Pay. Apr 2nd, 2026

Ўзбекистон Республикасининг иқтисодиёти ва бозор иштирокчиларининг фуқаролик-ҳуқуқий муносабатлари ривожланиб борган сари бу муомалада иштирок этувчи субъектлар, хусусан фуқаролар, тадбиркорлик субъектлари, хўжалик юритувчи субъектлар, давлат корхоналари, маҳаллий давлат ҳамда давлат бошқарув органлари ўртасидаги низолар ҳам кўпайиб бормоқда. Бундай ҳолатда низоларни ҳал қилишда қайд этилган субъектларга ҳуқуқшунос ходимлардан ташқари адвокатларнинг юридик ёрдамидан фойдаланиш эҳтиёжи туғилмоқда, судда иштирок этувчи шахсларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, одил судловни амалга оширишга кўмаклашиш зарурати вужудга келмоқда.

Айнан адвокатларнинг суд мажлисларида иштирок этишининг ҳуқуқий кафолатлари ва мажбурий шартлари нималардан иборат, улар ўз ваколатларини қайси ҳужжатларга асосан тасдиқлайдилар ва бу жараёнда қандай муаммолар мавжудлиги ҳақида қисқача фикр юритсак. Чунки, эътибордан четда қолаётган бир масала борки, бу адвокатнинг ордер тақдим этиш масаласи бўлиб, айрим адвокатлар томонидан тараф қайтнашётган бир қанча ишларда битта ордер тақдим этилмоқда. Хўш, бу қанчалик қонуний?

Ўзбекистон Республикасининг Конституцияси 29-моддасида ҳар кимга малакали юридик ёрдам олиш ҳуқуқи кафолатланиши, қонунда назарда тутилган ҳолларда юридик ёрдам давлат ҳисобидан кўрсатилиши белгилаб қўйилган.

Ўзбекистон Республикасининг Иқтисодий процессуал кодекси (кейинги ўринларда ИПК деб юритилади) 61-моддаси тўртинчи-бешинчи қисмларига кўра, агар қонунда бу бевосита назарда тутилмаган бўлса, қуйидагилар, жумладан адвокатлар шартнома бўйича (ихтиёрий) вакиллар бўлиши мумкин.

Судда вакил сифатида ишларни юритиш бўйича профессионал фаолият билан фақат адвокатлар шуғулланиши мумкин.

Шу ўринда адвокат мақомига тўхтатилиб ўтсак.

“Адвокатура тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонунининг 3-моддасига биноан, олий юридик маълумотга эга бўлган ва адвокатлик фаолияти билан шуғулланиш ҳуқуқини берувчи лицензияни белгиланган тартибда олган Ўзбекистон Республикасининг фуқароси Ўзбекистон Республикасида адвокат бўлиши мумкин.

Ушбу Қонун 17-моддасига мувофиқ, Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги ўз ваколатлари доирасида ордер шаклини тасдиқлайди.

“Адвокатлик фаолиятининг кафолатлари ва адвокатларнинг ижтимоий ҳимояси тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонунининг 4-моддасида адвокатнинг ваколатлари белгиланган бўлиб, адвокат Ўзбекистон Республикасининг бутун ҳудудида, шунингдек, агар олинган топшириқни бажариш зарурияти тақозо этса ва тегишли давлатларнинг қонунчиликка зид бўлмаса, республика ташқарисида ҳам адвокатлик фаолияти билан шуғулланиш ҳуқуқига эга.

Муайян ишни олиб боришга адвокатнинг ваколатли эканлиги ордер билан тасдиқланади.

Шу ўринда қайд қилинган қонунда назарда тутилган “Муайян ишни олиб бориш” сўзларига алоҳида эътибор қаратилиши лозим деб ҳисоблайман.

“Адвокатлик фаолиятининг кафолатлари ва адвокатларнинг ижтимоий ҳимояси тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонунининг 7-моддаси учинчи қисмида, адвокатлик фаолиятини амалга оширишда бирон-бир махсус рухсатнома (ордер ва адвокат гувоҳномасидан ташқари) талаб қилиш ёки бошқа тўсиқлар вужудга келтириш ман этилиши белгилаб қўйилган.

Демак, муайян ишни олиб боришга ва адвокатлик фаолиятини амалга оширишга  адвокатнинг ваколатли эканлиги иккита ҳужжат, яъни ордер ва адвокат гувоҳномаси билан тақдиқланади.

Муайян ишни олиб бориш деганда нимани тушунишимиз керак? Муайян ишни олиб бориш дегани бу айнан ишонч билдирувчи ёки ҳимоя остидаги шахс иштирок этаётган битта ишми, улар қайтнашаётган битта судми, битта даъвоми, ушбу шахслар даъвогарми, жавобгарми, гумонланувчими, айбланувчими, судланувчими, жавбрланувчими, гувоҳми ёки учинчи шахсми?

