“Коррупция – давлат
тараққиётига тўсиқ бўладиган, адолат ва қонун устуворлигини издан чиқарадиган,
жамиятда ишонч муҳитини заифлаштирадиган энг жиддий таҳдид. Коррупцияга йўл
қўйиш эса ислоҳотларимизга хиёнатдир! Бу иллатга қарши курашиш бўйича 2026 йилда
“фавқулодда ҳолат” эълон қиламиз”. Бу фикрлар давлатимиз раҳбарининг 2025 йил 26 декабрда Олий Мажлис
ва Ўзбекистон халқига тақдим этган Мурожаатномасида таъкидланди.
Аслида, Ўзбекистон
Президенти бу иллатга нисбатан
ўзининг ўта танқидий муносабатларни доимий равишда билдириб келмоқда.
Бинобарин, мамлакатимизда коррупцияга қарши курашиш давлат сиёсатининг энг
устувор вазифаларидан ҳисобланади.
Хусусан, Президентимиз ўз ваколатига
киришишар экан, 2017 йил
3 январда энг биринчи бўлиб “Коррупцияга қарши курашиш тўғрисида” ги қонунни
имзолаганди. Ушбу Қонун билан мазкур иллатга қарши курашишнинг асосий
принциплари белгиланди.
Бу принциплар қонунийлик, фуқаролар
ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларининг устуворлиги, очиқлик ва
шаффофлик, тизимлилик, давлат ва фуқаролик жамиятининг ҳамкорлиги,
коррупциянинг олдини олишга доир чора-тадбирлар устуворлиги, жавобгарликнинг
муқаррарлигидан иборат.
Қонунда, шунингдек, коррупцияга қарши
курашиш соҳасидаги давлат сиёсатининг асосий йўналишлари ҳам белгилаб берилди.
Бу ўринда, хусусан, аҳолининг ҳуқуқий онги ва ҳуқуқий маданиятини юксалтириш,
жамиятда коррупцияга нисбатан муросасиз муносабатни шакллантириш, давлат ва
жамият ҳаётининг барча соҳаларида коррупциянинг олдини олишга доир
чора-тадбирларни амалга ошириш, коррупцияга оид ҳуқуқбузарликларни ўз вақтида
аниқлаш, уларга чек қўйиш, уларнинг оқибатларини, уларга имкон берувчи сабаблар
ва шарт-шароитларни бартараф этиш, коррупцияга оид ҳуқуқбузарликларни содир
этганлик учун жавобгарликнинг муқаррарлиги принципини таъминлаш масалалари
ҳақида сўз бормоқда.
Ўз навбатида, 2024 йил 5 июнда давлатимиз
раҳбари томонидан “Манфаатлар тўқнашуви тўғрисида”ги қонун имзоланди. Ушбу Қонун
2024 йил 6 декабрдан кучга кирган бўлиб, унда мамлакатимизда коррупциянинг бир
кўриниши бўлган манфаатлар тўқнашувининг олдини олиш ва тартибга солишнинг
ҳуқуқий асослари мустаҳкамлаб қўйилди.
Энг эътиборли ва муҳим жиҳатлардан бири,
барча соҳалар қатори мамлакатимизда суд-ҳуқуқ тизимини ислоҳ қилиш, одил
судловга бўлган ишончни мустаҳкамлаш, судлар фаолиятида очиқлик ва қонунийликни
таъминлаш бўйича изчил ишлар амалга оширилмоқда.
Шу билан бирга, суд тизимида коррупциявий
хавф-хатарларни барвақт аниқлаш, манфаатлар тўқнашувининг олдини олиш ва
ходимларнинг касбий масъулиятини юксалтириш муҳим вазифа бўлиб қолмоқда.
Бу борада нафақат судьяларнинг, балки
қарийб 4,8 минг нафарга яқин суд аппарати ходимларининг ҳалол ва пок фаолият
юритиши ҳам доимий эътиборда бўлиши лозим.
