Мазкур мақолада
фойдали қазилмаларни, хусусан, қимматбаҳо металларни олтин изловчилар усулида рухсатномасиз
қазиб олиш, ушбу фаолиятнинг тартибга солиниши ва қонунбузарлик учун белгиланган
жавобгарлик чоралари ёритилган.
Ер қаъри, фойдали
қазилмалар, олтин изловчилар усули, рухсатнома, жиноий жавобгарлик, қимматбаҳо металлар.
Ўзбекистон Республикасининг
“Ер қаъри тўғрисида”ги Қонунига биноан, ер қаъри умуммиллий бойлик бўлиб, давлат
томонидан муҳофаза қилинади. Фойдали қазилмаларни “олтин изловчилар усулида” қазиб
олиш — бу саноат усулида қазиб олиш иқтисодий жиҳатдан самарасиз
бўлган, кичик ҳажмдаги (сочма) конларда жисмоний ва юридик шахслар томонидан қимматбаҳо
металларни қазиб олиш фаолиятидир. Бироқ, ушбу фаолиятнинг рухсатномасиз амалга
оширилиши ер қаърининг талон-тарож қилиниши, табиатга тузатиб бўлмас зарар етказилиши
ва давлат иқтисодий манфаатларига зарба сифатида баҳоланади.
Ушбу фаолият тури билан шуғулланиш учун тадбиркорлик субектлари
Кончилик саноати ва геология вазирлиги томонидан бериладиган махсус рухсатномага
эга бўлишлари шарт.
Ўзбекистон Республикаси ўзининг минерал-хомашё ресурслари,
айниқса олтин ва бошқа қимматбаҳо металлар захиралари бўйича дунёда етакчи ўринлардан
бирини эгаллайди. Сўнгги йилларда ушбу соҳада хусусий сектор иштирокини кенгайтириш
мақсадида “олтин изловчилар усулида қазиб олиш” тушунчаси қонунчиликка киритилди
ва тартибга солинди.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Қимматбаҳо металларни олтин изловчилар усулида қазиб
олиш фаолиятини амалга ошириш учун шарт-шароитлар яратиш чора-тадбирлари тўғрисида” қарорига мувофиқ, олтин изловчилар усулида қазиб олиш фаолияти фақатгина
“Е-ауксион” электрон
савдо платформаси орқали сотиб олинган рухсатнома асосида амалга оширилади. Ушбу
рухсатномага 3 йил муддат амал қилади, бунда битта талабгорга рухсатнома асосида
берилган ер қаʼри участкаларининг умумий майдони йил давомида 20 гектардан ошмаслиги
лозим. Олтин изловчилар усулида қазиб олинган қимматбаҳо металларни
реализатсия қилиш аффинаж фаолиятини амалга ошириш ҳуқуқини берувчи лицензияга эга
юридик шахсларга, шу жумладан “Олмалиқ кон-металлургия комбинати” ва “Навоий кон-металлургия
комбинати” акциядорлик жамиятларига, шунингдек, қимматбаҳо металлар ва қимматбаҳо
тошлардан заргарлик ва бошқа буюмлар ишлаб чиқариш фаолиятини амалга ошириш ҳуқуқига
эга юридик шахсларга ва якка тартибдаги тадбиркорларга келишилган нархларда амалга
оширилади.
Фойдали қазилмаларни
рухсатномасиз қазиб олиш қонунда белгиланган тартибда жавобгарликка тортишга асос
ҳисобланади. Агар рухсатномасиз қазиб олиш фаолияти натижасида етказилган зарар
миқдори “кўп” ёки “жуда кўп” миқдорни ташкил этса, оғирроқ жиноий жавобгарлик белгиланади.
Фойдали қазилмаларни олтин изловчилар усулида рухсатномасиз қазиб олиш Ўзбекистон
Республикаси Жиноят Кодексининг 1962-моддаси билан тартибга солинади.
Ушбу моддага кўра, фойдали қазилмалар олтин изловчилар усулида рухсатномасиз қазиб
олинса, базавий ҳисоблаш миқдорининг юз бараваридан уч юз бараваригача миқдорда
жарима ёки уч юз олтмиш соатгача мажбурий жамоат ишлари ёхуд уч йилгача ахлоқ тузатиш
ишлари ёки бир йилдан уч йилгача озодликни чеклаш ёки уч йилгача озодликдан маҳрум
қилиш билан жазоланади. Ушбу ҳаракатлар натижасида кўп миқдорда зарар етказилса,
бир гуруҳ шахслар томонидан олдиндан тил бириктириб содир этилса, базавий ҳисоблаш
миқдорининг уч юз бараваридан беш юз бараваригача миқдорда жарима ёки уч йилдан
беш йилгача озодликни чеклаш ёхуд уч йилдан беш йилгача озодликдан маҳрум қилиш
ҳамда жиноят оқибатида жуда кўп миқдорда зарар етказилса, уюшган гуруҳ томонидан
ёки унинг манфаатларини кўзлаб содир этилган бўлса, беш йилдан саккиз йилгача озодликдан
маҳрум қилиш билан жазоланади.
Хулоса қилиб
айтганда, фойдали қазилмаларни олтин изловчилар усулида қазиб олиш — бу иқтисодий
имконият, бироқ у қатъий қонуний доирада бўлиши шарт. Рухсатномасиз фаолият юритиш
нафақат молиявий жарималарга, балки техникаларнинг мусодара қилиниши ва жиноий жавобгарликка
олиб келадиган оғир ҳуқуқбузарликдир. Ер қаъри бойликлари келажак авлод мулки эканлигини
англаш, ҳар бир фуқаронинг бурчидир.
Комил
Пирматов,
Жиноят ишлари бўйича
Учқудуқ туман суди раиси
Шерали
Хомидов,
Жиноят ишлари бўйича Учқудуқ туман суди тергов
судьяси