-моддасига ҳавола қилинган.

Минск Конвенциянинг 2-моддасига кўра, аҳдлашувчи Томонлардан ҳар бирининг фуқаролари ва унинг ҳудудида яшовчи шахслар суд ва нотариал божлар ҳамда чиқимларни тўлашдан ва қоплашдан озод этилишлари, шунингдек ўз фуқаролари билан бир хил шартларда бепул юридик ёрдамдан фойдаланишлари, ушбу модданинг 1-бандида назарда тутилган имтиёзлар мазкур иш бўйича амалга ошириладиган барча процессуал ҳаракатларга, шу жумладан ҳал қилув қарорини ижро этишга ҳам татбиқ этилиши белгиланган.

Бироқ, 27-сонли Пленум қарорининг 45 ва 46-бандларида Киев Битими иштирокчиси бўлган МДҲ мамлакатларидаги чет эллик шахслар иштирокидаги ишларни кўриб чиқишда иқтисодий судлар ушбу Битим нормаларининг махсус хусусиятларини инобатга олишлари лозимлиги, агар ҳуқуқий муносабатлар Киев Битими билан тартибга солинмаган бўлса, ишларни кўришда Кишинев Конвенцияси нормалари қўлланилиши, Кишинев Конвенцияси иштирокчилари бўлмаган МДҲ давлатлари билан муносабатларда Минск Конвенцияси қўлланилиши ҳақида тушунтириш берилган.

Мазкур ҳолатда суд Туркманистон ва Ўзбекистон Республикаси Киев Битими иштирокчиси бўлганлиги сабабли, ушбу Битимнинг нормаларини қўллаши лозим эди.

2. Ариза (илтимоснома)ни иш юритишга қабул қилишни рад этишда:

Аризачи Туркманистон Республикасининг “С” акциядорлик тижорат банки иқтисодий судга ариза билан мурожаат қилиб, Туркманистон арбитраж судининг 2019 йил 7 февралдаги “Т” номли шахсий корхонанинг мулки ҳамда ушбу корхона таъсисчисининг шахсий мол-мулкидан асосий қарз, банк фоизи ва неустойка ундириш тўғрисидаги ҳал қилув қарорини тан олиш ва ижрога қаратишни сўраган.

ИПКнинг 249-моддасида чет давлат судининг ёки арбитражининг ҳал қилув қарорини тан олиш ва ижрога қаратиш тўғрисидаги ариза аризачи томонидан Қорақалпоғистон Республикаси суди, вилоятлар ва Тошкент шаҳар судларига қарздорнинг жойлашган ери ёки яшаш жойи бўйича ёхуд, агар қарздорнинг жойлашган ери ёки яшаш жойи номаълум бўлса, қарздор давлат рўйхатидан ўтказилган жой бўйича берилиши қайд этилган.

Суд ушбу процессуал ҳуқуқ нормалардан келиб чиқиб, 2024 йил 12 июлдаги ажрим билан “Т” корхонаси ва ушбу корхона таъсисчисининг мажбурияти бўйича низо Ўзбекистон Республикаси ҳудудида келиб чиқмаганлиги, қолаверса, қарздор Ўзбекистон Республикаси резиденти ҳисобланмаслиги боис ИПК 154моддаси биринчи қисмининг 1-бандига асосан, яъни, иш иқтисодий судга, фуқаролик ишлари бўйича судга ёки маъмурий судга тааллуқли бўлмаганлиги боис аризани иш юритишга қабул қилишни рад этган.

Аммо бу ҳолатда ИПК 253-моддасининг биринчи қисмида Ўзбекистон Республикасининг иқтисодий суди чет давлат судининг ёки арбитражининг ҳал қилув қарорини тан олиш ва ижрога қаратиш тўғрисидаги аризани иш юритишга қабул қилиш ҳақидаги масалани ҳал этишда, у ушбу Кодекс 249-252-моддаларининг талаблари бузилган ҳолда тақдим этилганлигини аниқласа, ариза ва унга илова қилинган ҳужжатларни ўз ажрими билан қайтариши белгиланганлиги сабабли, бундан ҳолатда ариза ИПК 249-252-моддаларининг талаблари бузилган ҳолда тақдим этилганлиги сабабли, суд томонидан ушбу ариза ИПКнинг 253-моддасига асосан қайтариши лозим.

3. МДҲ иштирокчи-давлатлар судларининг ҳал қилув қарорини тан олиш ва ижрога қаратиш тўғрисидаги ариза (илтимоснома)ни қаноатлантиришда:

Аризачи “А-С” МЧЖ (Беларусь Республикаси) судга ариза (илтимоснома) билан мурожаат қилиб, Кишинев Конвенциясининг 56-моддасига асосан Минск вилояти иқтисодий судининг “T G” МЧЖдан асосий қарз ва пеня ундириш тўғрисидаги 2021 йил 20 сентябрдаги ҳал қилув қарорини тан олиш ва ижрога қаратишни сўраган.

Суднинг 2022 йил 15 июлдаги ажрими билан ариза қаноатлантирилган бўлиб, суд аризани қаноатлантиришда ўз ажримини Кишинев Конвенцияси ва ИПКнинг нормалари билан асослаган.

Аммо Беларусь Республикаси ва Ўзбекистон Республикаси Киев Битими иштирокчиси бўлганлиги сабабли бу ҳолатда Киев Битими нормаларини қўллаш тўғри бўлади.

Шунингдек, Аризачи Минск шаҳар ҳудудий божхонаси қарздор “Sh” МЧЖга нисбатан судга ариза киритиб, Минск шаҳар иқтисодий судининг 2021 йил 22 апрелдаги ҳал қилув қарорини тан олиш ва ижрога қаратишни сўраган.

Аризачи ўз аризасига давлат божи тўланганлигини тасдиқловчи далилни илова қилмаган.

“Давлат божи тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонунига кўра чет давлат судлари ва арбитражлар қарорларини тан олиш ва ижро этиш тўғрисидаги аризалардан БҲМнинг 2 баравари миқдорида давлат божи ундирилади.

ИПК 251-моддасининг 7-бандига кўра, Ўзбекистон Республикасининг халқаро шартномасида бошқача қоида назарда тутилмаган бўлса, белгиланган тартибда ва миқдорда давлат божи ҳамда почта харажатлари тўланганлигини тасдиқловчи ҳужжатлар аризага илова қилиниши лозим.

Шундай бўлсада, суд аризани иш юритишга қабул қилиб, 2022 йил 25 майдаги ажрим билан аризани қаноатлантирган.

Бироқ, суд якуний суд ҳужжати (ажрим)да ҳам давлат божини ундириш масаласини ҳал этмаган.

Бу ҳолатда ИПК 253-моддасининг биринчи қисмига кўра, Ўзбекистон Республикасининг иқтисодий суди чет давлат судининг ёки арбитражининг ҳал қилув қарорини тан олиш ва ижрога қаратиш тўғрисидаги аризани иш юритишга қабул қилиш ҳақидаги масалани ҳал этишда, у ушбу Кодекс 249-252-моддаларининг талаблари бузилган ҳолда тақдим этилганлигини аниқласа, ариза ва унга илова қилинган ҳужжатларни ўз ажрими билан қайтариши лозимлигига эътибор қаратиш керак.

Бундан ташқари, Москва шаҳар Арбитраж судининг 2020 йил 24 мартдаги ҳал қилув қарори билан “I” МЧЖ ҚК ҳисобидан “М” АЖ фойдасига қарздорлик, неустойка, ўзганинг пул маблағларидан фойдаланганлик учун тўлов ҳамда давлат божи ундирилган.

Арбитраж судининг мазкур ҳал қилув қарори 2020 йил 27 апрелда қонуний кучга кирган бўлиб, Қарздор томонидан ҳал қилув қарори ихтиёрий ижро этилмаганлиги сабабли ундирувчи иқтисодий судга ариза билан мурожаат қилиб, чет давлат судининг ҳал қилув қарорини Ўзбекистон Республикаси ҳудудида тан олиш ва ижрога қаратишни сўраган.

Суднинг 2023 йил 23 ноябрдаги ажрими билан ариза қаноатлантирилиб, хатоликка йўл қўйилган.

Ваҳоланки, ИПК 248-моддасининг тўртинчи қисмида эса чет давлат судининг ёки арбитражининг ҳал қилув қарори, агар Ўзбекистон Республикасининг халқаро шартномасида бошқача қоида назарда тутилмаган бўлса, у қонуний кучга кирган пайтдан эътиборан уч йил муддат ичида тан олиш ва ижрога қаратиш учун тақдим этилиши мумкинлиги қайд этилган.

Бу ҳолатда чет давлат судининг 2020 йил 24 мартдаги ҳал қилув қарорини тан олиш ва ижрога қаратиш тўғрисидаги ариза ҳал қилув қарори қонуний кучга кирган пайтдан бошлаб уч йил муддат ўтгач берилган ҳамда аризага ушбу ўтказиб юборилган муддатни тиклаш тўғрисида илтимоснома илова қилинган.

Суд томонидан аризачининг талабини қаноатлантириш тўғрисида қарор қабул қилинган бўлсада, суд ҳужжатида аризачи томонидан ИПКда белгиланган муддатнинг ўтказиб юборилганлиги ҳолатини узрли деб топиб, уни тиклаш тўғрисидаги хулосалари мавжуд эмас.

Яъни, бу ҳолатда судлар чет давлат судининг ёки арбитражининг ҳал қилув қарори, агар Ўзбекистон Республикасининг халқаро шартномасида бошқача қоида назарда тутилмаган бўлса, у қонуний кучга кирган пайтдан эътиборан уч йил муддат ичида тан олиш ва ижрога қаратиш учун тақдим этилиши мумкинлигига, ушбу муддат ўтгандан сўнг берилган аризаларга ўтказиб юборилган муддатни тиклаш ҳақида илтимосномалар илова қилинганлигига эътибор қаратишлари лозим.

