Pay. Apr 2nd, 2026

Мамлакатимизда аёллар ва болалар ҳуқуқларини ҳимоя қилишга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Жумладан, 2026 йил 3 мартда қабул қилинган Президент фармонида аёллар ва болаларни зўравонликдан ҳимоя қилиш, уларга ҳуқуқий ва психологик ёрдам кўрсатиш, шунингдек зўравонликнинг олдини олиш бўйича аниқ чора-тадбирлар белгилаб берилди.

Мазкур фармон жамиятда адолат ва инсон ҳуқуқларини таъминлашда муҳим аҳамият касб этади. Чунки, аёллар ва болаларга нисбатан зўравонлик-жамиятнинг энг оғриқли муаммоларидан бири ҳисобланади. Бу ҳолат нафақат жабрланган инсоннинг ҳаётига, балки бутун жамиятнинг барқарорлиги ва ривожига салбий таъсир кўрсатади. Шу боис, мазкур муаммога қарши курашиш ҳар бир фуқаронинг бурчи бўлиб қолмоқда.

Зўравонлик турлари турлича бўлиши мумкин: жисмоний, руҳий, иқтисодий ва жинсий зўравонлик. Аксарият ҳолларда жабрланганлар ўз ҳақ-хуқуқларини билмаслиги ёки қўрқув сабабли бу ҳақда очиқ гапиролмайди. Айниқса, болалар ва аёллар ҳимояга муҳтож қатлам ҳисобланади.

Аёллар ва болаларга нисбатан зўравонликнинг олдини олиш учун қуйидаги чоралар муҳим ахамиятга эга: -ҳуқуқий онгни ошириш, таълим муассасаларида тарбиявий ишларни олиб бориш, оилада соғлом муҳит яратиш, зўравонлик ҳолатлари ҳақида тезкор хабар бериш тизимини кучайтириш.

Шунингдек, давлат ва жамоат ташкилотлари томонидан махсус қонунлар қабул қилиниши, ҳимоя марказлари ташкил этилиши ва ишонч телефонлари ишга туширилиши муҳим аҳамиятга эга.

Ҳар бир инсон зўравонликка қарши мурасасиз бўлишимиз керак. Агар биз биргаликда ҳаракат қилсак, аёллар ва болалар учун хавфсиз ва соғлом жамият яратиш имкониятига эга бўламиз.

 Бунда, зўравонлик сабаблари ҳам чуқур таҳлил қилиниши лозим. Кўп ҳолларда бу муаммо ижтимоий-иқтисодий қийинчиликлар, ишсизлик, оилавий келишмовчилик ва тарбиядаги камчиликлар натижасида келиб чиқади. Шунинг учун фақат оқибатлар билан эмас, балки сабаблар билан ҳам курашиш муҳимдир.

Яна бир муҳим жиҳат-жабрланганларга психологик ёрдам кўрсатишдир. чунки зўравонлик нафақат жисмоний, балки руҳий жароҳат ҳам қолдиради. Шу сабабли махсус психологик марказлар ва маслаҳат хизматлари фаолиятини ривожлантириш зарур.

Аёллар ва болаларга нисбатан зўравонлик ҳолатларининг олдини олишда жавобгарлик ва жазо чораларини кучайтириш муҳим ҳуқуқий воситалардан бири ҳисобланади. Амалдаги қонунчиликда бундан ҳуқуқбузарлик учун жавобгарлик белгиланган бўлса-да, уларнинг ижтимоий хавфлилик даражасини инобатга олган ҳолда жазо сиёсатини янада такомиллаштириш зарурати мавжуд.

Жазони кучайтиришдан асосий мақсад фақатгина жазолаш эмас, балки профилактик функцияни кучайтириш, яъни потенциал ҳуқуқбузарларнинг ҳуқуқбузарлик содир этишдан қайтариш ҳисобланади. Шу жихатдан бундай ҳаракатларга нисбатан муқаррар жавобгарлик тамойилини таъминлаш муҳим.

Бундан ташқари, зўравонлик ҳолатларини яширмаслик, уларни тезкор аниқлаш ва ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар томонидан ўз вақтида чора кўрилишини таъминлаш ҳам жазо сиёсатининг самарадорлигини оширади.

Зўравонликка қарши курашиш комплекс ёндашувни талаб қилади. Фақат бир томонлама эмас, балки барча соҳалар-оила, таълим, ҳуқуқ ва жамият ҳамкорлигида бу муаммони ҳал қилиш мумкин.

Хулоса қилиб айтганда, зўравонликка қарши курашиш-фақат давлатнинг эмас, балки ҳар биримизнинг масъулиятимиздир. Бу жараёнда давлат органлари, таълим муассасалари, жамоат ташкилотлари ва ҳар бир фуқаро фаол иштирок этиши лозим. Зеро, аёллар ва болаларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш-бу келажакни ҳимоя қилиш демакдир.

 

Анвар Шукуров,

Навоий вилоят суди судьяси

Акрам Ҳамраев,

Фуқаролик ишлари бўйича Хатирчи туман суди раиси 

By admin

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan