Жиноят ишлари бўйича Навоий шаҳар судининг сайёр суд мажлиси “Ишонч” маҳалласи биносида ўтказилди. Унда “New ground techique” МЧЖ раҳбари Сардор Бўриевга ( исм-шарифлар ўзгартирилган) тегишли жиноят иши кўриб чиқилди.
Судга тақдим этилган ҳужжатларга кўра, 2000-йилда туғилган, муқаддам судланмаган, олий маълумотли йигит С. Бўриев мазкур корхонага 2021-йил 15-июлдан буён раҳбарлик қилиб келган.
Корхона фаолияти асосан металл маҳсулотларига ишлов бериш билан шуғулланган. Раҳбар сифатида солиқларни тўғри ҳисоблаш ва ўз вақтида давлат бюджетига ўтказиш мажбуриятига эга эканини яхши биларди. Бироқ судда аниқланишича, у 2022–2024-йиллар давомида солиқ ҳисоботларида маҳсулот (товар, иш ва хизмат) реализациясидан тушган тушумларни камайтириб кўрсатган. Хусусан, 2022-йил июль–декабрь ойларида реал соф тушум 3 миллиард 919 миллион сўмдан ортиқ бўлган бўлса-да, ҳисоботларда эса 501 миллион сўм деб кўрсатилган.
Демак, 50 миллион сўмдан зиёд фойда солиғи тўланмаган;
394 миллион сўмдан ортиқ қўшилган қиймат солиғи (ҚҚС) камайтириб кўрсатилган;
2022–2024–йилларда умумий ҳисобда бюджетга 450 миллион 916 минг сўм миқдорида солиқ ва бошқа мажбурий тўловлар тўланмаган.
Шунингдек, текширув давомида айрим товарлар электрон ҳисобварақ-фактураларсиз реализация қилингани, омборда мавжуд бўлмаган маҳсулотлар ҳисоботларда акс эттирилгани ҳам аниқланган.
Навоий вилоят солиқ бошқармаси томонидан ўтказилган сайёр солиқ текшируви ва солиқ аудити натижаларига кўра, жамият фаолиятида жиддий қонунбузилишлар аниқланган. Солиқ органлари хулосалари асосида жиноят иши қўзғатилган.
Суд муҳокамасида С. Бўриев айбига тўлиқ иқрор бўлиб, қилган ишидан пушаймон эканини билдирди. Унинг таъкидлашича, солиқ соҳасини етарли тушунмагани ва молиявий қийинчиликлар сабабли қарздорлик вужудга келган.
Жиноят иши давомида давлатга етказилган 450 миллион 916 минг сўм зарар тўлиқ қопланди. Қонунга кўра, агар шахс солиқ органи қарори ёки жиноят ҳақидаги хабарни олган кундан эътиборан 30 кун ичида етказилган зарарни тўлиқ қопласа, жавобгарликдан озод қилиниши мумкин. Бироқ мазкур ҳолатда зарар белгиланган муддатдан кеч қоплангани сабабли, суд айбланувчини жавобгарликдан озод этиш учун асос йўқ деб ҳисоблади.
Шу билан бирга, суд айбдорнинг биринчи марта жиноят содир этгани, айбига тўлиқ иқрорлиги, етказилган зарар тўлиқ қоплангани, қилмишидан чин кўнгилдан пушаймонлиги каби ҳолатларни жазони енгиллаштирувчи омил сифатида инобатга олди.
Суд ҳукмига кўра, унга Жиноят кодексининг 57-моддаси қўлланилиб, базавий ҳисоблаш миқдорининг 150 баравари миқдорида яъни, 61 миллион 800 минг сўм жарима жазоси тайинланди.
Жаҳонгир Каримов,
Навоий вилоят суди судьяси
Дилобар Пардаева,
Жиноят ишлари бўйича Навоий шаҳар судининг судьяси