Мамлакатимизда ҳар
кимга ўз ҳуқуқ ва эркинликларини суд орқали ҳимоя қилиш, давлат органларининг
ҳамда бошқа ташкилотларнинг, улар мансабдор шахсларининг қонунга хилоф
қарорлари, ҳаракатлари ва ҳаракатсизлиги устидан судга шикоят қилиш ҳуқуқи
кафолатланган.
Мазкур норма асосий
қонунимизда қатъий белгилаб қўйилган. Давлатимизда олиб борилаётган ислоҳотлар,
иқтисодий ривожланиш натижасида фуқаролик муомаласи иштирокчилари ўртасидаги, хўжалик
юритувчи субъектлар, фуқаролар, ташкилотлар ва давлат органлари ўртасидаги
иқтисодий, фуқаровий, маъмурий низолар ҳам ошиб бормоқда.
Бироқ, биз ўзимизнинг бузилган ёки
низолашилаётган ҳуқуқимизни тиклаш учун ўзимизга асосий қонун билан берилган
кафолатлардан ўз вақтида фойланаябмизми?
Ҳар доим ҳам бу саволга
“ҳа” деб жавоб бериб бўлмайди. Чунки, айрим низолар юзасидан даъвогарлар ёки
аризачилар судларга даъво муддатини ўтказиб, мурожаат қилмоқдалар.
Аслида даъво муддати деганда
биз нимани тушунамиз?
Ўзбекистон Республикасининг Фуқаролик кодекси
(кейинги ўринларда ФК деб юритилади) 149-моддасига кўра, даъво
муддати-шахс ўзининг бузилган ҳуқуқини даъво қўзғатиш йўли билан ҳимоя қилиши
мумкин бўлган муддатдир. Бу муддат ФКнинг 150-моддасида белгиланган бўлиб, умумий даъво муддати – уч йил
ҳисобланади.
Яъни, қонун мазмунига кўра, (ФКнинг154-моддаси) даъво
муддати шахс ўзининг ҳуқуқи бузилганлигини билган ёки билиши лозим бўлган
кундан ўта бошлайдиган муддатдир. Бу қоидадан истиснолар ушбу Кодекс ва бошқа
қонунлар билан белгилансада, фуқаровий ва шартномавий муносабатларда уч йиллик умумий
даъво муддати қўлланади.
Яъни, юридик ёки жисмоний шахслар ўзларининг ҳуқуқи
бузилганлигини билган ёки билиши лозим бўлган кундан бошлаб, судларда даъво
қўзғатиш, ариза бериш, шикоят қилиш орқали ўз ҳуқуқларини тиклашни сўрашлари
лозим.
Чунки, қонунга кўра, (ФК 153-моддаси) қўлланиш
тўғрисида низодаги тараф баён қилган даъво муддатининг ўтиши суднинг даъвони
рад этиш ҳақида қарор чиқариши учун асос бўлади.
Ўзбекистон Республикаси Олий
хўжалик суди Пленумининг 2014 йил 28 ноябрь кунги “Иқтисодий судлар томонидан
битимларни ҳақиқий эмас деб топиш тўғрисидаги фуқаролик қонун ҳужжатлари
нормаларини қўллашнинг айрим масалалари тўғрисида”ги 269-сонли қарорининг
31-бандида қайд қилинишича, битимни ҳақиқий эмас деб
топиш тўғрисидаги талабга, қонунчиликда бошқача тартиб назарда тутилган
бўлмаса, умумий даъво муддати қўлланилади ҳамда даъво муддати фақат низодаги
тарафнинг суд қарор чиқаргунича берган аризасига мувофиқ қўлланилади.
Даъво муддати бошқа давлатларда қандай.
Беларусь Республикаси Фуқаролик кодекси
182-моддасида ўз-ўзидан ҳақиқий бўлмаган битимлар учун даъво муддати ўн йил,
қўрқитиш ва зўрлик оқибатида тузилган битимлар учун даъво муддати уч йил қилиб
белгиланган.
Қозоғистон Республикаси Фуқаролик кодекси
162-моддасида қўрқитиш, зўрлик, алдаш ва асоратли битимлар учун даъво муддати
бир йил қилиб белгиланган.
Россия Федерацияси Фуқаролик кодекси 181-моддасида ўз-ўзидан ҳақиқий
бўлмаган битимлар учун даъво муддати уч йил, низоли битимлар учун эса бир
йил қилиб белгиланган.
Бизнинг фикримизча низоли ва ўз-ўзидан ҳақиқий
бўлмаган битимлар учун даъво муддатининг бир хил-умумий даъво муддати доирасида
уч йил қилиб белгиланиши бундай битимлар ўртасида фарқнинг қисқаришига олиб
келади ҳамда ҳуқуқни суиистеъмол қилишга имкон яратади.
Суд амалиётидан мисол келтирсак.
Туманлараро иқтисодий судининг 2020 йил 13 март
кунги ҳал қилув қарори билан даъвогарнинг 2009 йил 23 февраль кунги битимларни
ҳақиқий эмас деб топиш ва уларнинг ҳақиқий эмаслиги оқибатларини қўллаш,
мол-мулкни ўзганинг ноқонуний эгалигидан талаб қилиб олиш ҳақидаги даъво талаби
қисман қаноатлантирилган, битимнинг ҳақиқий эмаслиги оқибатлари қўлланилиб,
мулклар қайтарилган. Даъво муддатини қўллаш ҳақидаги аризани қаноатлантириш рад
этилган.
Ушбу суд амалиётидан ҳам кўришимиз мумкинки, 11 йил
олдин тузилган битимларни ҳақиқий эмас деб топиш ва уларнинг ҳақиқий эмаслиги
оқибатларини қўллаш ҳозирги ривожланаётган бозор иқтисодиёти талабларига жавоб
бермайди. Бу эса битимларни ҳақиқий эмас деб топиш ва уларнинг ҳақиқий эмаслиги
оқибатларини қўллаш тўғрисидаги даъво талаблари билан судларга мурожаат қилиш
муддатларини такомиллаштиришни, ФКнинг битимлар ва даъво муддатларига оид
нормаларини қайта кўриб чиқишни тақозо қилади.
Шерзод Ғофуров,
Навоий туманлараро
иқтисодий суди раиси
Фахриддин Бахронов,
Навоий туманлараро
иқтисодий суди судьяси