Pay. Apr 2nd, 2026

Бугунги кунда йўл ҳаракати хавфсизлиги масаласи нафақат Ўзбекистон Республикасида, балки бутун дунё миқёсида долзарб муаммолардан бири ҳисобланади. Ҳар йили йўл-транспорт ҳодисалари натижасида минглаб инсонлар жароҳат олади ёки ҳаётдан кўз юмади. Ушбу ҳодисаларнинг муҳим қисми транспорт воситасини маст ҳолда бошқариш билан боғлиқ.

Ҳайдовчининг алкогол ёки гиёҳванд моддалар таъсирида бўлиши унинг реактсия тезлигини пасайтиради, вазиятни тўғри баҳолаш қобилиятини камайтиради ҳамда йўл ҳаракати қоидаларига риоя қилишни қийинлаштиради. Натижада йўл-транспорт ҳодисалари содир бўлиш хавфи кескин ортади.

Шу сабабли Ўзбекистон Республикаси қонунчилигида маст ҳолатда транспорт воситасини бошқариш қатъиян тақиқланган ва бундай ҳаракатлар учун маъмурий жавобгарлик белгиланган. Мазкур жавобгарлик Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 131-моддасида мустаҳкамланган.

Мазкур модданинг асосий мақсади жамият хавфсизлигини таъминлаш, йўл-транспорт ҳодисаларининг олдини олиш ҳамда ҳайдовчиларни масъулиятли ҳаракат қилишга ундашдан иборат.

2. МЖТК 131-моддасининг таркиби ва қисмлари

Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 131-моддаси транспорт воситасини маст ҳолда бошқариш билан боғлиқ ҳуқуқбузарликларни тартибга солади. Ушбу модда бир нечта қисмлардан иборат бўлиб, ҳар бир қисм алоҳида турдаги ҳуқуқбузарликни қамраб олади.

Биринчи қисм: Ҳайдовчиларнинг алкоголли ичимлик, гиёҳвандлик воситалари ёки психотроп моддалар таъсири остида транспорт воситасини бошқариши.

Иккинчи қисм: Транспорт воситасини бошқариш ҳуқуқига эга бўлмаган шахс томонидан маст ҳолда транспорт воситасини бошқариш ҳолатлари.

Учинчи қисм: Транспорт воситасини маст ҳолатда бўлган шахсга бошқариш учун топшириш.

2021-йилда ушбу модда бўйича қонунчиликка муҳим ўзгартиришлар киритилиб, жавобгарлик чораларининг кучайтирилиши йўл ҳаракати хавфсизлигини таъминлашга қаратилган муҳим қадам бўлди.

3. Мастлик ҳолатини аниқлаш тартиби

Ҳайдовчининг мастлик ҳолати махсус тартиб асосида аниқланади. Бу тартиб қонун ҳужжатларида аниқ белгиланган бўлиб, текширувнинг шаффоф ва адолатли ўтказилишини таъминлайди.

Босқич

Жараён

1-босқич

Алкотестер ёрдамида текшириш

Жойнинг ўзида, камида икки холис иштирокида ёки видео ёзув билан

2-босқич

Тиббий экспертиза

Ҳайдовчи алкотестер натижасига рози бўлмаса, тиббий муассасага юборилади

3-босқич

Баённома тузиш

Натижа ижобий бўлса (0.135 мг/л дан юқори), маъмурий баённома расмийлаштирилади

4. Жазо чоралари ва уларнинг ҳуқуқий аҳамияти

Транспорт воситаларини бошқариш ҳуқуқидан уч йил муддатга маҳрум қилиб, базавий ҳисоблаш миқдорининг қирқ баравари миқдорида жарима солишга сабаб бўлади.

Худди шундай ҳуқуқбузарлик транспорт воситаларини бошқариш ҳуқуқи бўлмаган шахс томонидан содир этилган бўлса, базавий ҳисоблаш миқдорининг эллик баравари миқдорида жарима солишга ёки ўн беш сутка муддатга маъмурий қамоққа олишга сабаб бўлади.

Мазкур жазо чораларининг асосий мақсади йўл ҳаракати хавфсизлигини таъминлаш ва маст ҳолда транспорт воситасини бошқариш ҳолатларининг олдини олишдир.

5. Суд амалиёти ва ҳуқуқий таҳлил

Суд амалиётида қуйидаги жиҳатларга эътибор берилади:

1. Холислар иштироки: Баённома тузишда холисларнинг бўлиши мажбурий ёки видеотасвир олиниши шарт.

2. Енгиллаштирувчи ҳолатлар: Жаримани 50% чегирма билан тўлаш тизими ишламайди.

3. Такрорийлик: Агар ҳайдовчи бир йил ичида ҳуқуқбузарликни такрорласа, Жиноят кодексининг 131-прим моддаси бўйича жиноий жавобгарлик мумкин.

Маст ҳолда транспорт бошқариш нафақат қонунбузарлик, балки инсон ҳаёти ва соғлиғига жиддий хавф туғдиради.

МЖТК 131-моддаси йўл ҳаракати хавфсизлигини таъминлашда муҳим ҳуқуқий восита ҳисобланади.

Мазкур модданинг самарали қўлланилиши йўл-транспорт ҳодисаларининг камайишига, фуқаролар хавфсизлигининг ошишига ва ҳайдовчиларнинг масъулиятини кучайишига хизмат қилади. Келажакда профилактик тадбирлар ва ҳуқуқий маданиятни ошириш орқали “нол ўлим” кўрсаткичига эришиш мумкин.

 

Комил Пирматов,

Жиноят ишлари бўйича Учқудуқ туман суди раиси

 

Шерали Хомидов,

Жиноят ишлари бўйича Учқудуқ туман суди тергов судьяси

By admin

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan