Ер мамлакатнинг
муҳим табиий ресурсларидан бири бўлиб, давлат муҳофазасида бўлади. Ер
ресурсларидан оқилона фойдаланиш, уларни асраш ва келажак авлодларга етказиш
ҳар бир фуқаронинг бурчидир. Ўзбекистон Республикасида ер муносабатлари
Конституция, Ер кодекси ҳамда бошқа норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар билан тартибга
солинади.
Сўнгги йилларда
аҳоли сонининг ўсиши, қурилиш ишларининг кенгайиши ва тадбиркорлик фаолиятининг
ривожланиши натижасида ер участкаларидан фойдаланишга бўлган эҳтиёж ортиб
бормоқда. Айрим ҳолларда фуқаролар ёки ташкилотлар ер участкаларини тегишли
рухсатномаларсиз эгаллаб олиш ҳолатларини содир этадилар. Бундай ҳаракатлар
қонун бузилиши ҳисобланиб, маъмурий жавобгарликка сабаб бўлади.
Ер участкасини
ўзбошимчалик билан эгаллаб олиш деганда шахснинг давлат органларининг қарори
ёки қонунчиликда белгиланган ҳуқуқни тасдиқловчи ҳужжатларсиз ердан
фойдаланиши, уни қурилиш ишлари учун эгаллаши ёки ер майдонини ноқонуний
равишда кенгайтириши тушунилади.
Қуйидаги ҳолатлар
ўзбошимчалик билан ер эгаллаш деб баҳоланиши мумкин:
Давлат
захирасидаги ерларни рухсатсиз эгаллаш;
Қўшни ер
майдонининг бир қисмини ўз ҳудудига қўшиб олиш;
Қурилиш ишларини
тегишли ҳужжатларсиз бошлаш;
Ердан белгиланган
мақсадга зид равишда фойдаланиш;
Ер майдони
чегараларини ўзбошимчалик билан ўзгартириш.
Бундай ҳаракатлар
ер муносабатларининг қонуний тартибини бузади ҳамда бошқа шахсларнинг ҳуқуқ ва
манфаатларига зарар етказиши мумкин.
Ўзбекистон Республикасининг
Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексида ер муносабатлари соҳасидаги
ҳуқуқбузарликлар учун жавобгарлик белгиланган. Ер участкасини ўзбошимчалик
билан эгаллаб олиш ҳуқуқбузарлик ҳисобланиб, қонунчиликда белгиланган тартибда
жарима чоралари қўлланилади. 2024 йил 15 ноябрдаги ЎРҚ-997-сонли Қонун билан
жазо чоралари кучайтирилган бўлиб, ҳозирги кунда кадастр идоралари томонидан
ўзбошимчалик билан эгалланган ер участкасида қурилиш ишларини амалга оширганлик
учун фуқароларга БҲМнинг 200 баравари ва мансабдор шахсларга эса БҲМнинг 400
баравари миқдорида жарима жазолари қўлланилмоқда.
Маъмурий
жавобгарликнинг асосий мақсади ҳуқуқбузарни жазолаш эмас, балки келгусида
шундай қонунбузарликларнинг олдини олишдан иборат. Шунингдек, ердан фойдаланиш
соҳасида қонунийликни таъминлаш ҳам муҳим аҳамиятга эга.
Суд амалиётида ер
участкаларини ўзбошимчалик билан эгаллаб олишга оид ишлар тез-тез учраб туради.
Бундай ишлар одатда қуйидаги ҳолатлар билан боғлиқ бўлади:
1. Ноқонуний
қурилиш
Фуқаро тегишли
рухсат олмасдан давлат ер майдонида уй ёки савдо шохобчаси қуриши мумкин.
Текширув давомида мазкур ҳолат аниқланса, ҳуқуқбузарга нисбатан маъмурий чора
кўрилади.
2. Қўшни ер
майдонини эгаллаб олиш
Айрим ҳолларда
шахслар ўз томорқасини кенгайтириш мақсадида қўшни ернинг бир қисмини девор
билан ўраб оладилар. Бу ҳолат ҳам ўзбошимчалик билан ер эгаллаш деб баҳоланади.
3. Давлат захираси
ерларидан фойдаланиш
Тегишли қарор ва
ҳужжатларсиз давлат захираси ерларида деҳқончилик қилиш ёки қурилиш ишларини
амалга ошириш қонунчилик талабларига зид ҳисобланади.
Ерларни
ўзбошимчалик билан эгаллаш қатор салбий оқибатларга олиб келади:
Ер ресурсларидан
самарасиз фойдаланиш;
Давлат ва жамият
манфаатларига зарар етказиш;
Ер ҳисобини
юритишда муаммолар келиб чиқиши;
Қўшнилар ўртасида
низолар пайдо бўлиши;
Қурилиш ва
шаҳарсозлик талабларининг бузилиши.
Шу сабабли давлат
органлари томонидан ердан фойдаланиш устидан доимий назорат олиб борилади.
Ер участкаларини
ўзбошимчалик билан эгаллаб олиш қонунчиликка зид ҳаракат ҳисобланади. Бундай ҳуқуқбузарликлар
ер муносабатларининг барқарорлигига салбий таъсир кўрсатади ва давлат ҳамда
жамият манфаатларига зарар етказиши мумкин. Шунинг учун ҳар бир фуқаро ердан
фақат қонунчиликда белгиланган тартибда фойдаланиши лозим. Ер ресурсларини
муҳофаза қилиш ва улардан оқилона фойдаланиш мамлакат тараққиётининг муҳим
омилларидан бири ҳисобланади.
Дилобар Эргашева,
Жиноят ишлари
бўйича Зарафшон шаҳар суди тергов судьяси