Pay. Apr 2nd, 2026

Сайёрамизда бир қатор глобал муаммолар борки, булар сирасига бевосита одам савдоси сингари трансмиллий жиноятларни ҳам киритиш мумкин. Йилдан- йилга бу иллатдан жабр чекаётганлар, унинг қурбони бўлаётганлар сони ортиб бормоқда.

Ҳудуд ва чегара билмайдиган бу жиноятнинг ҳар бири жамият тараққиёти ва давлатлар ривожига жиддий хавф туғдирмоқда. Одам савдосидек оғир жиноят инсон ҳаёти, эркинлиги ва ҳуқуқларини поймол қилиб, унинг эрки, тақдири ва келажагини оёқ ости қилиши билан нақадар жирканч кўринишга эга.

Таъкидлаш жойизки, асримизнинг жиддий муаммосига айланган одам савдосига қарши кураш халқаро, минтақавий, кўп ва икки томонлама муносабатларни талаб этмоқда. Айнан, жиноятчиликнинг ушбу турига қарши курашиш ва унинг олдини олиш мақсадида Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг бир қатор халқаро тавсиявий ва мажбурий характерга эга ҳужжатлари қабул қилинган.

Афсуски, дунё бўйлаб шунча кенг қамровли фаолият, тегишли тарғибот-ташвиқот олиб борилишига қарамай, ҳар йили миллионлаб инсонлар «замонавий қуллик», яъни одам савдоси қурбонига айланмоқда. Улар орасида аёллар, кексалар, ҳатто ёш болалар ҳам борлиги ачинарли. Ушбу жиноятнинг ривожланишига туртки бўлаётган асосий омиллардан бири одамларнинг чет элга бориш ва ишга жойлашиш ҳақида етарли маълумотга эга эмаслигидир. Ачинарлиси, ўзга давлат, бегона бир муҳитга тушиб қолганлар мўмай даромад илинжида оғир жисмоний меҳнатга ёлланмоқда, аёллар эса тубан ва фаҳш ишларга мажбур этилмоқда.

Одам савдоси – куч билан таҳдид қилиш ёки куч ишлатиш ёхуд бошқа мажбурлаш шаклларидан фойдаланиш, ўғирлаш, фирибгарлик, алдаш, ҳокимиятни суиистеъмол қилиш ёки вазиятнинг қалтислигидан фойдаланиш орқали ёхуд бошқа шахсни назорат қилувчи шахснинг розилигини олиш учун уни тўловлар ёки манфаатдор этиш эвазига оғдириб олиш орқали одамлардан фойдаланиш мақсадида уларни ёллаш, ташиш, топшириш, яшириш ёки қабул қилиш. Одамлардан фойдаланиш бошқа шахсларнинг фоҳишалигидан фойдаланишни ёки улардан шаҳвоний фойдаланишнинг бошқа шаклларини, мажбурий меҳнат ёки хизматларни, қуллик ёки қулликка ўхшаш одатларни, эрксиз ҳолат ёхуд инсон аъзолари ёки тўқималарини ажратиб олишни англатади.

Одам савдосига қарши курашишда аҳоли, айниқса ёшлар ўртасида ушбу иллатнинг хавфи ва оқибатлари ҳақида тушунтириш олиб бориш, фуқароларни бу борада вазиятдан огоҳ этиш ҳамда хабардорлигини таъминлаш, мамлакатимизда одам савдосини олдини борасида амалга оширилаётган ишлар юзасидан кенг жамоатчиликни хабардор қилиб бориш, одам савдосининг салбий омиллари тўғрисида хабардорлигини ошириш муҳим аҳамият касб этади.

Бугунги кунда ушбу мавзуга бағишланган давра суҳбатлари, конференция, илмий амалий анжуманлар ўтказилиб келинмоқда, аҳолининг бу борада ҳуқуқий саводхонлигини ошириш мақсадида фойдаланиш учун қулай бўлган ўқув услубий қўлланмалар нашр этилиб тарқатилмоқда.

Бироқ, шу каби кенг қамровли чора-тадбирлар амалга оширилишига қарамасдан мамалакатимизда ҳам ушбу каби иллатга қўл уриб жиноят содир этган шахслар учрамоқда.

Хусусан, фуқаро Н.А осон ва қинғир йўллар билан бойлик орттиришдек ғаразли ва бошқа паст мақсадларни кўзлаб, ўзининг беникоҳ туғилган фарзандини сотиш орқали моддий наф кўришни режалаштириб, 2024 йилнинг 02 ноябр куни соат 15-45 ларда Навоий вилояти ИИБ ЖҚБ ходимлари томонидан фуқаро Б.Шнинг аризаси юзасидан ўтказилган тезкор тадбир давомида, Хатирчи тумани ҳудудидаги “Экофиш” чойхонасида Н.А 27.10.2024 йилда туғилган вояга етмаган ўғил жинсига мансуб фарзандини 5.000.000 (беш миллион) сўм пул эвазига ариза муаллифи Б.Шга сотган вақтида, тадбир иштирокчилари томонидан ашёвий далиллар билан қўлга олиниб, ундан кимёвий ишлов берилган 5.000.000 (беш миллион) сўм пуллар холислар иштирокида ашёвий далил сифатида расмийлаштириб олинган.

Жиноят ишлари бўйича Хатирчи туман судининг 2025-йил 23-апрелдаги ҳукмига кўра, А.Н Ўзбекистон Республикаси ЖКнинг 135-моддаси 3-қисми “а” бандида назарда тутилган жиноятни содир этганликда айбдор деб топлиб, унга нисбатан ушбу модда билан озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланиб, ушбу жиноят учун айбдор шахсга нисбатан жазо муқаррарлиги таъминланган.

Ана шу каби одам савдосини олдини олиш учун кенг жамоатчилик билан ҳамкорликда тарғибот ва ташвиқот ишларини янада жадаллаштириш, маҳалаларда фаолият кўрсатаётган диний-маърифат ва маънавий-аҳлоқий тарбия масалалари бўйича маслаҳатчилар имкониятларидан самарали фойдаланиш, шунингдек хотин-қизларнинг ижтимоий муҳофазаси, уларнинг ҳуқуқлари ҳимоясини таъминлаш ишларини кучайтириш зарур.

Ўзбекистон Республикасида олиб борилаётган барча ислоҳотлардан кўзланган асосий мақсад – инсон, унинг ҳаёти, эркинлиги, шаъни, қадр-қиммати ва бошқа дахлсиз ҳуқуқларини олий қадрият сифатида эъзозлашдир.

Шундай экан, трансмиллий хусусият касб этган, яъни ҳудуд ва чегара танламас жирканч иллат – одам савдосига қарши кескин кураш олиб бориш барчамизнинг муҳим вазифамиздир.

 

Шерзод Мамиров,

Жиноят ишлари бўйича Хатирчи туман суди раиси

 

Аслиддин Норбеков,

Жиноят ишлари бўйича Хатирчи туман суди тергов судьяси

By admin

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan