Ворислик ҳуқуқи-бу вафот
этган шахснинг, яъни мерос қолдирувчининг мол-мулки тақдирини ва
мажбуриятларини тартибга солувчи ҳуқуқий меъёрлар тўплами.
Республикамиз
қонунчилигида, аниқроқ қилиб айтадиган бўлсак, Ўзбекистон Республикаси
Фуқаролик кодексида Ворислик ҳуқуқи бўйича алоҳида бўлим ажратилиб, сўз
юритилган.
Мерос очилган
пайтда мерос қолдирувчига тегишли бўлган, унинг ўлимидан кейин ҳам бекор
бўлмайдиган барча ҳуқуқ ва мажбуриятлар, мол-мулклар мерос таркибига киради.
Мерос
қолдирувчининг шахси билан чамбарчас боғлиқ бўлган ҳуқуқ ва мажбуриятлар:
ҳаётга ёки
соғлиққа етказилган зарар учун товон ундириш ҳуқуқи;
алимент
мажбуриятлари туфайли юзага келган ҳуқуқлар ва мажбуриятлар;
меҳнат ва
ижтимоий таъминот тўғрисидаги қонун ҳужжатлари асосида пенсия, нафақа ва бошқа
тўловлар олиш ҳуқуқи;
мулкий ҳуқуқлар
билан боғлиқ бўлмаган шахсий номулкий ҳуқуқлар мерос таркибига кирмайди.
Мерос фуқаронинг
ўлими ёки унинг суд томонидан вафот этган деб эълон қилиниши оқибатида очилади.
Мерос
қолдирувчининг ўлган куни (зарурат бўлганда пайти ҳам), у вафот этган деб эълон
қилинганда эса, агар суднинг қарорида бошқа муддат кўрсатилган бўлмаса, вафот
этган деб эълон қилиш тўғрисидаги суднинг қарори кучга кирадиган кун мерос
очилган вақт деб ҳисобланади.
Мерос
қолдирувчининг охирги доимий яшаб турган жойи мероснинг очилиш жойи
ҳисобланади. Агар мерос қолдирувчининг охирги яшаб турган жойи номаълум бўлса,
мерос қолдирувчига тегишли бўлган кўчмас мулк ёки унинг асосий қисми турган
жой, кўчмас мулк бўлмаган тақдирда эса, кўчар мулкнинг асосий қисми турган жой
мерос очилган жой деб ҳисобланади.
Меросхўрлар-Мерос очилган
пайтда ҳаёт бўлган фуқаролар, шунингдек мерос қолдирувчининг ҳаётлик пайтида
ҳомила ҳолида бўлган ва мерос очилгандан кейин тирик туғилган болалари васият
ва қонун бўйича меросхўр бўлишлари мумкин.
Демак, Ворислик васият ва қонун бўйича амалга оширилади.
Васият бўйича
ворислик – Фуқаронинг ўзига тегишли мол-мулкни ёки бу мол-мулкка нисбатан
ҳуқуқини вафот этган тақдирда тасарруф этиш хусусидаги хоҳиш-иродаси васият деб
эътироф қилинади.
Фуқаро ўзининг
барча мол-мулкини ёки унинг муайян қисмини меросхўрларига, меросхўрлар
доирасига кирмайдиган бир ёки бир неча шахсга, юридик шахсларга, давлатга ёки
фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органларига васият қилиши мумкин.
Васият қилувчи
қонун бўйича меросхўрлардан биттасини, бир нечасини ёки ҳаммасини изоҳ бермаган
ҳолда меросдан маҳрум қилишга ҳақли.
Мерос қолдирувчи ҳар
қандай мол-мулк тўғрисидаги фармойишни ўз ичига оладиган васиятнома тузишга
ҳақли.
Мерос қолдирувчи
васиятнома тузилганидан кейин уни истаган пайтда бекор қилиш ва ўзгартириш
борасида эркин бўлиб, бунда бекор қилиш ёки ўзгартириш сабабларини кўрсатишга
мажбур эмас.
Васиятнома
ёзилган жойи ва вақти кўрсатилган ҳолда ёзма шаклда тузилиши лозим.
Ёзма шаклда
тузилган васитянома қандай бўлади-булар нотариал тасдиқланган васиятномалар;
нотариал тасдиқланган васиятномаларга тенглаштирилган
васиятномалар.
Қонун бўйича ворислик васиятнома мавжуд бўлмаса ёхуд васиятнома вафот қилган шахсдан қолган бутун
мероснинг, мол-мулкнинг тақдирини
белгиламаса, уларнинг барчасини қамраб олмаса
амалга оширилади.
Қонун бўйича ворисликда- ўзининг критериялари мавжуд, бу-ворислар навбати
дейилади, яъни қариндошлик даражаси бўйича белгиланиб, 5-навбатдаги
ворисликкача бўлади.
биринчи навбатдаги ворислар-Мерос
қолдирувчининг болалари (шу жумладан фарзандликка олинган болалари), эри
(хотини) ва ота-онаси (фарзандликка олувчилар) тенг улушларда қонун бўйича
биринчи навбатдаги ворислик ҳуқуқига эга бўладилар, яъни энг яқин қариндошлар
шажара бўйича тўғри тутушган қариндошлар.
Иккинчи
навбатдаги ворислар – Мерос қолдирувчининг туғишган ҳамда она (ота) бир ота
(она) бошқа ака-укалари ва опа-сингиллари, шунингдек унинг ҳам ота, ҳам она
тарафдан бобоси ва бувиси тенг улушларда қонун бўйича иккинчи навбатдаги
ворислик ҳуқуқига эга бўладилар.
Учинчи навбатдаги ворислар – Мерос
қолдирувчининг туғишган амакиси, тоғаси, аммаси ва холаси тенг улушларда қонун
бўйича учинчи навбатдаги ворислик ҳуқуқига эга бўладилар.
Шунингдек,
меросхўрлар навбати қариндошлик даражаси бўйича давом этаверади.
Қонун бўйича ҳам, васиятнома
бўйича ҳам меросхўрлар бўлмаса ёхуд меросхўрлардан ҳеч қайсиси ворислик
ҳуқуқига эга бўлмаса ёхуд уларнинг ҳаммаси меросдан воз кечган бўлса, мерос
мол-мулк эгасиз деб ҳисобланади.
Мерос мол-мулк мерос очилган
жойдаги маҳаллий давлат ҳокимияти органи ёки фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш
органининг аризаси бўйича мерос очилган кундан эътиборан уч йил ўтганидан кейин
суднинг қарори асосида эгасиз деб топилади.
Шундан кейин эгасиз мол-мулк у турган жойдаги
фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органи мулкига ўтади, бу орган мол-мулкдан воз
кечган тақдирда, давлат мулкига ўтади.
Феруз
Хамидов,
Навоий
вилоят суди судьяси
Истам
Турдиев,
Навоий
вилоят суди судьяси