Навбаҳорлик Д.П эндигина 21 ёшни қаршилаган навқирон йигитлардан бўлиб, бу ёшда бирор-бир ҳунарни ўрганиши ёки олий маълумотли бўлиб, маълум бир касбни мукаммал эгаллаш ёшида эди, бироқ у бу йўлни танламади.
Гап шундаки, Д.П транспорт воситасини бошқариш ҳуқуқини берувчи ҳайдовчилик гувоҳномаси мавжуд бўлмасдан туриб 2025 йил 29 март транспорт воситасини олиб қочиш мақсадида, ўзига олдиндан таниш бўлган М.Абдукаримовнинг бошқарувидаги давлат рақами “Кобальт” русумли транспорт воситаси автоювиш шохобчасидан бошқариб олиб қочган ва ушбу транспорт воситасини Навбаҳор тумани “Янгиқўрғон” ҳудудидаги йўлда бошқариб ҳаракатланиб бориб, бошқарувни йўқотиб йўл бўйида тўхтаб турган учта автомашиналарга бориб урилган.
Д.Пга оид жиноят иши, 2026 йил 19 январь куни жиноят ишлари бўйича Навбаҳор туман судида кўриб чиқилди.
Судда Д.П алкоголли ичимликдан маст ҳолда транспорт воситасини олиб қочганини тан олиб, қилган ишидан чин кўнгилдан пушаймонлик билдирди ва енгиллик беришни сўради.
Суд томонидан Д.Пни айбига тўлиқ иқрорлиги, қилмишидан пушаймонлиги, ёши, муқаддам судланмаганлигини эътиборга олиниб, у Ўзбекистон Республикаси ЖК 267-моддасининг 1-қисми (транспорт воситасини олиб қочиш)да назарда тутилган жиноятни содир этганликда айбдор деб топилди ва унга шу моддага асосан ЖКнинг 57-моддасини қўлланиб 3 йил муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланди.
Жиноят учун жазо муқаррар, эндиликда Д.П ёш умрининг маълум қисмини қамоқда ўтайдиган бўлди.
Козим Козиев,
Жиноят ишлари бўйича Навбаҳор туман судининг тергов судьяси
Баҳодир Фармонов,
Жиноят ишлари бўйича Навбаҳор туман судининг девонхона мудири