Масалан, битта даъвогар бир нечта жавобгарга нисбатан судларга алоҳида даъво киритган бўлса ёки битта шахсга нисбатан бир қанча тергов органларида ёҳуд жиноят ишлари бўйича судда иш юритилаётган бўлса, айнан ишдаги даъвогар бошқа ишда жавобгар бўлса ёинки шунга ўшаш ҳолатларда адвокат ўзига берилган битта ордер билан қатнашиши мумкинми? Бизнинг фикримизча, мумкин эмас.

Ўзбекистон Республикаси Адвокатлар палатаси раисининг 2012 йил 27 декабрдаги 1-кҳ-сонли буйруғига илова “Ҳимоячини Ўзбекистон Республикаси Жиноят-процессуал кодексининг 53 ва 87-моддаларида назарда тутилган ҳуқуқларини амалга ошириш юзасидан услубий тавсиялар”ининг 20-бандида, “Адвокатлик фаолиятининг кафолатлари ва адвокатларнинг ижтимоий ҳимояси тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонунининг 4-моддасига кўра, муайян ишни олиб боришга адвокатнинг ваколатли эканлиги ордер билан тасдиқланиши белгиланганлиги кўрсатилган.

Қайд этилган тавсиянинг 22-бандига кўра, адвокат билан ишонч билдирувчи шахс (ҳимоя остидаги шахс) ўртасида ишни юритиш учун тузилган битим (шартнома), шунингдек, ҳимоячини тайинлаш тўғрисида суриштирувчининг, терговчининг, прокурорнинг қарори ёки суднинг ажрими адвокатга ишни олиб боришига ордер бериш учун асос бўлади.

Тавсияларнинг 23-бандига биноан, ЖПКнинг 53-моддаси ҳимоячининг у адвокатлик гувоҳномасини кўрсатганидан ва муайян ишни юритишга ваколатли эканлигини тасдиқловчи ордерни тақдим этганидан сўнг ишда иштирок этиш ҳуқуқини кафолатлайди. Мавжуд амалиётдан келиб чиқиб, ордер жиноят иши материалларига қўшиб қўйилади.

Шу муносабат билан ордер нусхаси адвокат ишга киришганидан кейин тегишли органга тақдим этилиши, шундан сўнг иш материалларига қўшиб қўйилиши, ордернинг асли эса адвокат ишда иштирок этган бутун вақт мобайнида ўзида туриши ва иштирок ниҳоясига етгач, адвокатнинг тегишли иш юзасидан досьесига (иш юритуви ҳужжатлари тўпламига) қўшиб қўйилиши керак. Ордер адвокатнинг судгача бўлган жараёнлардаги иштирокига, шунингдек битта жиноят, фуқаровий, хўжалик ёки маъмурий иш бўйича процесснинг барча босқичларида амал қилади.

Айтиш лозимки, ордер нафақат жиноят ишига, балки бошқа ишларга ҳам, хусусан фуқаролик ишига ҳам, маъмурий ишга ва иқтисодий ишга ҳам қўшиб қўйилади.

Тавсияларнинг 24-бандига кўра, ордернинг юқори қисми адвокатлик тузилмасида сақланиши лозим.

Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирининг 2023 йил 31 январь кунги “Адвокат томонидан ишни олиб боришга ордер шаклини тасдиқлаш тўғрисида”ги (Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги томонидан 2023 йил 31 январда рўйхатдан ўтказилган, рўйхат рақами 3417) 1-мҳ-сон буйруғига илова шаклида берилган “Адвокат томонидан ишни олиб боришга ордер”да ордер рақами, ордер беришга асос бўлган ҳужжат, ордер беришга асос бўлган ҳужжат расмийлаштирилган сана, ишонч билдирувчи ёки ҳимоя остидаги шахснинг фамилияси, исми ва ота исми ёки юридик шахснинг номи, юридик ёрдам кўрсатиладиган иш тури ва ордер берилган сана кўрсатилиши қайд этилган.

Ушбу иловага изоҳ ҳам берилган бўлиб, унда ордер электрон ёки қоғоз шаклда расмийлаштирилиши, электрон шаклдаги ордер “Юридик ёрдам” ахборот тизимида махсус QR-код қўйилган ҳолда расмийлаштирилиши, ушбу QR-кодни сканерлаш орқали ордернинг ҳақиқийлиги текширилиши мумкинлиги, қоғоз шаклдаги ордер адвокат томонидан компьютер техникаси ёрдамида ёки қоғозга чоп этилгандан сўнг ёзма шаклда тўлдирилиши ҳамда адвокатнинг имзоси ва адвокатлик тузилмасининг муҳри билан тасдиқланиши, ордерга адвокат томонидан мустақил равишда тартиб рақами берилиши, ордерларга рақамлар берилиши ўсиб бориш тартибида амалга оширилиши ва календарь йилнинг бошидан янгидан бошланиши, ордер рақамлари “Юридик ёрдам” ахборот тизимида рўйхатга олиниши, ордер шаклининг 1-12-бандларидаги маълумотлар тўлиқ тўлдирилмаган, лозим тарзда расмийлаштирилмаган, ёзувлари ўчирилган, чизилган бўлса, у ҳақиқий ҳисобланмаслиги, ордердаги маълумотларнинг тўғрилигига ордерни QR-код билан тасдиқлаган (имзолаган) адвокат шахсан жавобгар ҳисобланиши қайд этилган.

Яъни, адвокатнинг муайян ишда иштирок этишга бўлган ваколати бир қанча маълумотларни ўз ичига олган ва у алоҳида, талаб доирасида расмийлаштирилган, рақамланган ва ҳисобга олинган ҳужжат, яъни ордер билан тасдиқланади.

Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги, Миллий хавфсизлик хизмати, Бош прокуратураси, Ички ишлар вазирлиги, Давлат солиқ қўмитаси, Давлат божхона қўмитасининг 2016 йил 13 январдаги 1, 4, 2-ққ, 1, 2016-02, 01-02/20-1-сонли қарорига илова “Қўзғатилган жиноят ишлари бўйича тадбиркорлик субъектлари фаолиятини текширишларда адвокатларнинг мажбурий иштирокини таъминлаш тартиби тўғрисида Низом”га кўра, мазкур Низом “Тадбиркорлик фаолияти эркинлигининг кафолатлари тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонунига мувофиқ қўзғатилган жиноят ишлари бўйича тадбиркорлик субъектлари фаолиятида ўтказиладиган текширишларда адвокатларнинг мажбурий иштирокини таъминлаш тартибини белгилайди.

      Ушбу низомнинг 1-бандига биноан, “Тадбиркорлик фаолияти эркинлигининг кафолатлари тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонунининг 39-моддасига мувофиқ қўзғатилган жиноят ишлари бўйича текширишлар уларни ўтказишнинг барча босқичларида тадбиркорлик субъектларининг ваколатли вакиллари томонидан жалб этилган адвокатлар албатта иштирок этган ҳолда (тадбиркорлик субъектлари томонидан ушбу ҳуқуқнинг рад этилиши ҳоллари бундан мустасно) амалга оширилади.

Низом 3-банди иккинчи хатбошисига кўра, тадбиркорлик субъекти жиноят иши бўйича гумон қилинувчи ёки айбланувчи тариқасида ишга жалб этилган тақдирда, уни адвокат билан таъминлаш Ўзбекистон Республикасининг Жиноят-процессуал кодекси асосида амалга оширилади.

Яъни, шу ўринда эътибор бериш керакки, қўзғатилган жиноят ишлари бўйича тадбиркорлик субъектлари фаолиятини текширишларда адвокатларнинг мажбурий иштироки алоҳида ҳолат ҳисобланиб, бунда адвокат юридик шахс манфаатларини ҳимоя қилса, тадбиркорлик субъекти мансабдор шахслари жиноят иши бўйича гумон қилинувчи ёки айбланувчи тариқасида ишга жалб этилган тақдирда, уни адвокат билан таъминлаш Ўзбекистон Республикасининг Жиноят-процессуал кодекси асосида амалга оширилади.

      Бундан ташқари, адвокат ва ҳимоя остидаги (ишонч билдирувчи) шахс ўртасидаги юридик ёрдамнинг мазмуни тарафлар ўртасида тузилган шартномада аниқ кўрсатилади, адвокат шартнома предмети доирасида юридик ёрдам кўрсатади, ҳуқуқ ва мажбурият олади.

Қайд этилганлардан хулоса қилиш мумкинки, адвокат битта шахс номига, маълум бир органда юридик ёрдам кўрсатиш учун расмийлаштирилган ордер орқали айнан ўша ишда ўз ваколатларини амалга ошириши мумкин бўлиб, бошқа иш, бошқа орган ёки бошқа процессуал мақомдаги шахсга юридик ёрдам кўрсатишга ҳақли эмас.

 

Шерзод Ғофуров,

Навоий туманлараро иқтисодий суди раиси

 

Фахриддин Бахронов,

 

Навоий туманлараро иқтисодий суди судьяси 

By admin

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan