Pay. Apr 2nd, 2026

Умуман олганда, ҳар қандай тараққий этган жамиятда ривожланишнинг асосий манбайи сифатида инсон ҳуқуқларини таъминлаш, уларни ҳурмат қилиш, фуқароларнинг ўз ҳуқуқларини ҳимоя қилишига шароит яратиш каби омиллар намоён бўлади. Фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини таъминлашнинг зарурий шарти бу уларнинг ҳуқуқий онги ва ҳуқуқий маданиятини юксалтириш ҳисобланади. Бугунги кунда юртимизда амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар натижасида аҳоли орасида ўз ҳуқуқларини англаш ва уларни қўллаш кўникмалари босқичма-босқич шаклланиб бормоқда. Фуқароларнинг Конституцияда мустаҳкамланган ҳуқуқларини амалга ошириш ва бузилган ҳуқуқларини тиклашда адвокатларнинг хизмати беқиёс ҳисобланади. Ривожланган мамлакатлар сингари адвокатларга бўлган талабнинг ортиши ва адолатни таъминлашда адвокатларнинг роли кучайиши бизда ҳам инсон ҳуқуқлари устувор бўлган кучли фуқаролик жамияти барпо этилаётганидан дарак беради.

Шуни алоҳида таъкидлаб ўтишимиз керакки, сўнгги йилларда юртимизда адвокатура институтини ривожлантириш соҳасида ташланаётган дадил қадамлар натижасида адвокатура соҳасига қизиқиш кучайиб, адвокатларнинг обрўси ортиб бормоқда. Уларнинг фаолияти “Адвокатура тўғрисида”ги, “Адвокатлик фаолиятининг кафолатлари ва адвокатларнинг ижтимоий ҳимояси тўғрисида”ги қонун ва бошқа норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар билан тартибга солинади.

“Хўш, адвокат ўзи ким?”, деган савол туғилиши табиий, албатта. Юқорида санаб ўтилган қонунларга асосланиб айтиш мумкинки, адвокат бу – олий юридик маълумотга эга бўлган ва адвокатлик фаолияти билан шуғулланиш ҳуқуқини берувчи лицензияни белгиланган тартибда олган Ўзбекистон Республикасининг фуқароси. Адвокатларнинг вазифаси шундан иборатки, ўзига юридик ёрдам сўраб мурожаат этган жисмоний ва юридик шахсларнинг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини қонунда назарда тутилган воситалар ҳамда усуллардан фойдаланган ҳолда ҳимоя қилишдир. Яъни, тушунарли қилиб айтганда, фуқаролар ва давлат ўртасидаги муносабатларда фуқароларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилган ҳолда иштирок этувчи шахслар адвокат ҳисобланади.

Бундан ташқари, барчага маълумки, адвокатлар лицензия ва гувоҳнома асосида фаолият юритади. Яъни, талабгор белгиланган тартибда лицензия ҳамда гувоҳнома олган пайтдан эътиборан адвокат мақомини олади ва Адвокатлар палатасининг аъзоси бўлади.

Шунингдек, Ўзбекистон Республикаси ФПКнинг 65-моддасида фуқаролар ўз ишларини судда шахсан ёки ўз вакиллари орқали юритиши мумкинлиги назарда тутилган бўлиб, вакилликнинг ўзи ҳам икки турга бўлинади: қонуний вакиллик ва шартнома бўйича (ихтиёрий) вакиллик.

Худди шу Кодекснинг 67-моддасида адвокатлар шартнома бўйича (ихтиёрий) вакил бўлиши мумкинлиги белгиланган ҳамда ишонч билдирувчи ўз ҳуқуқлари ва қонун билан қўриқланадиган манфаатларини ҳимоя қилиш бўйича судда иш юритишни шартнома бўйича (ихтиёрий) вакилликка биноан вакилга топшириши мустаҳкамланган. Кодекснинг 68-моддасига мувофиқ вакилнинг ваколатлари қонунга мувофиқ берилган ва расмийлаштирилган ишончномада кўрсатилган бўлиши керак. Фуқаролар томонидан бериладиган ишончномалар нотариуслар ёки нотариал ҳаракатларни амалга ошириш ҳуқуқига эга бўлган бошқа мансабдор шахслар томонидан тасдиқланади.

Афсуски, аксарият ҳолларда фуқаролар ва ташкилотлар томонидан ҳам ушбу нормани нотўғри қўллаш ва нотўғри талқин қилиш ҳоллари кузатилмоқда. Яъни, юқоридаги моддага асосланиб, судда адвокат иштирок этиши учун барча ҳолларда адвокатлик гувоҳномаси ва адвокатлар тузилмаси томонидан берилган ордердан ташқари ишончнома ҳам тақдим этилишини талаб қилиш ўринсиз ҳисобланади.

Ўзбекистон Республикаси Олий суди Пленумининг 2010 йил 14 майдаги “Вакилликка доир Фуқаролик процессуал қонунчилиги нормаларининг судлар томонидан қўлланилиши тўғрисида”ги 5-сон Қарорининг 13-бандида юқоридаги вазиятга тушунтириш бериган бўлиб, унга кўра, шартнома бўйича (ихтиёрий) вакиллар ишга киришиши учун ҳуқуқ берувчи ҳужжатлар бўлиб, ФПК 68-моддасига мувофиқ берилган ва расмийлаштирилган ишончномалар ҳисобланади, адвокатлар ва юридик шахс раҳбари бундан мустасно. Адвокат ишга киришиши учун адвокатлик гувоҳномаси ва адвокатлар тузилмаси томонидан берилган ордер тақдим этилиши кифоя бўлиб, у адвокатга юридик ёрдам сўраб мурожаат этган шахс манфаатларини судда ҳимоя қилиш ҳуқуқини (ФПК 69-моддасининг иккинчи қисмида назарда тутилган ҳуқуқлардан ташқари) беради.

Пленум Қарорининг 14-бандига биноан ишга киришиш учун ҳуқуқ берувчи ҳужжатлар шартнома бўйича вакилларга процес иштирокчисининг фақат ФПК 40-моддасининг биринчи қисмида белгиланган умумий ҳуқуқларини бериб, улар: иш материаллари билан танишиш, улардан кўчирмалар олиш, нусхалар кўчириш, раддия бериш тўғрисида арз қилиш, далиллар тақдим этиш, далилларни текширишда иштирок этиш, ишда иштирок этувчи бошқа шахсларга ва одил судловни амалга оширишга кўмаклашаётган шахсларга саволлар бериш, аризалар бериш, илтимосномалар тақдим этиш, судга оғзаки ва ёзма тушунтиришлар бериш, ишни судда кўриш давомида туғиладиган ҳамма масалалар бўйича ўзларининг важларини баён қилиш, бошқа шахсларнинг арзлари, илтимосномалари, важларига қарши эътироз билдиришдан иборат.

Шунингдек, Пленум Қарорининг 15-бандида эса айрим процессуал ҳаракатларни содир этиш учун қонун махсус ваколатлар мавжуд бўлишини талаб этиб, шартнома бўйича вакил, шу жумладан адвокат бу ҳаракатларни фақат улардан ҳар бири қонунга мувофиқ расмийлаштирилган ишончномада қайд этилган ҳолдагина содир этишга ҳақли эканлиги мустаҳкамланган.

Демак, юқоридаги аргументларга таяниб шуни айтиш мумкинки, адвокатлар судда у билан шартнома тузган шахснинг ҳуқуқларини ҳеч қандай ишончнома тақдим қилмаган ҳолда ҳимоя қилишга киришиши мумкин. Бунда, адвокат ФПК 40-моддасида санаб ўтилган асосий ва фундаментал ҳуқуқларидан фойдаланиб ҳимояси остидаги шахснинг ҳуқуқларини илгари суради. Фақатгина ФПК 69-моддасида санаб ўтилган қўшимча ҳуқуқларни ҳам ишонч билдирувчи шахс адвокатга беришга рози бўлса, улар ўртасида ишончнома тузилиши мумкин. Бундай ҳолатда адвокат судда қатнашиши учун лицензия, адвокатлик гувоҳномаси ва ордердан ташқари ишончномани ҳам судга тақдим этиши керак бўлади.

Қисқа қилиб айтганда, адвокатлар фаолиятини ривожлантириш, фуқаролар ҳуқуқларини ишончли ва самарали ҳимоя қилишга жон-жаҳди билан ҳаракат қилувчи етук юристларни тайёрлаш давлат сиёсатининг устувор мақсадларидан бирига айланмоқда. Шу мақсад йўлида адвокатура институтини ривожлантиришга эътибор қаратилиши фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликлари асоссиз чекланишини бартараф этишга хизмат қилади.

 

Алишер Бахромов,

Фуқаролик ишлари бўйича Навбаҳор туманлараро суди судьяси 

By admin

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan