Sesh. May 26th, 2026

Мамлакатимизда суд-ҳуқуқ соҳасидаги ислоҳотлар жадал равишда давом эттирилмоқда.

Жумладан, жорий йилнинг 30 апрель куни “Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги янги Қонун (ЎРҚ-1142-сон) қабул қилинди.

Қонунга мувофиқ Ўзбекистон Республикасининг Фуқаролик процессуал кодексига киритилган қўшимчаларга кўра, агар даъво баҳоси юридик шахсларга нисбатан БҲМнинг 150 бараваридан, ЯТТларга нисбатан 100 бараваридан, жисмоний шахсларга нисбатан эса 50 бараваридан ошмаса, даъво аризалари бўйича ишлар соддалаштирилган иш юритиш тартибида кўриб чиқилиши лозимлиги белгиланди.

Шу каби, мазкур Қонунга мувофиқ Ўзбекистон Республикасининг Иқтисодий процессуал кодексига ҳам шу мазмунда қўшимчалар киритилиб, унга кўра агар даъво баҳоси юридик шахсларга нисбатан БҲМнинг 150 бараваридан, ЯТТларга нисбатан 100 бараваридан ошмаса, даъво аризалари бўйича ишлар соддалаштирилган иш юритиш тартибида кўриб чиқилиши лозимлиги белгиланмоқда.

Бундан ташқари, Ўзбекистон Республикасининг “Давлат божи тўғрисида”ги Қонуни 9-моддасининг биринчи қисми янги 30-банд билан тўлдирилиб, унга мувофиқ махсус иқтисодий зоналар ва саноат зоналарининг дирекциялари – инвестиция битими бўйича мажбуриятларини бажармаган тадбиркорларнинг ер участкаларини ижарага олиш ҳуқуқини бекор қилиш тўғрисидаги даъво аризалари билан судга мурожаат қилганда, давлат божини тўлашдан озод қилиниши белгиланди.

 

Ҳамидулло САЪДУЛЛАЕВ,

Навоий туманлараро иқтисодий суди судьяси

By admin

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan