Ҳар бир мамлакат тараққиёти ва келажаги юксак интеллектуал салоҳиятли,
замонавий билимларни пухта эгаллаган, чуқур касбий малака ва маҳоратга эга
бўлган мутахассисга боғлиқдир.
Мамлакатимиз мустақилликка эришганидан сўнг амалга оширилаётган ҳуқуқий
ислоҳотлар натижасида халқимизнинг бозор иқтисодиёти шароитларига мос келувчи
янгича ҳуқуқий қарашлари юзага кела бошлади. Бу қадриятлар кейинги йилларда
қабул қилинаётган қонунларда янгича тамойиллар шаклида ўз ифодасини топмоқда. Кейинги йилларда мамлакатимизда фуқароларнинг меҳнат
ҳуқуқлари кафолатларини таъминлаш ва халқаро стандартларни миллий қонунчиликка
жорий этиш бўйича тизимли ишлар амалга оширилмоқда.
Шу билан бирга давлат хизматларини кўрсатиш тизимини ривожлантириш ҳамда
рақамлаштириш орқали фуқароларга қўшимча қулайликлар яратилаётганлиги ва
маъмурий ислоҳотлар доирасида республика ижро этувчи ҳокимият органлари қайта
ташкил этилганлиги муносабати билан қонунчилик ҳужжатларини янада
такомиллаштириш зарурияти юзага келмоқда.
2025 йилнинг 13 февраль куни “Ўзбекистон
Республикасининг Меҳнат кодексига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида” ЎРҚ-1030-сонли Ўзбекистон Республикасининг Қонуни
қабул қилинди.
Ушбу Қонун билан Ўзбекистон Республикасининг Меҳнат кодексига “Ягона миллий меҳнат тизими”
идоралараро дастурий-аппарат мажмуида электрон шаклдаги меҳнат шартномасини
расмийлаштириш тартибини жорий этишни, иш
ҳақи сақланмайдиган таътил давомийлигини белгилаш тартибини ва ходимнинг ўртача
иш ҳақини ҳисоблаш тартибини ўзгартиришни назарда тутувчи қўшимча ва
ўзгартиришлар киритилмоқда.
“Таълим тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонунига мувофиқ ходимлар кечки ёки сиртқи таълим шаклида ўқиши мумкин
бўлган таълим ташкилотларининг турларини аниқлаштирувчи ўзгартиришлар
киритилмоқда. Шунингдек ҳомиладорлиги ёки фарзанди борлиги сабабли ходимни
ишдан бўшатишга тақиқ жорий этилмоқда.
Шунингдек ушбу Қонун билан киритилаётган ўзгартиришларга мувофиқ давлат
органлари ва ташкилотлари ишга қабул қилиш чоғида ишга кираётган шахснинг
паспортига ёки идентификацияловчи ID-картасига, меҳнат дафтарчасига оид
маълумотларни мустақил равишда, шу жумладан ахборот тизимларидаги идоралараро
интеграциялашув платформалари орқали сўраб олади.
Ушбу Қонун фуқароларнинг меҳнат ҳуқуқлари кафолатлари таъминланишига,
меҳнат соҳасидаги муносабатларнинг электрон тизимга ўтишини таъминлашга,
шунингдек давлат органлари ва ташкилотларига ишга кираётган фуқаролардан
ортиқча ҳужжатларни талаб қилиш ҳолларини бартараф этишга хизмат қилади.
Анвар Жумаев,
Фуқаролик
ишлари бўйича Учқудуқ туман суди раиси