Skip to content
Shan. Apr 19th, 2025

Навбаҳор тумани мактабгача ва мактаб таълим бўлими ҳамда Навбаҳор туманлараро иқтисодий суди, фуқаролик ишлари бўйича Навбаҳор туманлараро суди, жиноят ишлари бўйича Навбаҳор туман судлари ўртасида 2024 йил 17 декабрь куни ҳамкорлик меморандуми имзоланган. Ушбу меморандумга биноан, Навбаҳор туманида жойлашган 37 та мактабларда суд раислари режа-график асосида семинар машғулоти ўтказилишига келишилган.

Ушбу меморандум юзасидан Навбаҳор туманлараро иқтисодий суди биносида жорий йилнинг 22 январь куни Навбаҳор туманлараро иқтисодий суди раиси Б.Джумаев томонидан “Суд-ҳуқуқ соҳасидаги ислоҳотлар” мавзусида Навбаҳор тумани 2-мактаб ўқувчи ҳамда ўқитувчилари иштирокида семинар машғулоти ташкиллаштирилди.

Семинар машғулоти давомида суд раиси томониндан янги таҳрирдаги Ўзбекистон Республикаси Конституцияси мазмун-моҳияти, судҳуқуқ соҳасида қонунчиликка киритилган ўзгартириш ва қўшимчалар, уларнинг мазмун моҳияти ва аҳамияти, суд тизими, судя, суд ходимлари ҳамда халқ маслаҳатчиларининг мақоми, суд мажлисини ўтказиш тартиби тўғрисида тушунтиришлар берилди.

Ўзбекистон Республикаси “Судлар тўғрисида”ги қонун 4-моддасига мувофиқ, суднинг асосий вазифалари фуқароларнинг Ўзбекистон Республикаси Конституцияси ва бошқа қонунлари, халқаро шартномаларида, шунингдек инсон ҳуқуқлари тўғрисидаги халқаро ҳужжатларда кафолатланган ҳуқуқлари ҳамда эркинликларини, давлат ва жамоат манфаатларини, юридик шахслар ҳамда якка тартибдаги тадбиркорларнинг ҳуқуқлари ва қонун билан қўриқланадиган манфаатларини ҳимоя қилишдан иборат.

Суд раиси суд соҳасида амалга оширилган ислоҳотлар тўғрисида сўз юритар экан, Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Суд ҳокимияти органлари фаолиятини рақамлаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги 4818-сонли қарорига асосан, судларга масофадан туриб мурожаат қилиш, суд мажлисларида видеоконферецалоқа тизимидан фойдаланиб иштирок этиш, судьялар ўртасида ишларни автоматик тарзда тақсимлаш, суд қарорларини интернет тармоғида эълон қилиш, ижро ҳужжатларини электрон шаклда мажбурий ижрога юбориш тизимлари жорий этилганлиги, судлар томонидан давлат органлари ва ташкилотларига тақдим этиладиган маълумотларни электрон шаклда юбориш, муайян ишни кўриш жараёнида зарур бўлган маълумотлар ва ҳужжатларни фуқароларни овора қилмаган ҳолда судлар томонидан бевосита давлат органлари ва ташкилотларидан электрон шаклда олиш, судлар томонидан жарималарни камайтириш ёки уларни қўлламаслик масалаларини кўриб чиқишда “Ижтимоий ҳимоя ягона реестри” ва бошқа ахборот тизимларининг интегратсияси орқали фуқаронинг мулкий ҳолати ва ижтимоий аҳволи ҳақидаги ишончли маълумотлар билан танишиш, судлар томонидан алимент миқдорини белгилашда туманлар кесимида ўртача ойлик иш ҳақлари тўғрисида маълумотларни ахборот тизими орқали электрон шаклда олиш каби имкониятлар яратилганлиги тўғрисида ёшларга маълумот берилди.

Ўзбекистон Республикаси Конституцияси 137-моддасига мувофиқ, ҳамма судларда ишлар очиқ кўрилади. Ишларни ёпиқ мажлисда тинглашга қонунда белгиланган ҳоллардагина йўл қўйилади.

Семинар давомида мактаб ўқувчилари очиқ суд мажлисида эркин тингловчи сифатида иштирок этиб, суд мажлисини олиб бориш тартиби билан ҳам яқиндан танишдилар.

Хусусан, судялар мажлис залига кириб келганида ва ундан чиқиб кетаётганида залда ҳозир бўлганларнинг барчаси ўринларидан туриши лозимлиги, суд жараёни иштирокчилари судга “Ҳурматли суд!” деган сўзлар билан мурожаат қилишлари, улар судга ўз тушунтиришлари ва кўрсатувларини, саволларга жавобларини тик туриб беришлари, бу қоидадан четга чиқишга фақат раислик қилувчининг рухсати билан йўл қўйилиши мумкинлиги ҳақида тушунтириш бериб ўтилди.

Суд раиси томонидан ишда иштирок этувчи шахслар иш материаллари билан танишиш, улардан кўчирмалар олиш, кўчирма нусха олиш, рад қилиш тўғрисида ариза бериш, далиллар тақдим этиш, далилларни текширишда иштирок этиш, саволлар бериш, илтимосномалар киритиш, арз қилиш, судга оғзаки ва ёзма тушунтиришлар бериш, ишни кўриш давомида юзага келадиган барча масалалар бўйича ўз важларини, хулосаларини тақдим қилиш, ишда иштирок этувчи бошқа шахсларнинг илтимосномалари, важларига эътироз билдириш, суд ҳужжатлари устидан шикоят қилиш (протест келтириш) ҳамда бошқа процессуал ҳуқуқлардан фойдаланиш ҳуқуқига эга эканлиги ҳақида ҳуқуқий тушунтириш берилди.

Айни жиҳатдан, юзма-юз мулоқотда ўқувчи ҳамда ўқитувчилар қонунчилик ислоҳотлари, суд тизимидаги ўзларини қизиқтирган саволлар билан мурожаат қилдилар. Саволларга ҳаётий мисоллар, амалиётда учрайдиган воқеа-ходисалар билан жавоб қайтарилгани семинар иштирокчиларини суд тизимига, судяликка бўлган қизиқишини янада оширди.

Ёшлар – эртанги кунимизнинг, Янги Ўзбекистоннинг эгаларидир. Шу жиҳатдан, уларни бугунги ислоҳотларга, юрт келажагига дахлдор этиб тарбиялаш, юксак марралар сари руҳлантириш – Ватан тараққиётига хизмат қилади. “Судя ва ёшлар” учрашуви ҳам айни жиҳатдан муҳим аҳамият касб этди.

 

 

Джумаев Бекзод,

                                              Навбаҳор туманлараро иқтисодий судининг раиси 

By admin

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan