Конституциямизнинг 47-моддасида, ҳар ким уй-жойли бўлиш ҳуқуқига эга.
Ҳеч ким суднинг қарорисиз ва қонунга зид тарзда уй-жойидан маҳрум этилиши мумкин эмас. Уй-жойидан маҳрум этилган мулкдорга уй-жойнинг қиймати ҳамда у кўрган зарарларнинг ўрни қонунда назарда тутилган ҳолларда ва тартибда олдиндан ҳамда тенг қийматда қопланиши таъминланади.
Давлат уй-жой қурилишини рағбатлантиради ва уй-жойга бўлган ҳуқуқнинг амалга оширилиши учун шарт-шароитлар яратади.
Аҳолининг ижтимоий жиҳатдан эҳтиёжманд тоифаларини уй-жой билан таъминлаш тартиби қонун билан белгиланади.
Ўзбекистон Республикаси Уй-жой кодексининг 1-моддасига кўра, Уй-жой тўғрисидаги қонунчилик ушбу Кодексдан ҳамда бошқа қонунчилик ҳужжатларидан иборат.
Агар уй-жой муносабатлари уй-жой тўғрисидаги қонунчилик билан тартибга солинмаган бўлса, ерга оид қонунчилик ҳамда архитектура ва шаҳарсозлик соҳасидаги қонунчиликнинг ана шу муносабатларни тартибга солишга тааллуқли қисми қўлланилади.
Агар Ўзбекистон Республикасининг халқаро шартномасида Ўзбекистон Республикасининг уй-жой тўғрисидаги қонунчилигидагидан бошқача қоидалар белгиланган бўлса, халқаро шартнома қоидалари қўлланилади.
Мазкур Кодексининг 2-моддасида, Уй-жой тўғрисидаги қонунчилик фуқаролар, юридик шахслар, республика ижро этувчи ҳокимият органлари ва маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органларининг қуйидаги масалалар бўйича муносабатларини тартибга солади:
турар жойларга мулк ҳуқуқи, эгалик қилиш ва фойдаланиш ҳуқуқининг юзага келиши, амалга оширилиши, ўзгариши ҳамда бекор бўлиши;
уй-жой фондини ҳисобга олиш;
уй-жой фондини сақлаш, қараш ва таъмирлашни таъминлаш;
фуқароларнинг уй-жой ҳуқуқларига риоя этилиши ва уй-жой фондидан мақсадли фойдаланиш устидан назорат қилиш.
Уйларни қуриш, турар жойларни қайта қуриш ва ўзгартириш, муҳандислик қурилмаларидан фойдаланиш, коммунал хизматлар билан таъминлаш билан боғлиқ муносабатлар ушбу Кодекс ва бошқа қонунчилик ҳужжатлари билан тартибга солинади.
Агар қонунда ёки Ўзбекистон Республикасининг халқаро шартномасида бошқача тартиб белгиланган бўлмаса, уй-жой тўғрисидаги қонунчиликнинг қоидалари чет эл фуқаролари, фуқаролиги бўлмаган шахслар, чет эл юридик шахслари иштирокидаги уй-жой муносабатларига нисбатан қўлланилади.
Ўзбекистон Республикаси [ОКОЗ:
1.01.00.00.00 Конституциявий тузум / 01.11.00.00 Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси (шунингдек, 02.01.00.00га қаранг);
2.02.00.00.00 Давлат бошқаруви асослари / 02.01.00.00 Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси (шунингдек, 01.11.00.00га қаранг) / 02.01.02.00 Вазирлар Маҳкамаси ваколатлари;
3.08.00.00.00 Уй-жой қонунчилиги. Коммунал хўжалик / 08.01.00.00 Уй-жой фонди / 08.01.02.00 Уй-жой фондини бошқариш]
Фуқаролик кодексининг 210-моддасига кўра, белгиланган тартибда ажратиб берилган ер участкасида қурилаётган янги уй-жойга мулк ҳуқуқи давлат рўйхатидан ўтказилган пайтдан бошлаб вужудга келади.
Бир ёки бир неча шахслар томонидан қурилаётган уй-жой қурилиш тамом бўлгунча ва рўйхатдан ўтказилгунча маҳаллий ҳокимият органларининг рухсатисиз бошқа шахсга берилиши мумкин эмас.
Давлатга қарашли уй-жой (квартира)га мулк ҳуқуқи қонун ҳужжатларида назарда тутилган хусусийлаштириш тартибида вужудга келади.
Кооператив уй-жойга, квартирага, гаражга, чорбоққа ва бошқа биноларга мулк ҳуқуқи кооператив аъзоси пай бадалларини батамом тўлаб бўлганидан кейин вужудга келади.
Ўзбекистон Республикаси Олий Суди Пленумининг 2001 йил 14 сентябрдаги 22-сонли “Уй-жой низолари бўйича суд амалиёти ҳақида”ги қарорининг раҳбарий тушунтиришларига кўра, Судлар уй-жой муносабатларидан келиб чиқадиган низолар бўйича даъво аризаларини қабул қилишда аввало даъво талабининг судга тааллуқлилик масаласини ҳал этишлари, даъво қўзғатаётган шахснинг ваколатини текширишлари лозим.
Хусусан, судлар қуйидаги уй-жой низоларини ҳал этиш ваколатига эга:
хусусий ва давлат уй-жой фондларига қарашли турар-жойларни ижарага берувчи ҳамда ижарага олувчилар ўртасидаги уй-жой муносабатлари бўйича вужудга келган низолар;
уй-жой қуриш ёки уй-жой кооперативи билан фуқаролар ўртасидаги келиб чиқадиган низолар;
давлат уй-жой фондининг турар-жойига берилган ҳужжатни (ордерни) ҳақиқий эмас деб топиш тўғрисидаги низолар;
ижара шартномасини ўзгартириш ва бекор қилиш тўғрисидаги низолар;
Уй-жой кодексининг 71—74, 79, 85-моддаларида кўрсатилган асослар бўйича турар-жойдан кўчириш билан боғлиқ низолар;
фуқаролик ҳуқуқ ва мажбуриятларидан келиб чиқадиган уй-жой низолари;
ер участкалари жамоат эҳтиёжлари учун олиб қўйилиши муносабати билан вужудга келадиган низолар.
Фуқароларнинг уй-жой шароитларини яхшилаш, ёрдамчи хоналарни қайта қуриш ва ўзгартиришга розилик бериш масалаларини ҳал қилиш маҳаллий давлат ҳокимияти органи ва ижарага берувчиларнинг ваколатига тегишли эканлигидан келиб чиқиб, бундай масалалар бўйича даъволар судга тааллуқли эмаслиги судларга тушунтирилган. Бироқ, фуқаролар маҳаллий давлат ҳокимияти ва ижарага берувчиларнинг қайд этилган масалаларни ҳал қилиши билан боғлиқ ҳаракатларидан норози бўлганда Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий суд ишларини юритиш тўғрисидаги кодексида белгиланган тартибда тегишли шикоят билан судга мурожаат қилишлари мумкин.
Ўзбекистон Республикаси Уй-жой кодексининг 11-моддасига кўра турар жойга бўлган мулк ҳуқуқи муддатсиз бўлиб, фуқаролар ва юридик шахсларнинг, давлатнинг ҳуқуқларини ҳамда қонун билан қўриқланадиган манфаатларини бузмаган ҳолда шахснинг ўзига тегишли турар жойга ўз хоҳиши ва манфаатларига кўра эгалик қилиш, ундан фойдаланиш ва уни тасарруф этиш, шунингдек ўзининг мулк ҳуқуқи бузилишини бартараф этишни талаб қилиш ҳуқуқидан иборатдир.
Уй-жойларга нисбатан ҳуқуқларни амалга ошириш, айниқса, уй-жойга нисбатан мулк ҳуқуқини тасарруф этишни расмийлаштириш бевосита мулкдорнинг шахсан иштироки ва розилиги асосида амалга оширилиши, бунда олди-сотди битимини тасдиқловчи ҳужжатларни текшириш ишлари муайян муддатда олиб борилиши ва нотариуснинг асосли хулосаси билан тасдиқланиши мақсадга мувофиқдир. Бундай тартибнинг ўрнатилиши уй-жойга нисбатан мулк ҳуқуқини амалга ошириш билан боғлиқ қонун бузилишларини камайтиришга олиб келиши билан бирга, турли низоларнинг олдини олишга ҳам хизмат қилади.
Хулоса ўрнида шуни таъкидлаш жоизки, уй-жой қонунчилиги нормаларига қатьий риоя қилиш фуқаролар, уй-жой фондини ҳисобга олиш, сақлаш, фойдаланиш ва таъмирлашни таъминлаш ваколати юклатилган давлат органлари, корхоналар, муассаса ва ташкилотларнинг уй-жойга бўлган ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилишнинг муҳим шартларидан бири ҳисобланади. Шунинг учун судлар бундай тоифадаги ишларни ҳал этишда масъулиятни янада оширишлари, низоларнинг ҳар томонлама чуқур ўрганиб, қонуний ҳал этилишини тўлиқ таъминлашлари лозим.
Умиджон Раупов,
Фуқаролик ишлари бўйича Кармана туманлараро судининг раиси