Pay. Apr 2nd, 2026

Мазкур мақолада фирибгарлик жиноятининг ҳуқуқий моҳияти, унинг таркибий элементлари ҳамда айрим махсус турларини квалификация қилиш хусусиятлари ягона тизимли ёндашув асосида таҳлил қилинади.

Фирибгарлик, жиноятчилик, фирибгарлик турларининг квалификацияси.

Фирибгарлик жинояти мулкка қарши қаратилган жиноятлар тизимида муҳим ўрин эгаллайди. Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексида фирибгарлик – бу ўзганинг мулкини ёки мулкка бўлган ҳуқуқини алдаш ёки ишончни суиистеъмол қилиш йўли билан қўлга киритиш сифатида белгиланган. Ушбу жиноятнинг ижтимоий хавфлилиги шундаки, у нафақат мулкий муносабатларга, балки фуқароларнинг ишончига, иқтисодий барқарорликка ва фуқаролик муомаласининг хавфсизлигига ҳам зарар етказади.

Амалиётда фирибгарликнинг турли кўринишлари учрайди ва уларни тўғри квалификатсия қилиш тергов ва суд органлари учун долзарб масаладир. Айниқса, махсус турларини аниқлашда жиноят таркибининг аниқ белгиларини белгилаш муҳим аҳамият касб этади.

Фирибгарликни тўғри квалификатсия қилиш учун, аввало, жиноят таркибининг барча элементлари аниқланиши лозим. Унинг обекти – мулкий муносабатлар бўлиб, қўшимча обект сифатида ишонч тамойили ҳам намоён бўлади. Обектив томони алдаш ёки ишончни суиистеъмол қилиш орқали мулкни эгаллашда ифодаланади. Алдаш ёлғон маълумот бериш, сохта ҳужжатлар тақдим этиш ёки ҳақиқатни яшириш кўринишида бўлиши мумкин. Ишончни суиистеъмол қилиш эса олдиндан мавжуд бўлган ишончли муносабатлардан ғаразли мақсадда фойдаланишни англатади. Субектив томондан фирибгарлик фақат тўғридан-тўғри қасд билан содир этилади, яъни шахс бошиданоқ мулкни ноқонуний эгаллашни мақсад қилади. Айнан дастлабки ғаразли ниятнинг мавжудлиги квалификатсияда асосий мезон ҳисобланади.

Шуни таъкидлаш керакки, жабрланувчи билан бевосита алоқада бўлмаган ва масофадан туриб содир этилган узоқ ва изоляция қилинган жиноий ҳаракатларга хос бўлган фирибгарликнинг махсус турларини квалификатсия қилиш масаласи ҳозирда муҳокама қилинмоқда.

Мисол тариқасида Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 168-моддасида белгиланганидек, компютер фирибгарлигини олайлик. Ушбу турдаги фирибгарлик, турли ҳолатларга қараб, тайёргарлик ва жиноятга уриниш элементларини ўз ичига олиши мумкин. Тайёргарлик асосан жиноят содир этиш учун шароит яратиш билан тавсифланса-да, фирибгарликка уриниш жиноятнинг обектив босқичини бошлаш билан бог’лиқ фаол ҳаракатларни ўз ичига олиши керак. Яъни, агар жиноятчи шахсий ма’лумотларни ноқонуний тўплаш учун сохта веб-сайт ва бошқа дастурларни яратган бўлса, лекин уни ҳали интернетда ёки бошқа жойда жойлаштирмаган бўлса, унда жиноятга тайёргарлик кўриш аниқ. Агар онлайн тузоқ аллақачон жойлаштирилган ва оммага тақдим этилган бўлса, унда жиноятга уриниш содир бўлган. Ўзбекистон Республикаси Олий суди Пленумининг 2023-йил 23-июндаги 17-сонли «Фирибгарликка оид ишлар бўйича суд амалиёти тўғрисида»ги қарорининг 22-бандда қуйидаги ҳолатлар кўрсатилган: «Ахборот тизимидан, шу жумладан ахборот технологияларидан фойдаланиб фирибгарлик содир этиш (ЖК 168-моддаси учинчи қисми “г” банди) деганда, молия, банк муассасалари, фондлар ва ш.к. ларда боʻлган мулкни алдов йўли билан компютер техникаси воситалари, алоқа воситаси, планшет ёки бошқа шу каби техник қурилмалар ёрдамида манипулатсия қилиш орқали амалга ошириладиган талон-торож тушунилади. Бундай фирибгарлик компютер тизимида ишлов бериладиган, тегишли ахборот ташувчиларда сақланадиган ёки маълумотларни узатиш тармоқлари бўйича бериладиган ахборотни ўзгартириш йўли билан ҳам, компютер тизимига ёлғон ахборот киритиш ёғли билан ҳам содир этилиши мумкин. Ахборот тизимидан, шу жумладан ахборот технологияларидан фойдаланиб содир этилган фирибгарлик жиноятини қонунга хилоф равишда (рухсатсиз) ахборот тизимига кириб ёки ундан фойдаланиб содир этилган ўғирлик жиноятидан фарқлашда шуни назарда тутиш лозимки, фирибгарликда жабрланувчи алдов ёки ишончи суиистеъмол қилиниши оқибатида мулкини ёки унга бўлган ҳуқуқни ахборот технологияларидан фойдаланиб айбдор эгалигига ихтиёрий равишда ўтказади, бунда мулк ўз эгалигидан чиқиб кетаётганлигини жабрланувчи англаган бўлиши керак.

Агар шахс компютер техникаси ёрдамида қалбаки ҳужжат тайёрлаб, сўнгра ундан мулкни қўлга киритиш учун фойдаланган бўлса, қилмишни ЖК 168-моддаси учинчи қисми “г” банди билан квалификация қилиб бўлмайди.»

Ўзбекистон Республикаси Олий суди Пленумининг «Фирибгарликка оид ишлар бўйича суд амалиёти тўғрисида»ги қарорининг 16-бандида судларга жиноятни тўғри квалификатсия қилиш бўйича муҳим тушунтиришлар берилган. Хусусан, Пленум қарорида фирибгарликни ўғирликдан фарқлаш мезони сифатида мулкнинг топширилиш усули кўрсатилади: агар мулк яширин равишда олинаётган бўлсаўғирлик, агар алдаш йўли билан топширилган бўлсафирибгарлик ҳисобланади. Шунингдек, судлар жиноят содир этилган пайтда шахсда дастлабки ғаразли ният мавжуд ёки мавжуд эмаслигини аниқлаши шартлиги таъкидланади.

Фирибгарликни бошқа жиноятлардан фарқлаш ҳам муҳимдир. Ўғирликда мулк яширин равишда олинади, талончиликда очиқдан-очиқ эгаллаш мавжуд, босқинчиликда эса зўравонлик қўлланилади. Фирибгарликда эса жабрланувчи мулкни ўз хоҳиши билан топширади, бироқ бу хоҳиш алдаш натижасидир. Шу сабабли жиноятнинг содир этилиш усули квалификатсияда асосий мезон ҳисобланади.

Фирибгарликнинг оғирлаштирувчи ҳолатлари Жиноят кодексининг 168-моддаси тегишли қисмларида назарда тутилган бўлиб, кўп миқдорда ёки жуда кўп миқдорда зарар етказиш, такроран содир этиш, бир гуруҳ шахслар томонидан амалга ошириш ёки хизмат мавқеидан фойдаланиш каби белгилар билан тавсифланади. Пленум судларга зарар миқдорини аниқлашда қонунда белгиланган мезонларга қатъий риоя қилишни тавсия этади.

Хулоса қилиб айтганда, фирибгарликнинг айрим махсус турларини квалификация қилишда Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодекси нормалари ҳамда Ўзбекистон Республикаси Олий суди Пленумининг «Фирибгарликка оид ишлар бўйича суд амалиёти тўғрисида»ги қарорида берилган жиноят таркибининг барча элементлари, айниқса дастлабки ғаразли ниятнинг мавжудлиги, содир этиш усули ва жиноятлар мажмуи эҳтимоли чуқур таҳлил қилиниши зарур. Тўғри квалификация жиноят учун адолатли жавобгарликни таъминлаш, фуқароларнинг мулкий ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ва иқтисодий муносабатларнинг барқарорлигини мустаҳкамлашда муҳим аҳамият касб этади.

 

Дилноза Хонбўтаева,

Навоий вилоят суди судьяси

 

Комил Пирматов,

Жиноят ишлари бўйича Учқудуқ туман суди раиси

By admin

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan