Меҳнатга ҳақ тўлаш иш берувчи томонидан ходимга унинг меҳнати учун
тўловлар белгилаш ва уларни амалга ошириш юзасидан меҳнат шартномаси тарафлари
ўртасидаги меҳнат тўғрисидаги қонунчилик, меҳнат ҳақидаги бошқа ҳуқуқий
ҳужжатлар ва меҳнат шартномаси билан тартибга солинган муносабатлар тизимидир.
Шунингдек, қонунчиликда иш ҳақи тушунчаси ҳам белгиланган бўлиб, Меҳнат
кодексининг 243-моддасига кўра, иш берувчи томонидан ходимнинг малакасига,
бажарадиган ишининг мураккаблигига, миқдорига, сифати ва шароитларига қараб
тўланадиган меҳнат учун мукофот суммаси, шунингдек компенсация хусусиятига эга
тўловлар (компенсация хусусиятига эга қўшимча тўловлар ва устамалар, шу
жумладан нормал иш шароитларидан четга чиқадиган шароитларда ишлаганлик,
ноқулай табиий-иқлим шароитларида ишлаганлик учун шундай қўшимча тўловлар ва
устамалар ҳамда компенсация хусусиятига эга бошқа тўловлар) ва рағбатлантирувчи
тўловлар (рағбатлантирувчи хусусиятга эга қўшимча тўловлар ҳамда устамалар,
мукофотлар ва тақдирловчи тўловлар) иш ҳақидир.
Иш ҳақи ходимларни меҳнатга
ва унинг якуний натижалари учун тақдирлаш сифатида пайдо бўлган иш кучи
баҳосининг пул шакли ифодаси тарзида белгиланади. Меҳнат бозорига назар
ташлайдиган бўлсак, иш кучининг сотувчиси (меҳнат қилувчи) ва иш кучини сотиб олувчи (иш берувчи) у ерда муносабатга киришади ва иш кучининг баҳосини
белгилашади, кейинчалик бу баҳо меҳнат шартномасида мустаҳкамланади.
Меҳнат ҳақининг миқдори иш
берувчи билан ходим ўртасидаги келишувга биноан белгиланади. Меҳнат ҳақи қонун
ҳужжатлари билан белгиланган энг кам миқдордан оз бўлиши мумкин эмас ва унинг
энг кўп миқдори бирон бир тарзда чекланмайди.
Нормал иш шароитларида оддий ишларни бажариш чоғида иш вақтининг
нормасини тўлиқ ишлаб берган ходимнинг малака талаб этмайдиган меҳнати учун
қонунчиликда кафолатланган, Ягона тариф сеткасининг биринчи разрядига мувофиқ
бўлган ойлик иш ҳақи миқдори меҳнатга ҳақ тўлашнинг энг кам миқдори
ҳисобланади.
Меҳнатга ҳақ тўлашнинг энг кам миқдори Ўзбекистон Республикаси
Президенти томонидан Ижтимоий-меҳнат масалалари бўйича республика уч томонлама
комиссияси томонидан ишлаб чиқилган таклифлар ҳисобга олинган ҳолда Ўзбекистон
Республикасининг бутун ҳудудида бир вақтнинг ўзида белгиланади ҳамда
ташкилий-ҳуқуқий шаклларидан, мулкчилик шаклларидан ва идоравий бўйсунувидан
қатъи назар, барча иш берувчилар учун мажбурий эканлиги қонун билан
мустаҳкамланган.
Меҳнатга ҳақ тўлаш шартлари ва миқдори иш берувчи ҳамда ходим
ўртасидаги келишувга кўра, бажариладиган ишнинг мураккаблиги ва шартлари,
ходимнинг касбий-малакавий ва ишчанлик сифатлари, унинг меҳнати ҳамда
ташкилотнинг хўжалик фаолияти натижалари ҳисобга олинган ҳолда ушбу иш
берувчида амалда бўлган меҳнатга ҳақ тўлаш тизимларига мувофиқ белгиланади.
