Chor. May 27th, 2026

Мазкур мақолада вояга етмаганларнинг гиёҳвандлик воситалари ва психотроп моддалар савдоси билан боғлиқ жиноятлар учун жиноий жавобгарлиги масалалари комплекс тарзда таҳлил қилинади. Шунингдек, жавобгарлик ёши, жиноят таркиби элементлари, реализатсия мақсадини аниқлаш, вояга етмаганларни жиноятга жалб этишнинг оғирлаштирувчи хусусияти ҳамда жазони индивидуаллаштириш тамойиллари ёритилади.

Вояга етмаганлар, гиёҳвандлик воситалари, психотроп моддалар, реализатсия, жиноий жавобгарлик ёши, квалификатсия, жазони индивидуаллаштириш, оғирлаштирувчи ҳолат.

Вояга етмаганларнинг гиёҳванд моддалар савдоси билан боғлиқ жиноятларга жалб этилиши замонавий жиноятчиликнинг энг хавфли кўринишларидан бири ҳисобланади. Бу турдаги жиноятлар нафақат аҳоли саломатлигига, балки ёш авлоднинг маънавий-руҳий ривожланишига ҳам жиддий зарар етказади. Шу сабабли миллий қонунчиликда мазкур соҳада қатъий жиноий жавобгарлик белгиланган. Хусусан, Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 273-моддасида гиёҳвандлик воситалари, психотроп моддалар ёки уларнинг аналогларини қонунга хилоф равишда сотиш, реализатсия қилиш мақсадида тайёрлаш, олиш, сақлаш, ташиш ёки жўнатиш учун жавобгарлик назарда тутилган. Ушбу норма вояга етмаган шахсларга нисбатан ҳам умумий асосларда қўлланилади.

Жиноят ҳуқуқида жавобгарликнинг умумий ёши 16 ёш этиб белгиланган. Демак, 16 ёшга тўлган вояга етмаган шахс гиёҳванд моддалар савдоси билан боғлиқ жиноятлар учун жиноий жавобгарликка тортилиши мумкин. Бироқ жазони тайинлашда вояга етмаганнинг психологик етилмаганлиги, унинг ижтимоий муҳитдаги ўрни, оилавий шароити, тарбиявий таъсир даражаси каби омиллар албатта инобатга олинади.

Мазкур жиноятнинг обектив томони гиёҳвандлик воситаларини реализатсия қилиш ёки реализатсия мақсадида сақлаш, ташиш, тайёрлаш каби ҳаракатларда намоён бўлади. Жиноят формал таркибли бўлиб, реализатсия фактининг ўзи жиноятнинг тугалланганлигини англатади. Субектив томони эса тўғридан-тўғри қасд билан ифодаланади. Вояга етмаган шахс ўз ҳаракатининг ижтимоий хавфлилигини англаб, уни амалга оширишни хоҳлайди. Шу билан бирга, вояга етмаганнинг онг даражаси ва жиноятни тўлиқ англаш қобилияти суд томонидан алоҳида баҳоланади.

Амалиётда энг мураккаб масалалардан бири — реализатсия мақсадини аниқлашдир. Агар гиёҳвандлик воситаси шахсий истеъмол учун сақланган бўлса, қилмиш енгилроқ таркиб билан квалификатсия қилинади. Бироқ сотиш мақсади аниқланса, жиноят оғирроқ модда билан баҳоланади. Реализатсия мақсади модданинг миқдори, қадоқланиш усули, пул маблағларининг мавжудлиги, телефон ёзишмалари, гувоҳларнинг кўрсатмалари ва бошқа далиллар асосида аниқланади. Бу борада Ўзбекистон Республикаси Олий суди Пленумининг “Гиёҳвандлик воситалари, психотроп моддалар ва уларнинг аналоглари билан боғлиқ жиноятлар тўғрисидаги ишлар бўйича суд амалиёти ҳақида”ги қарорида судлардан реализатсия мақсадини фақат тахминларга эмас, балки ишончли ва етарли далилларга асосланиб аниқлаш талаб этилади.

Вояга етмаганларни гиёҳванд моддалар савдосига жалб этиш эса алоҳида оғирлаштирувчи ҳолат сифатида баҳоланади. Агар вояга етган шахс ўз манфаатини кўзлаб вояга етмаганни воситачи ёки ижрочи сифатида ишлатса, бу жиноятнинг ижтимоий хавфлилик даражасини оширади ва оғирроқ жазо тайинланишига сабаб бўлади. Бундай ҳолатларда жиноятни ташкил этган вояга етган шахснинг жавобгарлиги янада кучаяди, чунки у ёш шахснинг тажрибасизлиги ва ҳимоясизлигидан фойдаланган бўлади.

Вояга етмаганларга нисбатан жазони индивидуаллаштириш тамойили алоҳида аҳамият касб этади. Жиноят кодексига кўра, вояга етмаганларга нисбатан жарима, ахлоқ тузатиш ишлари, озодликни чеклаш ёки озодликдан маҳрум қилиш жазолари қўлланилиши мумкин. Бироқ судлар имкон қадар тарбиявий таъсир чораларини қўллашга интилади. Чунки вояга етмаган шахсни узоқ муддатга озодликдан маҳрум қилиш унинг шахс сифатида шаклланишига салбий таъсир кўрсатиши мумкин. Шу сабабли жазони тайинлашда адолат, инсонпарварлик ва индивидуаллаштириш тамойиллари уйғун қўлланилиши зарур.

Суд-тергов амалиётида айрим муаммолар ҳам учраб туради. Хусусан, вояга етмаганнинг жиноятга онгли равишда жалб этилганлигини аниқлаш, реализатсия мақсадини исботлаш, модданинг миқдорини тўғри белгилаш, экспертиза хулосаларига етарлича баҳо бериш каби масалалар мураккаблик туғдиради. Баъзи ҳолларда вояга етмаганлар жиноятнинг ҳақиқий ташкилотчилари эмас, балки фақат воситачи сифатида қатнашган бўлиши мумкин. Шундай вазиятларда уларнинг роли ва айби даражасини тўғри аниқлаш муҳимдир.

Хулоса қилиб айтганда, вояга етмаганларнинг гиёҳванд моддалар савдоси билан боғлиқ жиноятлар учун жиноий жавобгарлиги масаласи мураккаб ва кўп қиррали ҳисобланади. Қонунчилик уларни умумий асосларда жавобгарликка тортишни назарда тутган бўлса-да, жазони белгилашда уларнинг ёш хусусиятлари ва тарбиявий имкониятлари инобатга олинади. Вояга етмаганларни жиноятга жалб этиш эса алоҳида оғирлаштирувчи ҳолат бўлиб, қатъий жавобгарликни талаб қилади. Шу боис мазкур соҳада қонун нормаларини тўғри қўллаш, суд амалиётини бир хилда юритиш ҳамда профилактик чора-тадбирларни кучайтириш ёшлар ўртасида гиёҳвандлик жиноятларининг олдини олишда муҳим аҳамият касб этади.

 

Роҳила Худайбердиева,

Навоий вилоят суди судьяси

 

Комил Пирматов,

Жиноят ишлари бўйича Учқудуқ туман суди раиси

By admin

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan