Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 14 майдаги ПҚ-3723-сон қарори билан тасдиқланган Ўзбекистон Республикасининг Жиноят ва жиноят-процессуал қонунчилигини такомиллаштириш Концепцияси қабул қилинди.
Мазкур Концепцияда миллий хусусиятлар ва шароитларни, илғор халқаро стандартлар ва хорижий амалиётни эътиборга олган ҳолда жиноят қонунчилигига хорижий давлатлар тажрибасини имплементация қилиш, шу жумладан жазони енгиллаштириш ёки шахсни жиноий жавобгарлик ёхуд жазодан озод қилиш шартларини ўрнатувчи нормаларни кенгайтириш лозимлиги назарда тутилган. Шунга кўра, жазони енгиллаштирувчи ҳолатларни такомиллаштиришда ривожланган мамлакатлар тажрибаларини тадқиқ этиш, мазкур институтни ривожлантиришнинг янгича методологик асосларини яратиш муҳим аҳамиятга эга. Чет эл давлатларининг жиноий қонунчилиги нормаларини ўрганиш ва таққослаш, жиноий жазони енгиллаштириш асослари ва уларнинг жиноий ҳуқуқий оқибатларга таъсирини тартибга солиш нуқтайи назаридан таҳлил қилиш муҳим аҳамиятга эга.
Миллий қонунчилигимизда бўлгани каби жазони енгиллаштирувчи ҳолатлар ҳамда уларни қўллаш тартиби хорижий давлатларнинг жиноят қонунчилигида ҳам мустаҳкамлаб қўйилган. Чунки бугунги кунда жиноят содир этган шахсга нисбатан жазони енгиллаштирувчи ҳолатларни ҳисобга олган ҳолда жазо тайинланиши ва унда инсонпарварликнинг намоён бўлиши глобал тенденция ҳисобланади.
Хорижий мамлакатларнинг Жиноят кодексларидаги жазони енгиллаштирувчи ҳолатларнинг қиёсий таҳлили шуни кўрсатдики, ушбу енгиллаштирувчи ҳолатларни аниқлаш ва қўллаш нуқтаи назаридан уларнинг жиноят қонунчилигида жиддий тафовутлар мавжуд эмас.
Энди айрим хорижий давлатларнинг жиноят қонунчилигида мавжуд бўлган, аммо бизнинг жиноят қонунчилигимизда мавжуд бўлмаган жазони енгиллаштирувчи ҳолатларга тўхталиб ўтсак.
Хусусан, Беларусь Республикаси Жиноят Кодекси 63-моддасида жазони енгиллаштирувчи ҳолатлар белгилаб қўйилган бўлиб, унда жазони енгиллаштирувчи 11 та ҳолат назарда тутилган.
Мазкур модда мазмунига кўра Беларусь Республикасида кекса ёшдаги шахснинг жиноят содир этиши жазони енгиллаштирувчи ҳолатлардан бири ҳисобланади.
Ўзбекистон Республикасининг Жиноят кодексига жиноят содир этилганидан кейин жабрланувчига дарҳол тиббий ва бошқа ёрдам кўрсатиш ҳолатининг жазони енгиллаштирувчи ҳолатлардан бири сифатида киритилиши 2 та амалий жиҳатни ўзида ифода этади:
— биринчидан, жиноят қонунчилигини замонавий юриспруденция талаблари асосидам халқаро стандартларга унификация қилиш ва мувофиқлаштиришга хизмат қилса;
— иккинчидан, жиноят содир этган шахсга нисбатан жазо тайинлашда жазони енгиллаштирувчи ҳолатларни қўллаш орқали айбдор шахснинг ҳуқуқ ва эркинликлари, қонуний манфаатларининг таъсирчан ва ишончли муҳофаза қилинишини таъминлайди.
Абдулло Аллаев,
Навоий вилоят суди раиси
Гиёсиддин Ялгашев,
Навоий вилоят суди раиси ўринбосари