Шу мақсадда Президентимиз томонидан 2026
йилнинг 8 июнь куни «Судларда комплаенс назорат тизими самарадорлигини
оширишнинг қўшимча чора-тадбирлари тўғрисида»ги ПФ-106-сон Фармони қабул қилинди.
Аҳамиятлиси мазкур Фармон аҳолининг суд
ҳимоясида бўлиш кафолатларини янада кучайтириш, судларда коррупциявий
хавф-хатарларни аниқлаш ва баҳолашнинг профессионал тизимини жорий этиш,
шунингдек, суд тизимида 2026 йилда коррупцияга қарши курашиш бўйича эълон
қилинган “фавқулодда ҳолат”дан келиб чиқадиган вазифаларнинг самарали ва ўз
вақтида амалга оширилишини таъминлаш учун қабул қилинган.
Судларда коррупциявий хавф-хатарларни
аниқлаш ва баҳолаш, замонавий комплаенс назорат тизимини жорий этиш орқали
коррупцияни келтириб чиқарувчи омилларни барвақт бартараф этиш, суд аппарати
ходимларини ишга қабул қилиш жараёнини шаффоф тартиб-таомиллар ва очиқ танловга
асосланган тарзда ташкил этиш, уларнинг салоҳияти, иқтидори, касбий сифатлари
ҳамда алоҳида хизматларини одилона ва ҳаққоний баҳолаш (меритократия) асосида
касбий ўстириш, суд тизимига жамоатчилик ишончини мустаҳкамлаш ва суднинг
нуфузи ва обрўсини ошириш, суд органларини Янги Ўзбекистонни барпо этиш
йўлидаги ислоҳотларнинг кўмакчисига айлантириш Фармоннинг асосий мақсадлари
этиб белгиланган.
Шунингдек, мазкур Фармон билан суд аппарати
ходимлари орасида коррупциянинг олдини олиш учун суд тизимининг мавжуд бошқарув
штат бирликлари доирасида суд аппарати ходимлари орасида коррупциянинг олдини
олиш, шу жумладан, манфаатлар тўқнашуви ҳолатларини аниқлаш ва тартибга солиш
учун масъул бўлган Комплаенс назорат хизматини ташкил этиш белгиланган.
Албатта, ушбу норматив-ҳуқуқий ҳужжатларнинг
қабул қилиниши мамлакатимизда, хусусан суд-ҳуқуқ тизимида коррупцияга қарши
курашишнинг таъсирчан самарали механизмни яратишга ва натижадорлигини оширишга,
давлат хизматини амалга оширишда манфаатлар тўқнашувига йўл қўймаслигига хизмат
қилади.
Шу билан биргаликда, алоҳида таъкидлаш
ўринлики, бу жабҳада ҳақиқий натижага эришиш ва мавжуд Қонунларимизни
устуворлигини таъминлаш учун юртимиздаги ҳар-бир фуқаро бу иллатга ўта салбий
ва муросасиз муносабатда бўлиши, авваламбор ўзи бундай салбий муносабатларни
юзага келтирмаслиги, юзага келган вазиятларда эса бу ҳақда ҳуқуқни муҳофаза
қилувчи органларга дарҳол хабар бериши лозим бўлади.
Чунончи, коррупция бор жойда адолат ва
ривожланиш бўлмайди, у тараққиёт ва жамиятнинг кушандаси, унга нисбатан
барчамиз “ҳалоллик вакцинаси” билан эмланиб бир вақтда ва баравар қарши
курашишимиз лозим.
Зеро, Президентимиз таъбири билан айтганда
жамиятимизнинг барча аъзолари “ҳалоллик вакцинаси” билан эмланмас экан, ўз
олдимизга қўйган юксак марраларга эриша олмаймиз.
Беҳзод Шерматов,
Навоий вилоят суди судьяси
Баходир Бабақулов,
Навоий вилоят суди судьяси