Иш ҳақи ўзида ишлаб топилган
ҳақни ифодалайди ва шу билан у нафақа, қўшимча тўлов, устама, кафолатли ва
компенсация тўловлари, шунингдек меҳнат натижаси сифатидаги фойдадан фарқ
қилади. Масалан, компенсация тўлови маълум ҳолатларда ходим қиладиган
чиқимларни қоплаш, кафолатли тўлов ходимлар қонун йўл қўйган ҳолларда
корхонадаги ишни бажармаганларида тўланса, иш ҳақи ходимлар корхонадаги муайян
ишни бажариши эвазига тўланадиган ҳақ ҳисобланади.
Маълумки, ишлаб чиқариш
корхоналарида олинган соф даромад, давлат муассасаларида эса давлат бюджети
ҳисобидан ажратиладиган маблағлар иш ҳақининг асосий манбаи ҳисобланади. Иш
ҳақи таркибий жиҳатдан икки қисмдан иборат: асосий иш ҳақи ва қўшимча иш
ҳақидан ташкил топади. Иш ҳақининг асосий ва қўшимчага бўлиниши иш ҳақининг
меҳнатга ҳақ тўлаш шакли сифатидаги иқтисодий аҳамияти ва ҳуқуқий табиатини
очиш учун муҳимдир. Иш ҳақининг асосий қисмини ташкил қилувчи тариф ставкалари
ва мансаб окладлари марказлашган тартибда тасдиқланади, олдиндан белгиланган
фондлар ҳисобидан тўланади ва мазкур корхонанинг фойдасига боғлиқ бўлмайди.
Ходимларга бажарилган иш учун ҳамма вақт асосий иш ҳақи тўланиши керак.
Мукофот, устама ва бошқа
тўловлар иш ҳақининг қўшимча қисмини ташкил қилиб, ушбу тўловлар корхоналарнинг
фойдаси ва рентабеллигига тўғридан-тўғри боғлиқ бўлади. Шунинг учун олинган
фойда бевосита ходимнинг мукофот хажмига таъсир қилади. Қўшимча тўловларни тўлаш
манбаи — корхоналарда ташкил этиладиган моддий рағбатлантириш фонди
ҳисобланади.
Меҳнатга ҳақ тўлаш тизимлари, шу жумладан тариф ставкалари, маошлар,
компенсация хусусиятига эга қўшимча тўловлар ва устамалар, шу жумладан нормал
шароитлардан четга чиқувчи шароитлардаги иш учун шундай қўшимча тўловлар ҳамда
устамалар миқдорлари, рағбатлантирувчи хусусиятга эга қўшимча тўловлар ва
устамалар тизимлари ҳамда мукофотлаш тизимлари жамоа келишувларида, жамоа
шартномасида, шунингдек иш берувчи томонидан касаба уюшмаси қўмитаси билан
келишувга кўра қабул қилинадиган ички ҳужжатларда, меҳнат тўғрисидаги
қонунчиликка мувофиқ меҳнат шартномасида белгиланади.
Меҳнатга ҳақ тўлаш миқдори бирор-бир энг кўп миқдор билан чекланмайди.
Ходимларга иш ҳақи тўлаш муддатлари жамоа шартномасида ёки ички
ҳужжатда, улар мавжуд бўлмаганда эса меҳнат шартномасида шарт қилиб кўрсатилган
муддатларда белгиланади ва ҳар ярим ойда бир мартадан кам бўлиши мумкин эмас.
Ходимларга ойлик иш ҳақи, қоида тариқасида, ўн олти кундан кўп бўлмаган
танаффус билан икки қисмга бўлинган ҳолда (бўнакда ва қолган қисми миқдорида)
тўланади.
Иш ҳақи тўланадиган кун дам олиш кунига ёки ишланмайдиган байрам кунига
тўғри келиб қолганда иш ҳақи ушбу кунлар арафасида тўланади.
Қонунчиликда иш берувчи иш ҳақини тўлаш кечиктирилганлиги учун ходим
олдида Меҳнат кодексининг 333-моддасида белгиланган миқдорда моддий
жавобгар бўлади.
Иш ҳақи миллий валютада (сўмда) тўланади, ушбу қоидадан истиснолар
қонунчиликда белгиланиши мумкин. Иш ҳақини қарз мажбуриятлари, тилхатлар,
купонлар тарзида тўлаш, шунингдек, меҳнатга натура шаклида ҳақ тўлаш
тақиқланади.
Абдулло Аллаев,
Навоий вилоят суди раиси
Феруз Ҳамидов,
Навоий вилоят суди судьяси