Шунингдек, Москва шаҳар Арбитраж судининг 2020 йил 12 августдаги ҳал қилув қарори билан “Q” МЧЖдан “Н” АЖ (Россия  Федерацияси) фойдасига асосий қарз ва суд харажатлари ундирилган.

Аризачи иқтисодий судига ариза билан мурожаат қилиб, мазкур ҳал қилув қарорини тан олиш ва ижрога қаратишни сўраган бўлиб, суднинг 2022 йил 9 мартдаги ажрими билан аризачининг арз қилинган талаби қисман қаноатлантирилган.

Яъни, Москва шаҳар Арбитраж судининг 2020 йил 12 августдаги ҳал қилув қарори тан олинган ва ижрога қаратилиб, қарздордан аризачи фойдасига 126.140,29 АҚШ доллари миқдорида қарз ундириш бўйича ижро варақаси берилган бўлиб, суд томонидан ишни кўриш жараёнида аризачи судга арбитраж қарорига асосан қисман тўлов қилинганлигини, 126.140,29 АҚШ доллари миқдорида қарз қопланмай қолганлигини маълум қилганлиги сабабли шу суммага ижро варақаси беришни сўраган.

Шунинг учун, биринчи инстанция суди асосли равишда қарздордан аризачи фойдасига 126.140,29 АҚШ доллари миқдорида қарз ундирувини ижрога қаратган.

Шунингдек, Минск шаҳар иқтисодий судининг 2023 йил 20 мартдаги ҳал қилув қарори билан “A.V.S.” фермер хўжалигидан “О” унитар савдо корхонаси (Беларусь Республикаси) фойдасига 12.334,32 АҚШ доллари миқдорида қарз ундирилган.

Аризачи иқтисодий судга ариза бериб, мазкур ҳал қилув қарорини тан олиш ва ижрога қаратишни сўраган.

Аризада Европа Иттифоқи, АҚШ ва Буюк Британия томонидан белорусь банкларига санкция жорий қилинганлиги ва шунинг учун суднинг ҳал қилув қарорида кўрсатилган 12.334,32 АҚШ доллари миқдорида асосий қарзни аризачининг банк ҳисобварағига ўтказиб бериш имкони мавжуд эмаслиги сабабли, ушбу суммани россия ёки белорусь рублида ундиришни сўраган.

Бироқ, иқтисодий суднинг 2023 йил 25 декабрдаги ажрими билан аризачининг арз қилинган талаби қисман қаноатлантириб, қарздордан аризачи фойдасига 12.334,32 АҚШ доллари миқдорида қарз ундириш бўйича ижро варақаси берилиши белгиланган.

АҚШ долларидаги қарз суммасини россия ёки белорусь рублида ундириш ҳақидаги талаб рад қилинган.

Чунки, ИПК 254-моддасининг тўртинчи қисмига кўра, Ўзбекистон Республикасининг иқтисодий суди ишни кўришда чет давлат судининг ёки арбитражининг ҳал қилув қарорини мазмунан қайта кўриб чиқишга ҳақли эмас.

 

4. МДҲ иштирокчи-давлатлар судларининг ҳал қилув қарорини тан олиш ва ижрога қаратиш тўғрисидаги ариза (илтимоснома)ни қаноатлантиришни рад этишда:

Хусусан, аризачи “Р” МЧЖ (Беларусь Республикаси) иқтисодий судга ариза бериб, Минск вилояти иқтисодий судининг 2022 йил 14 ноябрдаги “S” МЧЖдан асосий қарз, пеня, давлат божи ундириш тўғрисидаги ҳал қилув қарорини тан олиш ва ижрога қаратишни сўраган.

Суднинг 2023 йил 13 июлдаги ажрими билан аризани қаноатлантириш Кишинев Конвенциясининг 59-моддаси ва ИПК 255-моддаси биринчи қисмининг 2-бандига асосан, яъни, жавобгар, унга ёки унинг вакилига судга чақирув ўз вақтида ва лозим даражада етказилмаганлиги сабабли процессда иштирок этмаганлиги ҳамда ўз тушунтиришларини судга тақдим эта олмаганлиги сабабли рад қилинган.

Мазкур ҳолатда суд Беларусь Республикаси ва Ўзбекистон Республикаси Киев Битими иштирокчиси бўлганлиги сабабли, суд бу ҳолатда Киев Битимининг нормаларини қўллаши лозим эди.

Бундан ташқари, ИПКнинг 334-моддасига кўра, чет давлат судининг, арбитражнинг ҳал қилув қарорини тан олиш ва ижрога қаратиш тўғрисидаги ажрим дарҳол ижро этилиши лозимлигига эътибор қаратиш мақсадга мувофиқ.

 

Сабит ЖАКЕЕВ,

Навоий вилоят суди судьяси

 

Ҳамидулло САЪДУЛЛАЕВ,

Навоий туманлараро иқтисодий суди судьяси

By admin

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan