Pay. Apr 2nd, 2026

Мазкур мақолада Ўзбекистон Республикаси ҳудудида совуқ қурол ва совуқ қурол сифатида фойдаланилиши мумкин бўлган ашёларни олиб юришнинг ҳуқуқий асослари, уларнинг таснифи ҳамда қонунбузарлик ҳолатлари учун белгиланган жавобгарлик чоралари таҳлил қилинади. Мақолада “қурол” ва “хўжалик-маиший ашё” ўртасидаги фарқлар, жамоат жойларида ашёларни олиб юриш чекловлари ва ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар томонидан қўлланиладиган санксиялар батафсил ёритилган.

Совуқ қурол, тиғли қурол, маиший ашё, пичоқ, жамоат жойи, маъмурий жавобгарлик, мусодара, “Қурол тўғрисида”ги Қонун.

Жамиятда жамоат хавфсизлигини таъминлаш давлатнинг муҳим вазифаларидан бири ҳисобланади. Фуқароларнинг ҳаёти ва соғлиғини ҳимоя қилиш, жамоат тартибини сақлаш мақсадида қурол муомаласи қатъий назорат остида бўлади. Айниқса, совуқ қуролларни ноқонуний олиб юриш ёки уларни ноқонуний сақлаш жамоат хавфсизлигига таҳдид солувчи омиллардан бири сифатида қаралади.

Совуқ қуроллар инсон танасига механик зарба бериш орқали зарар етказиш учун мўлжалланган қуроллар бўлиб, улар турли хил шакл ва кўринишларда бўлиши мумкин. Амалиётда пичоқ, ханжар, қилич, кастет каби предметлар совуқ қурол сифатида эътироф этилади. Шу билан бирга, айрим буюмлар аслида маиший мақсадларда ишлатилса ҳам, улар жиноят содир этишда совуқ қурол сифатида қўлланилиши мумкин.

Ўзбекистон Республикасининг “Қурол тўғрисида”ги Қонунига биноан, совуқ қурол — инсоннинг мушак кучи ёрдамида нишон билан бевосита тўқнашганда унга шикаст етказиш учун мўлжалланган қуролдир.

Агар бундай буюмлар жиноят содир этишда ишлатилса, улар ҳуқуқий жиҳатдан қурол сифатида баҳоланади.

Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексига кўра совуқ қуролларни ёки совуқ қурол сифатида фойдаланилиши мумкин бўлган ашёларни жамоат жойларида олиб юриш маъмурий ҳуқуқбузарлик ҳисобланади.

Мазкур норма жамоат жойларида хавфсизликни таъминлаш, турли низолар вақтида қурол ишлатилишининг олдини олиш мақсадида жорий этилган.

Совуқ қуролни олиб юриш жамоат хавфсизлигига жиддий хавф туғдиради. Чунки бундай қуроллар турли низолар вақтида ишлатилиши мумкин. Натижада инсон ҳаёти ва соғлиғига зарар етиши эҳтимоли ортади.

Ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар амалиётида кўплаб жиноятлар айнан совуқ қурол ёрдамида содир этилганлиги кузатилади. Айниқса, ёшлар ўртасида безорилик, жанжал ёки низолар вақтида совуқ қурол ишлатилиши ҳоллари учраб туради.

Шу сабабли давлат томонидан қурол муомаласи устидан қатъий назорат ўрнатилган.

Шунингдек, айрим шахслар ўз хавфсизлигини таъминлаш мақсадида совуқ қурол олиб юришни одатий ҳол деб ҳисоблайди. Аммо бу амалда жамоат хавфсизлиги учун хавф туғдириши мумкин.

Ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар томонидан профилактика ишлари мунтазам олиб борилиши ушбу ҳуқуқбузарликларнинг камайишига хизмат қилади.

Хулоса қилиб айтганда, совуқ қуролни ёки совуқ қурол сифатида фойдаланилиши мумкин бўлган ашёларни олиб юриш жамоат хавфсизлиги ва фуқаролар ҳаёти учун муайян хавф туғдиради. Шу сабабли бундай ҳаракатлар учун маъмурий жавобгарлик белгиланган.

Агар совуқ қурол бошқа жиноятларни содир этишда ишлатилса, жиноятнинг ижтимоий хавфлилиги ошади ва Жиноят кодекси асосида оғирроқ жазо чораси қўлланилади. Шунинг учун жамиятда ҳуқуқий маданиятни ошириш, профилактика чораларини кучайтириш ҳамда фуқароларнинг қонунларга ҳурмат билан қарашини шакллантириш муҳим аҳамият касб этади.

 

Комил Пирматов,

Жиноят ишлари бўйича Учқудуқ туман суди раиси

 

Шерали Хомидов,

Жиноят ишлари бўйича Учқудуқ туман суди тергов судьяси

By admin

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan